2020 йилги мавсумнинг сўнгги учрашувини Бекободнинг “Металлург” жамоаси сафарда – Муборак шаҳрида “Машъал” жамоасига қарши ўтказади. Мазкур ўйин ушбу жамоаларнинг ўзаро 32-учрашуви бўлади.
Ортда қолган 31 та баҳсдан кейин кичик устунлик “Машъал” жамоасида томонида. Муборакликлар 14 та ўйинда, бекободликлар эса 10 та учрашувда ғолиб бўлишган. 7 та ўйин дуранг натижа билан тугаган. Тўплар фарқи – 50:45, “Машъал” фойдасига. Ўзаро ўйинларда “Машъал” 49 очкони, “Металлург” эса 37 очкони қўлга киритган.
“Металлург”нинг ўзаро ўйинларда қозонган энг йирик ғалабаси – 6:0 га тенг. “Машъал”да бу кўрсаткич 5:1 бўлиб турибди. Бу йилги мавсумнинг биринчи давра учрашувини мазкур жамоалар нейтрал майдон – ЖАР стадионида ўтказишди ва унда бекободликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Мурод Бобожонов ҳамда Саламат Қуттибоевларнинг киритган голларига Ҳумоюн Муртозоев битта тўп билан жавоб қайтарганди.
Муборакда бўлиб ўтган сўнгги бешта учрашув:
10.03.2017 “Машъал” – “Металлург” – 1:0
11.03.2016 “Машъал” – “Металлург” – 1:3
15.08.2015 “Машъал” – “Металлург” – 1:1
21.06.2014 “Машъал” – “Металлург” – 3:1
24.03.2012 “Машъал” – “Металлург” – 2:1
“Машъал” ҳақида
Муборак шаҳрининг “Машъал” футбол клубига 1982 йилда асос солинган. Клубнинг биринчи номи “Факел” бўлган. Уй учрашувларини Муборак шаҳридаги Баҳром Вафоев номидаги стадионда ўтказади. Мамлакат миллий чемпионатида 1995 йилдан танаффуслар билан иштирок этиб келаяпти. Жамоа 2005 йилда энг яхши натижасини қайд этиб, мамлакат вице-чемпиони бўлган. 2007 йилда эса клуб бронза медалига сазовор бўлган. Жамоа 2006 йили Ўзбекистон кубогининг финалига чиққан. ОФК чемпионлари лигасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя этган.
“Машъал” бугунгача олий лига мусобақаларида жами 512 та учрашув ўтказган: 208 та ғалаба, 211 та мағлубият, 93 та дуранг. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи – 649:691.
“Машъал”нинг чемпионатларимиздаги энг йирик ҳисобдаги ғалабаси – 6:1 (30.10.2009 – “Қизилқум”, 15.08.2014 – “Андижон”). Энг йирик ҳисобдаги мағлубияти – 0:8 (28.10.1995 – “Навбаҳор”).