Пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари теннис мактабида теннис бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон кубоги баҳслари бошланди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 15 жамоа 4 гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақалашишмоқда. Низомга кўра, эркаклар ва аёллар яккалик баҳслари ҳамда микст учрашувлари ёрдамида ғолиблар номи аниқланади. Гуруҳда 1-ўринни қўлга киритган жамоалар ярим финал ва финал баҳсларида кубок учун кортга чиқишади.

Кеча дастлабки кун беллашувлари ўтказилди. Унда сирдарёлик ракетка усталари бухороликларга имкониятни бой берган бўлса, Хоразм вилояти жамоаси Қашқадарё теннисчиларини мағлуб этишди. Навоийликлар фарғоналиклар тўсиғидан ўта олишмаган бўлса, Сурхондарё вилояти вакиллари Тошкент вилояти теннисчилари устидан зафар қучишди. Худди шунингдек, Тошкент-2 жамоаси наманганликларни, Андижон вилояти теннисчилари Самарқанд вакилларини, қорақалпоғистонликлар жиззахлик рақибларини доғда қолдиришнинг уддасидан чиқишди.

Кубок беллашувлари эндигина бошланганини ҳисобга олсак, асосий кураш ҳали олдинда эканлиги ойдинлашади. Гуруҳларда сўнгги тур баҳслари шиддатли ва кескин кечиши табиий. Биз эса мусобақа натижаларидан воқиф этиб борамиз.

Ғолиблар 15 ноябрь куни маълум бўлади.