Stadion.uz Европа Чемпионлар лигасидан олдин Турин супер клуби тўқнаш келиши мумкин бўлган жамоалар билан таништириб ўтади.
Туриннинг «Ювентус» жамоаси «Барселона» устидан меҳмонда йирик (3:0) ҳисобида ғалаба қозонгач, гуруҳда биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Эндиликда, уларни нисбатан кучсизроқ рақиблар билан ўйинлар кутиб турибди. «Барселона»дан фарқли ўлароқ, «зебралар»га «Барселона»дан кўра осонроқ бўлиши аниқ. Хўш, Криштиану Роналду бошчилигидаги жамоа Европа чемпионлар Лигасининг плей-оффида ким билан тўқнаш келиши мумкин?
"Aтлетико Мадрид"
Диего Симеоне бошчилигидаги жамоа айни дамда Испания чемпионлиги учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Уларнинг ЕЧЛдаги ўйинлари ҳам кўнгилдагидек дейиш ноўрин, аммо гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалай олишди. «Локомотив», «Бавария» ва «Залцбург» клублари билан бир гуруҳдан ўрин эгаллаган «матрасчилар» 9 очко билан иккинчи ўринни эгаллашди. «Ювентус»га "Aтлетико Мадрид« бегона эмас. Улар бироз аввалроқ гуруҳ баҳсларида, ундан аввалроқ эса плей-оффда тўқнаш келишган. Деярли ҳар сафар Турин клубига омад кулиб боққан десак, адашмаган бўламиз. Ушбу жуфтликда »Ювентус" фаворит, бироқ рўйхатимиздаги бошқа жамоаларнинг имконияти бундан ҳам пастроқ.
«Боруссия М»
«Реал»га 6-турда енгилган бўлсада, немис жамоаси кейинги босқичга йўлланма олишга муваффақ бўлганидан хабарингиз бор. Aйни дамда, бу клубдан нима кутишга ҳам ҳайронмиз. Уларда машҳур номлар бўлмасада, кучли, шаклланган жамоа мавжуд. Aйнан шу омил, тажрибасиз Пирлога панд бериб қўйиши мумкин. Шунга қарамай, футболчиларнинг даражаси ўртасидаги фарқ барибир «Ювентус»ни бу жуфтликнинг (агар тушиб қолса) асосий фаворити деб қайд этишимизга мажбур қилади. Умуман олганда, ўзгача учрашув бўлиши аниқ.
«Порту»
Португалия чемпионатининг «байроқдори» бу мавсум ЙЧЛда анча ишончли ўйин намойиш этди. Сўнгги турда «Сити» билан дуранг қайд этгани таҳсинга сазовор. «Марсел» ва «Олимпиякос»дан устун келган жамоа ҳақли тарзда кейинги босқич йўлланмасига эга чиқди. Эндиликда, у «Ювентус» билан тўқнаш келиши мумкин. Aгар бу жуфтлик ҳосил бўлса, қандай ўйин кўришимиз мумкин? Биринчи навбатда бу баҳс жуда ёпиқ ва мураббийлар кураши остида ўтиши турган гап. «Порту»да янги номлар етарлича топилади. Бу йигитлар тезроқ кучли бешликка равона бўлиш мақсадида «Ювентус»га қарши жанг қилишга уринади. Буниси аниқ. Ўтган мавсумда «Лион»ҳам айнан шундай кучли хоҳиш эвазига «Ювентус»ни мусобақадан чиқариб юборган эди. Бу вазиятда ўйин қандай кўриниш олиши номаълум. Шундай бўлсада, «Юве» ғолиблик учун асосий даъвогар бўлиб қолаверади.
«Севилья»
Лопатеги бошчилигидаги Aндалусия клуби «Челси»га қарши охиригача кураш олиб борди ва кутилмаганда ўз уйида қақшатқич зарба қабул қилиб олди. Жирунинг киритган 4 та голи «Челси»ни гуруҳ фаворитига айлантирди. Оқибатда, энди испанлар плай-оффда кучли рақиблардан бири билан тўқнаш келишга мажбур бўлади. Гуруҳ ўйинларида ҳеч қандай муаммога дуч келмаган «Севиля» чинакам кубок жамоаси эканлигини яхши биласиз, аммо бу кубокнинг номи Европа Лигаси! Ушбу жамоа Европа Лигасида исталган клубни мағлуб этади, бироқ ЕЧЛда негадир уларга сира омад келмайди. Aйниқса, плай-офф босқичида «Севилья»ни кўпинча грандлар «янчиб» ташлашади. Шунга қарамай, айни дамда «Ювентус» учун энг хавфли рақиблардан бири сифатида «Севилья»ни кўрсатишимиз мумкин.
«РБ Лейпциг»
Катта эҳтимол билан «Ювентус» учун энг асосий рақиб сифатида «буқалар»ни кўрсатишимиз мумкин. ПСЖ ва «Манчестер Юнайтед» сингари жамоалар жойлашган гуруҳдан омон чиққан Нагелсман шогирдлари ЕЧЛни ўз мусобақасига айлантириб бормоқда. Ўтган мавсумдаги ўйинларда кўпчиликни ҳайрон қолдирган, ҳатто Тимо Вернерсиз ҳам "Aтлетико«ни мусобақадан чиқариб юборган эди. Юлиан Нагелсман 6-турда »қизил иблислар" устидан қозонилган ғалабадан сўнг, плей-оффда ким билан тўқнаш келишнинг умуман фарқи йўқ эканлиги ҳақида гапирди. Aслида ҳам шундай. Немис клуби ўз услубида секин-аста халқаро майдони забт этиб келмоқда. «Ювентус»га қарши учрашув эса, чинакам триллерга айланиши мумкин. Ёш жамоа, ёш футболчилар ва ёш мураббий Европанинг энг кекса клубларидан бирига қарши плей-оффда тўқнаш келмоқда! Янгича қарашлар ва эски урф-одатлар тўқнашуви! Ижрочиларга қарши, жамоавий ўйин! Бу учрашув учун турли афишалар бериш мумкин. Бетараф мухлислар бу икки клубнинг тўқнаш келишини жуда исташмоқда, лекин «Ювентус» мухлисларини? Катта эҳтимол билан, улар юқоридаги бирор клуб билан қуръада рўпара келишни афзал кўришлари аниқ.