Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

"Қўқон-1912": "Янги мавсум режалари ва мақсадлар қандай?"

Баҳо:
+ | -

"Қўқон-1912" жамоаси матбуот хизмати бошлиғи Акрамжон Мамадалиев жамоанинг ўтган мавсумдаги иштироки ҳамда янги йилдаги режалар хақида "Мулоқот" телеканали мухбирига интерьвю берди.

1. 2020-йилги мавсум якунлари ҳақида маълумот берсангиз?

“Қўқон-1912” жамоаси 2020-йилги суперлига мавсумини кўтаринки руҳда ўтказиб, якунда суперлига ўйинларида 26та учрашувдан 42 очко жамғарди ҳамда турнир жадвалида 5-ўринни қўлга киритди. Бу билан жамоамиз Ўзбекистон чемпионатларида тарихидаги қўлга киритган энг юқори натижасини такрорлади. Бундан 26 йил аввал яъни 1994-йилги Ўзбекистон олий лигасида “Темирйўлчи” номи остида иштирок этган жамоа якунда 5-ўринни қўлга киритган эди.

Мана орадан 26 йил ўтиб Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги жамоамиз ана шу тарихий натижани такрорлашди. Ўзбекистон кубоги мусобақасида жамоамиз ярим финалга қадар етиб боришди.

Йил давомида жамоа доим турнир жадвалининг юқори қисмида бўлди. Суперлигада медаллар учун курашдаги интригани сақланиб туришида “Қўқон-1912” жамоасининг хиссаси катта бўлди.

Жамоамиз айрим жамоаларни ўз майдонида ҳам меҳмонда ҳам мағлуб қилишга эришди. Масалан Сурхон , Машъал жамоалари билан бу йил кубок ўйинларини ҳам ҳисобга олганда 3 мартадан ўйнадик ва ҳар уччала ўйинда ҳам ғалаба қозондик. Айниқса Сурхон билан 3 та ўйинда уларнинг дарвозаларига жами 8 та гол уриб, ўз дарвозамиздан биттаям тўп олиб чиқмадик. Насаф ҳамда Пахтакор жамоалари билан бўлган ўйинларда гарчи ғалаба қозона олмаган бўлсакда ўша ўйинларда мутахассис ва мухлислар “Қўқон-1912” намоийш қилган ўйинларни юксак баҳолашди.

Азалдан биз учун қийин бўладиган ўйинлар бу “водий дерби”лари ҳисобланади. Навбаҳор, Андижон жамолари билан бўлиб ўтадиган ўйинлар доим шиддатли курашлар остида ўтади. Бу ўйинларда ҳатто мухлислар ўртасида ҳам ўзаро кураш авжига чиқади. “Қўқон-1912” жамоаси бу мавсумда водий дербиларида ҳам юқори натижаларга эришди. Андижон жамоаси уйда ҳам сафарда ҳам мағлуб этилган бўлса , Навбаҳор билан эса битта ғалаба ва битта дуранг қайд этилди. Водий дербиларида жамоамиз ютқазмади.

Жамоамиз сардори Мурод Холмуҳаммедов ўзининг чиройли ўйинлари ва урган голлари билан бутун мавсум давомида мутахассиссу мухлисларнинг эътиборида бўлди. Муроджон мавсум давомида 12 марта рақиблар дарвозасига гол киритиб , тўпурарлар пойгасида 3-ўринни қўлга киритди. Суперлиганинг мана-ман деган хужумчилариям бунча гол кирита олмади.
Биз чемпионат якунида 3-ўринни қўлга киритиш , Ўзбекистон кубоги мусобақасида эса финалга чиқишга жуда яқин эдик. Мавсум сўнггига келиб кўплаб футболчиларимиз жиддий жароҳатлар олиб мавсумни эрта тугатишларига тўғри келди. Етакчи ўйинчиларимиз Суҳроб Бердиев, Шоҳназар Норбеков, Иван Йосович, Хамиддило Абдухамидов, Музаффар Музаффаров каби футболчиларнинг таркибда йўқлиги мавсум сўнггидаги ўйинларимизда билиниб қолди. Хатто шундай ўйинлар бўлдики, жарохатлар ва тўпланиб қолган карточкалар туфайли жамоамиз заҳирасида 2-3 та футболчи ўтирди.

2. 2020 йилдаги натижаларга қандай эришилди?

Албатта бу натижаларда аввало Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги мураббийлар штабининг ва жамоа таркибидаги барча футболчиларнинг жуда катта , машаққатли меҳнатлари турибди. Ўтган йили янги йил арафасида жамоани қабул қилиб олган Бахтиёр Ашурматов қандай салоҳиятга эга мураббий эканлигини исботлай олди. Ашурматов таркибдаги барча футболчи ва ходимларни бир мақсад йўлида, бир оила қилиб бирлаштира олди. Футболда бош мураббийнинг ўрни жуда катта бўлади. Чунки таркибдаги 25 нафар футболчи бўлса , уларда 25 хил характер бўлади. Ўшаларни кўнглидаги гапни топиб гапириб, уларни ўйинга ҳар томонлама пухта тайёрлаш бу бош мураббийнинг маҳоратига боғлиқ. Бу борада Ашурматовга тасанно айтсак арзийди.

Жамоа кўрсатган натижалар бевосита боғлиқ бўлган яна бир жиҳат бор. Бу жамоанинг суперлига ўйинларига тайёргарлиги, машғулотлар ўтказиши, сафарларга бориб-келиши, футболчи ва мураббийларнинг ўз вақтида маош ва мукофот пулларини олиши...Бу нарсалар на фақат бизни жамоа , балки ҳар қандай жамоанинг натижаларида муҳим ўрин тутади. Бу мавсумда клубимиз президенти Бахтиёр ака Толипов раҳбарлигида футболчиларга барча шароитлар аъло даражада яратиб берилди десак хато бўлмайди.

Чунки футболчи ўз вақтида маошини олса, мукофот пулини олса , оиласида молиявий томондан муаммо бўлмаса, бор эътиборини майдондаги ўйинга қаратади . Айниқса бу йилги қийин пандемия шароитида кўплаб клублар жуда қийин аҳволга тушиб қолишди. Бизда эса раҳбаримизнинг уддабуронлиги ва тинимсиз изланишлари сабаб барча футболчи ва ходимлар карантин вақтида ҳам маошларини вақтида олиб туришди. Хатто шаҳримизда қийналиб қолган, боқувчисини йўқотган оилалар ва шароити оғир бўлган мухлисларимизни суриштириб топиб, уларга моддий ёрдамлар ҳам кўрсатилди.

3.Қайси футболчилар билан шартномалар якунига етган ва таркибга янги қўшиладиганлар футболчилар кимлар?

Жамоамиз таркибида кўплаб маҳаллий , яъни Қўқонлик бўлган футболчилар бор. Булар Муҳаммаданас Хасанов, Ойбек Рустамов, Авазхон Маматхўжаев, Иқбол Маликжонов дарвозабонлар Исломжон Абдуллаев, Музаффар Абдуллаев буларнинг барчалари билан шартномалар мавжуд. Асосий таркиб футболчиларининг айримларида эса шартномалар якунига 31-декабрь кунида ўз якунига етди , лекин бу футболчилар билан яна янги шартнома имзоланиши борасида келишиб олинган.

Янги мавсумда асосий таркибнинг ўзаги сақланган ҳолда таркибимизда айрим ўзгаришлар бўлади. Жамоамизни баъзи футболчилар тарк этишади. Таркибга эса кимлардир қўшилади. Ўтган мавсумда таркибимизда ўйнаган Сербиялик легионер футболчилар Иван Йосович ҳамда Филип Райевац, Кот-дИвуарлик Якуба Бамбалар билан шартномалар якунига етган ва улар ватанларига жўнаб кетишган. Айтишим мумкинки хужумчи Филип Райевац ҳамда ярим ҳимоячи Якуба Бамбалар билан хайрлашилган. Марказий ҳимоячи Иван Йосовичга эса янги шартнома таклиф қилинди. Иван ўзининг шартларини маълум қилди. Агар келишувга эришилса Йосович келгуси мавсумда ҳам жамоамиз таркибида бўлади. Шунингдек тажрибали ярим ҳимоячи Музаффар Музаффаров билан ҳам дўстона хайрлашилган. Музаффаров янги мавсумни қўшниларимиз бўлган Яйпаннинг Турон жамоасида бошлаши маълум бўлди. Таркибимизга янги қўшиладиган икки нафар футболчининг ҳам номларини айтишим мумкин. Ўтган мавсумда Андижон жамоасини суперлигада қолишида муносиб ҳиссасини қўшган, кўплаб ўйинларда Андижонликларни сардор сифатида майдонга бошлаб тушган таняч ярим ҳимоячи Фарход Бекмуродоров келгуси мавсумни жамоамизда ўтказади. Барча мухлисларимизга яхши маълумки жамоамизнинг хужум чизиғида Шоҳназар Норбеков жароҳат олгач муаммолар пайдо бўлди. Филип Райевац мавсумни бир текис ўтказа олмади. Мураббийларимиз хужум чизиғини кучайтириш мақсадида Муборакнинг “Машъал” жамоасидан хужумчи Мўмин Мелиевни таркибга чақиришди. Мелиев ҳам янги мавсумда жамоамизда тўп суради. Умуман олганда селекция ишлари давом этмоқда. Яна бошқа футболчилар билан ҳам музокаралар олиб бориляпти, лекин ҳали ҳаммаси аниқ бўлмагунча қайси футболчилар яна таркибга қўшилиши мумкинлиги ҳақида гапирмай турганимиз маъқул. Мавсум бошлангунча яна бир нечта ўзгаришлар бўлади.

 

4. Келгуси йил режалари қандай ? ЎҚув йиғинлари қачондан бошланади ва қаерда ўтказилади ?

Келгуси йил режалари аллақачон мураббийларимиз томонидан ишлаб чиқилган. Жамоамизнинг қишки ўқув-йиғин машғулотлари тўрт босқичдан иборат бўлади. “Қўқон-1912” жамоаси 2021-йилдаги дастлабки ўқув-машғулот йиғинларини 4-январь кунидан Қўқон шаҳрида бошлайди. Қўқонда бир ҳафта машғулот олиб борилгач, 11-январдан машғулотлар Тошкент шаҳрига кўчирилади. Тошкентдаги йиғинимиз 25-январгача чўзилиши режа қилинган. Сўнгра 26-январдан бошлаб ва февраль ойининг дастлабки хафтасида Фарғона шаҳрида бўладиган “Фарғона вилояти хокими кубоги” мусобақасида иштирок этамиз. Айнан мана шу йиғинлар давомида таркибимизга янги қўшиладиган футболчилар мураббийларимиз кўригидан ўтишади. Сўнгги йиғин эса яна Тошкент шаҳрида ўтказилади. Бу йиғинда жамоанинг тўлиқ таркиби деярли аниқ бўлади.

 

5. Янги мавсумда жамоа олдига қандай мақсадларни қўйган ?

Якунига етган мавсумда “Қўқон-1912” жамоаси қандай потенциалга эга эканлигини кўрсата олди. Нималарга қодирлигимиз анча маълум бўлди. Келгуси мавсумда албатта янада юқори натижаларни кўзлаганмиз. Мавсум бошланишидан олдин вилоятимиз ҳамда шаҳримиз раҳбарияти билан учрашиб аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олинади. Олдиндан шуни айтишим мумкинки “Қўқон-1912” жамоаси келгуси 2021 йилги мавсумда медаллар учун курашади. Мақсадимиз ортда қолган мавсумдаги натижани янада яхшилаш, совринли ўринлардан бирини қўлга киритиш.

6.Янги йил тилакларингиз.

Аввало кириб келган янги йил билан барча юртдошларимизни , футбол мухлисларини аввало ўзим номимдан , қолверса “Қўқон-1912” жамоаси раҳбарияти, мураббийлар ҳамда футболчиларимиз номидан табриклайман. Барчаларини хонадонларига тинчлик, хотиржамлик тилайман. Бутун дунё ҳалқини безовта қилиб турган коронавирус касаллигини тезроқ бартарф бўлишини, хеч ким касал бўлмаслигин тилайман. Яна стадионларимиз мухлислар билан тўлиб-тошишини , жамоамиз мухлислари билан кўплаб хурсандчиликларни нишонлашини истайман. Янги йил барча юртдошларимизга янги зафарлар олиб келсин !

Киритилди: 12:22, 02.01.2021.
Ўқилди: 1897 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.