Хабарингиз бор, 2019 йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинган эди. Ўша фармонда Суперлиганинг 10 ва Про-лиганинг 3 жамоаси таъсис ҳужжатлари Давлат активларини бошқари агентлигига ўтказилиши масаласи белгиланди. Ўтган йил бошидан бери жамоаларнинг таъсисчилари ўз улушларини Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳисобига ўтказиб келишмоқда. Эндиликда ушбу жамоаларга раҳбар ва раҳбар ўринбосарларини тайинлаш Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилади.
31 декабрь куни «Бухоро» профессионал футбол клуби анжуманлар залида навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилояти ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Шахриёров, Бухоро шаҳар ҳокими Ўткир Жумаев, Бухоро жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Исмоил Мирзаев, Давлат активларини бошқариш агентлиги вакили ҳамда Бухоро футбол клуби раҳбарияти, ишчи ходимлари ва жамоа ишқибозлари иштирок этишди. Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан қабул қилинган қарор йиғилиш иштирокчиларига ўқиб эшиттирилди.
«Бухоро» профессионал футбол клуби бош директори Рустамов Алишер Ҳиктамович бошчилигида “Бухоро ”жамоасининг Ўзбекистон суперлигасида муваффақиятсиз иштироки ҳамда клуб ва бош директор ўртасида 2021 йил 1 январгача тузилган муддатли меҳнат шартномаси белгиланган муддатда бекор қилинишини инобатга олиб, «Бухоро» профессионал футбол клуби раҳбари лавозимига Алимов Жамол Абдусатторович, Бекмурзаев Фаррух Ҳусенович ва Қодиров Ўткир Олимович номзодларини кўриб чиққан ҳолда, амалдаги қонунчилик талабларига асосан танлов ўтказилиб, танлов натижалари бўйича номзод Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда, белгиланган тартибда «Бухоро» профессионал футбол клубига бош директор этиб 2021 йил 1 январдан Алимов Жамол Абдусатторович тайинланди.
Шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Жамол Абдусатторовичга маълум мажбуриятлар юклатилди. Булар: жамият молиявий ҳолатини яхшилаш, ҳомийлик маблағларини жалб қилиш бўйича аниқ чоралар кўриш, мавжуд кредитор қарздорликларни шу жумладан ойлик иш ҳақидан қарздорликларни бартараф этиш чораларни кўриш ҳамда амалга ошириладиган ишлар тўгрисида Давлат активларини бошқариш агентлигига даврий маълумотлар киритиб бориш вазифаси юклатилди.