Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Ҳамма ҳам Холанд ёки Мбаппе бўла олмайди! Омадсизликка учраган қимматбаҳо ўспиринлар

Баҳо:
+ | -

Футбол оламида ҳозир 16-17-ёшдаги футболчиларнинг грандлар эътиборини қозониши одатий ҳолга айланиб бўлди. Уларнинг битта ёрқин мавсум ўтказиши биланоқ трансфер суммаси кўтарилиб кетишига ўрганиб ҳам қолди. Афсуски, бундай футболчиларнинг барчаси ҳам кучлироқ клубга ўтганида ўзини тўлиқ намойиш эта олмайди. Баъзилари эса, шунчаки кераксиз футболчига айланиб қолишади. Бугун ана шундай омадсизликка учраган ёш футболчилар билан таништириб ўтамиз. 

Валерий Божинов - «Фиорентина» 

Болгариялик футболчиларни кучли бешликда ҳар доим ҳам учратавермайсиз. Шундай бўлсада, ора-орада ушбу юртдан ҳам кучли ижрочилар чиқиб туради. 2005 йилнинг январь ойида «Фиорентина» шундан умид қилди шекилли 17 ёшли Божинов учун ўша пайтларда жуда катта сумма бўлган 14 миллион еврони сарф этди. Божинов «бинафшалар» сафида ўзини кўрсата олгани йўқ.

Унинг тезкорлиги ва кучли зарбалари қаергадир йўқолиб қолгандек туюлди. Кейин, клуб уни «Манчестер Сити»га ўтишига қаршилик қилгани йўқ. Ачинарлиси шундаки, Валерий Англияда ҳам ўзини кўрсата олмади ва Италияга қайтиб келди. Айни дамда, «Левски» жамоасида тўп сураётган футболчи фаолияти давомида 15 та клуб шарафини ҳимоя қилди, аммо кутилган натижани қайд эта олмади. 

Алберто Пеняранда - «Уотфурд»

 

«ФИФА» симулятори билан яқин таниш бўлган инсонлар учун бу футболчи бегона эмас. Сабаби, видео ўйинда айнан Алберто келажакда супер футболчи бўлиб етишиши тахмин қилинган эди. Тезкор футболчи учун курашда Англиянинг «Уотфурд» клуби ғолиб чиқди ва унинг трансфери учун 10,6 миллион еврони сарфлади.

Инглиз клуби футболчини 2016 йилда ўз сафига қўшиб олди. Алберто клуб билан бир ҳафта машғулот ўтказгач, уни ижара асосида Испанияга жўнатиб юборишди. Афсуски, Пеняранда бирор маротаба «Уотфурд» либосини киймади. У 4 йил давомида турли чемпионатларда ижара асосида тўп сурди ва клубни якунда эркин агент сифатида тарк этди. Ўзининг 18 ёшлик чоғида 10 миллион еврога баҳоланган футболчи ҳозир 23 ёшда. Унинг сўнгги клуби ҳозирча Болгариянинг «София» жамоаси бўлиб турибди. 

Пабло Морено - «Манчестер Сити» 

Каталониянинг «Барселона» жамоаси тарбияланувчиси бўлсада, 2018 йилнинг охирида уни «Ювентус» ўз томонидан оғдириб олишга муваффақ бўлди. Қаҳрамонимиз Италияда ўзини жуда яхши кўрсатгач, «Барселона» Морено учун Турин клубига 5 миллион евро таклиф қилди. Футболчига эса, 5 йиллик шартнома! Эътиборлиси шундаки, ўша вазиятда трансферга«Манчестер Сити» аралашди.

Гап шундаки, испаниялик иқтидор эгасини шахсан Пеп Гвардиола ўз жамоасида кўрмоқчи эди. Даъвогарлар ортгач, трансфер суммаси ҳам бир сутка ичида 10 миллион еврога қадар кўтарилди. «Юве» текинга келган футболчини ўйлаб ўтирмай инглиз клубига сотиб юборди. Пабло ўзи истаганидек кучли мутахассис қўл остида ўсмоқчи эди, аммо «шаҳарликлар» уни «Жерона»га ижара асосида бериб юборишди. Айни дамда, Морено Испаниянинг зерикарли иккинчи лигасида иштирок этмоқда. Сўнгги учрашувларда уни «Жерона» мураббий деярли асосий таркибда майдонга туширмаяпти. 

Факундо Колидо - «Интер»

2017 йилда 17 ёшли аргентиналик футболчини «Интер» ўз сафига қўшиб олишга муваффақ бўлди. Эътиборлиси шундаки, футболчи ҳали профессионал даражада бирорта ўйинда иштирок этмаган эди. «Атлетико Рафаэл» сафидаги ўйинлари сабабли Аргентинада уни иккинчи Агуэро деб атай бошлашди. 16 ёшида қуйи лигаларда голларни қалаштириб ташлаётган ўсмир учун Аргентина грандлари орасида кураш бошланди. Барча, «Атлетико Рафаэл» футболчиси ўз томонига оғдирмоқчи эди, бироқ ишга Италиянинг «Интер» клуби аралашди. Миланликлар майдалашиб ўтиришмади. Дарров 9,5 миллион еврони санаб беришди. Факундо Миланга кўчиб ўтгач, мослашув жараёнида муаммоларга дуч келишни бошлади. Кейин, омадсиз мавсумлар бошланди. Оқибатда, «Интер» унинг бор имкониятларини қўлдан чиқармаслик учун ижарага бериб юборишга қарор қилди. Бугунги кунда Колидо Бельгиянинг «Сент-Трюден» жамоаси аъзоси саналади. 

Петро Пеллегри - «Монако»

Петро 16 ёшга тўлганидаёқ кўплаб грандларнинг оромини ўғрилаган эди. Унинг «Женоа» сафида ишончли ўйинлари кўплаб мутахассисларнинг эътиборида эди. Айниқса, «Лацио»га қарши «А серия» баҳсида иккита гол киритгани, унга бўлган талабни ортиб кетишига сабаб бўлди. Чемпионат тарихида иккита гол киритган энг ёш футболчи учун маҳаллий клублар даъвогар бўлишни бошлади. Шу пайтда «Монако» ишга киришди ва 17 ёшли футболчи учун «Женоа»га 21 миллион евро тўлаб берди. 

Бугунги кунда Петро "Лига 1"га мослашиш билан банд. Италияга нисбатан кучсизроқ деб баҳоланган чемпионатда ҳозирча Пеллегри ҳеч кимни ҳайрон қолдирганича йўқ. Қаҳрамонимиз мусобақа бошидаги барча ўйинларда асосий таркибда майдонга тушмоқда. Ҳозирча гол киритгани йўқ. Ассистни ҳам амалга оширмади. Боз устига, у бир неча бор ўйиндан тушиб қолганига ҳам гувоҳ бўлдик. Умуман олганда, француз нашрлари аллақачон уни йилнинг энг омадсиз трансферларидан бири деб атамоқда. Балки, бироз вақтдан сўнг у яна аввалги даражасига қайтар? Афсуски, бунга ишониш тобора қийинлашиб бормоқда. 

Фабиу Силва - «Вулверҳемптон» 

Португалия чемпионатидаги ажойиб ўйинлари сабабли Фабиуни «иккинчи Роналду» деб атай бошлашди. Бундай рекламадан сўнг, талабгорлар сони ортиб кетиши табиий. Холанд, Мбаппе сингари йигитлар дунё футболини «ёндираётган» пайтда «иккинчи Роналду»нинг таркибида бўлишини қайси клуб истамайди дейсиз?! Шу боис, Португалиялик футболчиларга бошқача меҳр қўювчи «Вулверҳемптон» таваккал қилишга қарор қилди. «Бўрилар» ёш иқтидор эгаси учун 40 миллион евро сарфлашди. Деярли ҳеч кимга таниш бўлмаган футболчи учун 40 миллион евро?! 

Унинг реклама компанияси жуда яхши иш бергани аниқ. Силва аллақачон асосий жамоа учун дебют ўйинида майдонга тушди. Тўғриси, унинг «бўрилар» сафидаги илк учрашувидаёқ кўплаб инглиз нашрлари «Вулверҳемптон»нинг адашгани ҳақида ёзишди. Дарҳақиқат, Силвада Роналду сингари жисмоний имконият ва тезлик мавжуд эмас. Боз устига, уни етакчи ҳам деб бўлмайди. Клуб раҳбарлари бу трансфер ўзини оқлашига ишонишмоқда. Шунга қарамай Силва иккинчи Роналду бўла олмаслиги аниқ бўлиб улгурди.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 01:45, 21.12.2020.
Ўқилди: 5851 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.