Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм

"Лазарет" терма жамоаси

Баҳо:
+ | -

Янги футбол мавсуми стартида, кўплаб футбол клублари тақвим тиғизлиги туфайли муаммоларга дуч келмоқда. Гранд жамоаларнинг етакчи футболчилари, ҳам ички чемпионатлар, ҳам халқаро майдондаги иштирок, устига-устак миллий терма жамоанинг йиғинларига жалб этилаётганлиги, жисмоний имкониятларни чеклаб, жароҳатлар орттириб олинишига сабаб бўлмоқда. Қуйида, айни пайтда “лазарет“да бўлган футболчилардан иборат терма жамоани тақдим этамиз.

Дарвоза

Ян Облак(Атлетико Мадрид)

Шундоғам тизғиз бўлиб турган тақвимда ФИФА кунлари футболчилар учун қўшимча юкламаларни юклаши табиий. Бундай вазиятларда энг муҳими жисмоний кучни тўғри тақсимлай олиш. Аммо, қанчалик эҳтиёткорликка амал қилинмасин, бир қанча футболчилар терма жамоа йиғинларида жароҳат, Ковид-19 ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли сафдан чиқишмоқда. Шундай футболчилардан бири, Ян Облак. Дарвозабон, Косовога қарши ўйинни ўтказиб юборди. Боисики, унинг елкасидаги эски жароҳати яна қўзғаган. Эртага Словения терма жамоаси Греция термасига қарши ўйин ўтказади. Посбоннинг ушбу баҳсдаги иштироки эса, сўроқ остида. 22 ноябрда "Атлетико Мадрид" “Барселона“ билан тўқнаш келади. Облак, жорий мавсум ўзи иштирок этган 10 ўйиндан 5 тасида дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб, “қуруқ ўйин“ ўтказган.

Ҳимоя

Вирджил ван Дейк( Ливерпуль)

Бош мураббий Юрген Клоп Пример лиганинг 5 туридан ўрин олган мерсисайд дербисида, ҳимоя қўрғонининг асосий вакили Вирджил ван Дейкни йўқотди.

Бунгача мутахассис, Фабиньо ва Тьяго Алкантаранинг хизматларидан ҳам фойдалана олмаётган эди. Футболчи “Эвертон“ дарвозабони Жордан Пикфорд билан тўқнашувдан кейин, заҳирага олинди. Учрашувдан сўнг, жароҳатнинг жиддийлиги маълум бўлди. Кейинчалик, тизза пайларидаги муаммо сабабли жарроҳлик столига ётган Вирджил, айни пайтда тикланиш жараёнини ўтказмоқда. АПЛ га тақдим этилган умумий қайдномадан ўчирилган футболчининг қачон сафга қайтиши аниқ эмас. Нидерландиялик ҳимоячи 2018 йил, қишки трансферлар ойнасида 84 миллион евро эвазига “Ливерпуль“ таркибига келиб қўшилган. Шундан буён у “мерсисайд“ сафида 130 учрашувда майдонга тушиб, 13 та гол ва 6 та ассист қайд этган. Қисқа муддат ичида жамоаси билан чемпионлар лигаси, УЕФА суперкубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва АПЛда ғолиб чиққан футболчисиз, “Ливерпуль“ жами 6 та ўйин ўтказиб бирортасида мағлуб бўлмади ва ўз дарвозасидан 3 та тўп олиб чиқди.

Тило Керер(ПСЖ)

Айни пайтда таркибнинг 10 дан зиёд футболчиси шифохонада бўлган ПСЖ яна бир муҳим футболчисини йўқотди. “Лига 1“нинг 10 туридаг ўрин олган баҳсда “Ренн“ни қабул қилган парижликлар ҳимоячиси, сон мушакларидан жароҳат орттириб олган ва шу сабабли 3-4 ойни ўтказиб юбориши айтилди.

2 йил аввал Германиянинг “Шальке-04“ жамоасидан 37 миллион евро эвазига харид қилинган ҳимоячи жорий жамоаси либосида жами 62 ўйинда майдонга тушиб, 2 гол ва 2 голли узатма узатишга муваффақ бўлган. Тома Минье ҳамда Тиаго Силвалар жамоани тарк этганидан сўнг, мудофаа чизиғида асосий фигуралардан бирига айланган Кере, жорий мавсум парижликлар сафида 4 учрашувда майдонда ҳаракат қилган.

Александер-Арнольд(Ливерпул)

Нафақат услуби, балки трансферлар бозори пайтидаги оқилона қарор, харидлари билан ҳам ажралиб турадиган, ортда қолган бир неча йил мобайнида жамоани ўз идеалига айлантира олган германиялик мутахассис учун, айни даврлар қийин кечаётгани аён. Жароҳатлар занжирида навбатдаги боғлам Трент Александер-Арнольд бўлди. У миллий биринчиликнинг "Манчестер Сити"га қарши кечган, 8 тур баҳсида сон мушаклари шикастланиши оқибатида жараҳот олди. Кейинчалик, футболчининг сафдан чиққанлиги маълум бўлди.


22 ёшли, асли "Ливерпуль" тарбияланувчиси ҳисобланган Трент, асосий жамоага ўтганидан сўнг умумий 145 та ўйинда майдонда ҳаракат қилиб, 8 голга муаллифлик қилган. Англиялик ҳимоячи Клоп жамоасида нафақат ҳимоя даҳлсизлигини сақлаш, балки ҳужум ташкил этишда ҳам муҳим фигура саналади. Шу пайтгача унинг, маромига етказиб амалга оширган узатмаларидан 38 таси голга айланган. “Қизиллар“ осмонига қора булутлар қопланяпти чоғи, 2 асосий ҳимоячи кетидан Джо Гомес ҳам шифохонага йўл олди. Футболчи, миллий терма жамоа йиғинларида жиддий жароҳат олган ва бир неча ойга сафдан чиққанлиги маълум бўлган. Камига, Эндрю Робертсон хам Шотландия термасида жароҳат олган. Муҳаммад Салаҳ эса, ковид-19 туфайли карантинга олинган.

Альфонсо Девис(Бавария)

Ортда қолган футбол мавсумида фурор кўтарган “Бавария“нинг ҳар бир аъзоси энг яхшилар қаторида эътироф этилди. Улардан бири шубҳасиз, Альфонсо Девис. Ўтган мавсум “Бундеслига“нинг энг яхши ёш футболчиси номига сазовор бўлган йигит, Германия чемпионатининг 5 тури доирасида, “Айнтрахт“ билан ўйинда ўнг тўпиғидан жароҳат олди ва 6-8 ҳафта жамоасига ёрдам беролмаслиги ойдинлашди. Чемпионлар лигасида ғалаба қозонган илк канадалик, бугунгача 54 учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол, 10 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган. Айни пайтда, 20 ёшли ҳимоячининг позициясини, бироз тажрибалироқ бўлган Люка Эрнандес эгаллаганлиги боис, бу масала Флик режаларига ҳалақит бермас, балки. Лекин, Альфонсонинг чап қанотдан уюштирадиган рейдлари ҳар доим, ҳар қандай рақиб учун хавф туғдира оларди.

Аарон Ремзи(Ювентус)

Ўтган йилнинг ёзида, “Арсенал“даги шартномаси якунига етиб, “Ювентус“ сафига келиб қўшилган, жорий мавсум 6 ўйинда майдонга тушиб, 1 та ассист қайд этган Аарон Ремзи ҳозирча, туринликларнинг асосий таркибидан муқим ўрин эгаллай олганича йўқ. Аммо, табиийки, унинг ортда қолган фаолияти, натижалари ҳамда майдонда яхши ижодкор эканлигини ҳисобга олиб, Андреа Пирло жамоасининг муҳим футболчиларидан бирига айланишига ишонч билдириш мумкин. Миллионлар ўйини оламида “биллур футболчилар“ сирасига кирадиган Ремзи чемпионлар лигасининг 3 турида “Ференцварош“ га қарши кечган баҳсда жароҳат олди. Тиббий текширувлардан сўнг унинг ўнг сон мушакларида шикастланиш борлиги маълум бўлди. Футболчи айни пайтда тикланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Уэльслик ярим ҳимоячи “бьянконери“ сафида жами 41 учрашув ўтказган ва 4 та гол, 2 та голли узатмани ўзига расмийлаштирган.

Йозуа Киммих(Бавария)

Ажойиб сермаҳсуллик намойиш этаётган "немис машинаси"нинг моторига айланиб улгурган хавбек, “Бундеслига“нинг 7 тури доирасидаги “дер классикер“да рақиби Эрлинг Холандни тўхтатиб қолиш вақтида эҳтиётсизликка йўл қўйди ва жиддий жароҳат орттириб олди. 25 ёшли ҳимоячи бугунги кунда, майдонда универсал футболчи мақомида. У орқа чизиқда ҳам, ярим ҳимоя ва ҳужумга яқин ҳудудда ҳам ўз ишини маромига етказиб бажара олади. Яна бир персонал хусусияти, тактик жиҳатдан қийин ўтаётган ўйиннинг кечишини, биргина ҳаракати, гол ёки ассисти билан жамоаси фойдасига ўзгартириб юборишга қодир. Олмон футболчисининг “Бавария“даги фаолияти мобайнида жами 233 ўйинда майдонга тушиб, 27 гол ҳамда 64 та муваффақиятли узатмага муаллифлик қилган. Жорий мавсумда эса Йозуа, 11 ўйинда майдонда ҳаракат қилиб, рақиблари дарвозасига 3 тўл йўллаган ва 7 марта шерикларига қулай имконият яратиб берган.

Федерико Вальверди(Реал Мадрид)

Кастилядан етишиб чиққан иқтидор эгаси, яқин йиллар мобайнида, Зидан қўл остида яхшигина ўйин тажрибаси орттириш баробарида, қироллик клубидаги муносиб ўрнига ҳам эга бўлиб улгурган. 22 ёшли яримҳимоячи таянч ҳудудида, баъзида эса сўнгги ҳимоячи рўлида ишончли ўйин намойиш этиш билан бирга, жамоасининг ҳужумларига самарали қўшилиб кета олади. Марказда, қойилмақом узатмалар амалга оширадиган футболчилар билан елкама-елка тўп тепаётган уругвайлик, голли пасларни ҳам маромига етказиб узатади. Керакли вазиятда тўпни назорат қилиш кўникмаси ҳам анча шаклланган. Футболчи “Реал Мадрид“ ЛаЛиганинг 9 тури доирасида “Мисталия“да “Валенсия“ меҳмони бўлганида жароҳат олиб сафдан чиққан ва тиббий текширувларга кўра, ўнг оёқ кафт суякларининг мажақланиши кузатилган. Ушбу вазият сабаб у, бир неча ойни ўтказиб юбориши мумкинлиги айтилган. Феде Вальверди жорий мавсум, умумий 11 та ўйинда ҳаракат қилиб, 3 та гол, 1 ассиситни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

Неймар(ПСЖ)

ПСЖнинг энг асосий икки ҳужум вакилидан бири Неймар ЕЧЛ гуруҳ босқичининг 2 турида “Истанбул Башакшеҳир“га қарши кечган баҳснинг биринчи бўлимида жароҳат олиб майдонни тарк этди. Оёқ мушаклари билан боғлиқ жароҳат сабаб бразилиялик ҳужумчи зич тақвимдан иборат бир неча учрашувни ўтказиб юбормоқда. Шунингдек у ҳозирча терма жамо йиғинларига ҳам жалб этилгани йўқ. “Пентакампионе“ сафида энг кўп гол уриш борасида Роналдо(62 гол)ни ортда қолдириб, Пеле(77 гол)дан кейин 64 та гол билан иккинчи ўринга кўтарилиб олган Неймар, ушбу мавсум ўзи ҳаракат қилган 6 учрашувда 2 та гол ва 4 та голли узатма қайд этган. Париж жамоаси шарафини ҳимоя қилишни бошлагандан буён эса жами 91 ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 72 та тўп киритган, 45 маротаба шерикларига муваффақиятли узатма амалга оширган.

Ансу Фати(Барселона)

Яқин 2 йилликда энг яхши “топилма“га айланган, Каталония клубининг ёрқин келажаги дея эътироф этилаётган, ўз ёш тоифасида бир қанча, жумладан: “қизил фурия“ таркибида ҳамда ЕЧЛ да гол урган, шунингдек ЛаЛигада “дубл“ қайд этган энг ёш футболчи сифатида рекордларни янгилаб ташлаётган 18 ёшли "вундеркинд"га кўз тегди чоғи, футболчи ички чемпиоантнинг 9 тури доирасида кечган “Реал Бетис“га қарши баҳсда чап тиззасидан жароҳат олди. Жарроҳлик амалиётини ўтказган, Аннсумане, “Голден Бой“ мукофоти учун даъвогарлик қилаётган рақобатчиси Альфонсо Девис сингари бир неча ойни, майдонда ташқарида ўтказиши айтилган.
Испаниялик иқтидор соҳиби жорий мавсум умумий 10 та учрашув ўтказиб, 5 та гол ва 4 та голли пасни ўз номига расмийлаштирган.

Даниэл Ингз(Саутгемптон)

Англиялик футболчи Премиер лиганинг энг маҳсулдор ҳужумчилари сирасига киради.
Ортда қолган мавсумда, АПЛ доирасидаги 38 та ўйинда 22 та гол урган футболчи, ўтган мавсум стартидан буён жамоасининг 41.1% голларида иштирок этмоқда. Ингз, миллий биринчиликнинг 7 турида “Астон Вилла“га қарши баҳсда тиззасидан жароҳат олди. Кейинчалик бош мураббий Ральф Хазенхюттль унинг 6 ҳафтага сафдан чиққанлигини тасдиқлади. 28 ёшли форвард ушбу мавсум 7 учрашувда ҳаракат қилди. Бу ўйинларда 5 та гол ва 2 та муваффақиятли узатма қайд этиб, 16 очко тўплаган “Саутгемптон“нинг турнир жадвалида 4 ўринда боришини таьминламоқда.

Дадажон Фозилжонов тайёрлади

Киритилди: 18:13, 18.11.2020.
Ўқилди: 5229 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.