“Навбаҳор”нинг Суперлига-2020даги статистик маълумотлари билан таништиришда давом этамиз.
Хабарингиз бор, пандемия сабабли Coca Cola Суперлиганинг кўплаб ўйинлари, аниқроғи, 4-18-турлардан ўрин олган баҳслар томошабинларсиз ўтказилди.
Шундай бўлса-да, “Навбаҳор”нинг якунланган мавсумдаги ўйинларига ташриф буюрган мухлислар сонига эътибор қаратишни лозим топдик.
Якунланган мавсумда “Навбаҳор” ўйинларига жами 60981 нафар томошабин ташриф буюрди.
Эътиборлиси, “Навбаҳор”нинг Намангандаги баҳсларига 29104 нафар, сафардаги ўйинларига эса 31877 нафар ишқибоз ташриф буюрган.
Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Coca Cola Суперлиганинг дастлабки 3 та турида ҳали юртимизда пандемия бошланмаган ва ўша учрашувларда томошабинлар сони ҳам чекланмаганди (19-турдан бошлаб стадионларга чекланган миқдордаги мухлисларнинг ташриф буюришларига рухсат этилди).
Айтиш жоизки, дастлабки 3 та турнинг иккитасини “лочинлар” сафарда, яъни “Пахтакор”га қарши Тошкент ҳамда “Андижон” билан Андижонда ўтказишган, мазкур шаҳарларга ҳам Намангандан ҳам кўплаб мухлислар ташриф буюришганди.
Таъкидлаш лозимки, “Навбаҳор”нинг илк 3 та турдаги ўйинларига жами 55800 (!) нафар ишқибоз ташриф буюрди.
Шунингдек, Суперлиганинг якунланган мавсумида бир учрашувда энг кўп мухлис тўплаш бўйича рекорд ҳам "лочинлар"га тегишли.
Суперлиганинг 2-туридан ўрин олган ва 6 март куни Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда бўлиб ўтган “Навбаҳор” – “Локомотив” баҳсига 25328 (!) нафар томошабин ташриф буюрганди.
Бир сўз билан айтганда, сўнгги йилларда мухлис тўплаш борасида етакчиликни бермай келаётган жамоа ишқибозлари якунланган мавсумда ҳам (пандемиядан олдин ва чекланган миқдордаги мухлисларга стадионларга кириш рухсат берилганидан сўнг) “Навбаҳор”ни бевосита стадионларда муносиб тарзда қўллаб-қувватлашди ҳамда “лочинлар”нинг ғалабаларига мададкор бўлишди.
Бунинг учун “Навбаҳор” ПФК жамоамиз мухлисларига ўз миннатдорчилигини билдирган ҳолда, уларга соғлиқ – саломатлик тилайди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.