“Андижон” – “Машъал” жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин одатга кўра бош мураббийлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Мезбонлар устози Отабек Ғуломхўжаев учрашув таассуротлари ҳақида қуйидагиларни айтди:
— Бу учрашувга тайёргарлик кўришимиз учун 14 кун вақтимиз бор эди. Биринчи мақсадимиз футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини яхшилаб олиш эди. Тўғриси, биз бироз бошқача ўйинга ҳозирлик кўргандик. Кўрдинглар, кечадан бошлаб ёмғир ва қор ёғди. Максимал даражада ўйинга тузган режамизни амалга оширишга ҳаракат қилдик. Бундай ҳавода ва майдонда тўп суриш қийин. Биз нафақат футбол билан, балки майдон билан ҳам курашдик.
— Ўйин худди дурангга қараб кетаётгандек эди. Қолаверса, бу сизнинг Суперлигадаги дебютингиз эди. Учрашув охирларида гол урилишига қандай реакция билдирдингиз?
— Ҳа, буни инобатга олиш керак. Менинг Суперлигадаги дебютим муваффақиятли чиқди. Барибир ўйин охирларида ҳам хотиржамлик бор эди. Тайёргарлик борасида ҳам йигитлар билан ҳаммасини гаплашиб олгандик. Уларнинг менга, менинг эса уларга бўлган ишончимиз уйғонганди. Кетма-кет мағлубиятлар сабабли турнир жадвалида қандай аҳволдалигимизни кўриб турибсизлар. Қаҳрамон Баҳодиров билан учрашувдан аввал гаплашганимда 30 дақиқагача тайёр бўламан деб айтганди. Мелиев иккаласи майдонга тушгач, ҳужумларимимиз янада кучайди. Мураббий сифатида буни ҳис қилгандим.
— Баҳодиров ҳужумчи бўлмаса-да, захирадан майдонга тушгач, фақат олдинги чизиқда тўп сурди...
— Ўзи ҳам “Машъал”да тўп сурган. У рақиб ҳимоячиларини ҳам яхши биларди. Мелиев билан Баҳодиров ўйинга қўшилгач, тактик режаларни ҳам ўзгартирдик.