Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

ЖЧ саралаш қуръаси тўғрисида мураббийлар фикрлари

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, кеча Жаҳон чемпионати учун саралаш босқичларининг Европа қитъаси бўйича роундларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Жамоалар ва гуруҳлар тақсимоти бўйича батафсил маълумотларни олдинги саҳифаларимиз орқали тўлиқ баён этдик. Ушбу маросим юзага келган пандемия шароити туфайли ёпиқ шаклда ўтказилганлиги учун унда бир қатор тарихий шахслар ва машҳур юлдузлар иштирок эта олмади. Лекин онлайн жараён якунига етгач, баъзи бир терма жамоа бош мураббийлари қуръа ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифалари орқали баён этишди. Биз эса уларнинг фикрлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Дидье Дешам (Франция)


«Мен айни ҳақиқатни айтишга мажбурман. Гуруҳдаги яққол фаворит Франция бўлиб турибди. Турли хил эйфориялар ўзингизни бошқалардан устун ҳисоблашингизга туртки бўлади. Худди шу нарса сиз учун минус тарафга ҳам хизмат қилиб қолиш мумкин. Лекин биз шуни унутмаслигимиз керакки, бу фақат қоғозда акс этиб турган нарса холос. Ёки мухлисларнинг хаёлидаги оддий тахмин бўлиши ҳам мумкин. Бироқ биз ўз устунлигимизни амалдаги ўйинларда максимал тарзда исботлашимиз керак. Менда эса бунинг учун етарли даражада ресурс бор».

«Д» гуруҳи: Франция, Украина, Финляндия, Босния ва Герцеговина, Қозоғистон

 

Ян Бараклаф (Шимолий Ирландия)


«Биз учун бу ерда битта плюс тараф – бешталик гуруҳдан жой олганимиз. Лекин гуруҳимиздаги терма жамоалар савияси, услуби ва фалсафасини умуман турлича тартибда баҳолаш мумкин. Аввало, шарқий Европа минтақасидан иккита жамоага тўқнаш келамиз ва бу биз учун жиддий синов, улар билан кўп ҳам ўйнамаганмиз. Ҳар қандай қийинчиликка тайёр туришимиз керак. Швецария ва Италиянинг ўйин услубидан эса бироз бўлсада хабардормиз, 3 йил аввал плей-офф босқичида ўзаро тўқнаш келганмиз. Мухлисларимиз бизга ҳозирданоқ юқори ишонч билдиришмоқда ва ўйлайманки, биз буни оқлаймиз. Олдимизда ҳали узоқ муддатли икки йил бор ва унгача ҳаммаси умуман ўзгариб кетиши мумкин. Мартгача кутамиз».

«C» гуруҳи: Италия, Швейцария, Шимолий Ирландия, Болгария, Литва

 

Роберто Манчини (Италия)


«Ҳозир кўпчиликдан бир хил фикр янграмоқда. Улар бу ерда Италия ва Швецария ўртасида асосий кураш кечади деб ҳисоблашмоқда. Албатта, бунга қўшилган бўлардим, биринчи ва иккинчи саватча ғолиблари ўртасидаги ўйин ҳар қанақасига ҳам шиддатли ўтиши турган гап. Ўз навбатида мен ҳам Швецарияни биз учун қулайроқ рақиб деб ҳисоблайман. Географик жиҳатдан ҳам жойлашув анча яқин ва чарчоқ аломатлари камроқ бўлиши мумкин. Шимолий Ирландия қоғозда балки Швецариядан кучсизроқ кўринар, лекин бу ерда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Ҳатто, Болгария ҳам кутилмаган совға тайёрлаб қўйган бўлса ажаб эмас».

«C» гуруҳи: Италия, Швейцария, Шимолий Ирландия, Болгария, Литва

 

Луис Энрике (Испания)


«Саралаш терма жамоаларга берилган шундай имкониятки, сен қисқа давр мобайнида ўз рақибларинг салоҳиятини тезроқ синтез қилиб олишинг талаб этилади. Чунки уларга кейинчалик катта мундиалларда ёки бўлмасам, кейинги саралашларнинг ўзидаёқ қайта тўқнаш келишинг эҳтимоли бор. Биз ҳам айни пайтда ўз рақибларимизни қолганларга қараганда кўпроқ таниб оламиз. Ҳозир уларнинг даражасига тўхталиб ўтишимнинг пайти эмас. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Мен шунчаки янги авлод билан Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятим борлигидан хурсандман, бу ажойиб».

«Б» гуруҳи: Испания, Швеция, Греция, Грузия, Косово

 

Франк де Бур (Нидерландия)


«Биз ўлим гуруҳидан жой олмадик. Барча таъкидлаётган фикрга қўшиламан, биринчи саватчадаги жамоаларда озроқ бўлсада устунлик кўрсаткичлари мавжуд. Бу ерда Туркия ва Норвегиянинг ҳал қилувчи босқичга чиқиш учун имкониятларини юқори баҳолаган бўлардим. Туркияда янги ёш авлод шаклланиб келмоқда. Норвегия эса Ҳоланд ва Эдегор каби футболчилари орқали исталган жамоага қийинчилик туғдира олади. Буни улар амалда бир неча марта исботлашди ҳам. Черногория ва Латвия эса жуда тартибли ўйин кўрсатишади. Лекин, ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда».


«Г» гуруҳи: Нидерландия, Туркия, Норвегия, Черногория, Латвия

 

Роберто Мартинес (Бельгия)


«Уэльс билан ўтадиган баҳслар хавотирга солмоқда. Улар шаклланиш босқичини яхши суратда тугатишди. Тўп билан узоқ муомала қилишни хуш кўришади. Ўз навбатида Чехиянинг охирги пайтларда намойиш этаётган услуби Уэльсникига ўхшаш – прессингга бой футбол, нормал балансли жамоа. Беларус билан эса ҳали бунгача тўқнаш келмаганмиз, шунинг учун бир нима дейишим қийин. Шунингдек, Эстонияни ҳам унутмаслик керак. Улар Россия мундиали учун саралашда бизга жиддий муаммолар яратиб берган. Гуруҳдаги ҳеч бир жамоани паст даражада баҳоламайман».

«Э» гуруҳи: Бельгия, Уэльс, Чехия, Беларусь, Эстония

 

Ян Андерссон (Швеция)


«5 талик гуруҳдан жой олганимиз бизга бир қанча афзалликлар яратиши турган гап. Аввало, бу кўпроқ тайёргарлик кўриш учун қолганларга қараганда қулайроқ имконият. Дарҳақиқат, қизиқ бир гуруҳдан жой олдик. Тақдирни қарангки, яна Испания билан тўқнаш келмоқдамиз. Европа чемпионатида ҳам улар билан ҳали йўлларимиз кесишади ва уларни етарлича ўрганиб чиқдик деб ўйлайман. Бунинг устига мартгача ҳали яна вақтимиз бор».

«Б» гуруҳи: Испания, Швеция, Греция, Грузия, Косово

 

Фернанду Сантуш (Португалия)


«Шубҳасиз, гуруҳда фаворитмиз, агар мабодо ундай бўлмаган тақдирда ҳам биз бу ердан биринчи ўринни олиб чиқишимиз шарт. Бугунги кундаги таркибимиз ва потенциалимиздан келиб чиқиб бизга плей-оффда курашиш ярашмайди. Мен ҳозир мундиалга чиқиш ҳақида ортиқча бош қотирмаяпман, бизнинг олдимизга қўйилган асосий вазифа – Жаҳон чемпионатини ютиш. Зеро, энди мухлисларимиз биздан шуни талаб қила бошлаяпти».

А» гуруҳи: Португалия, Сербия, Ирландия, Люксембург, Озарбойжон

 

Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади

Манба: stadion.uz
Киритилди: 14:13, 08.12.2020.
Ўқилди: 2487 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.