Ўтган йили Суперлигада 3-ўринни эгаллаган АГМК жамоаси 2021 йилги мавсумда ҳам юксак мақсад ва юқори марраларни кўзламоқда.
Таркибни янада кучайтиришга интилаётган олмалиқлар янги йилдаги илк трансферга қўл урди. Маҳоратли ҳужумчи, украиналик Александр Касьян эркин агент сифатида АГМК билан шартнома имзолади.
Касьян 1989 йил 27 январь куни Украинанинг Донецк вилоятида таваллуд топган. Тажрибали ҳужумчи фаолияти давомида Украинанинг “Ильичевец” (Мариупол), “Шахтёр” (Донецк), “Заря” (Луганск), “Карпати” (Львов), Россиянинг “Томь” (Томск), “Химик” (Дзержинск), “Факел” (Воренеж), “Балтика” (Калининград) ва Курскнинг “Авангард” жамоалари шарафини ҳимоя қилган. 2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон Суперлигасида ўйнаётган маҳоратли ҳужумчи «Навбаҳор» (2019) ва «Сурхон» (2020) жамоаларидаги фаолияти билан мухлисларга яхши таниш.
2021 йилдан эътиборан эса мазкур ҳужумчи АГМК либосида мухлисларни хурсанд этиш ва жамоамиз ғалабаларига ҳисса қўшиш учун майдонга тушади.
Касьян фаолияти давомида турли жамоаларда Украина, Россия ва Ўзбекистон Суперлигасида рақиблар дарвозасини 59 маротаба ишғол қилган.
АГМК билан шартнома имзолаганидан мамнун бўлган ҳужумчи илк таассуротлари билан ўртоқлашди.
Касьян: «АГМК билан шартнома имзолаганимдан жуда хурсандман. Ўйлайманки, янги мавсумда жамоа билан Суперлига ва ОЧЛда муваффақиятли иштирок этамиз ва катта ғалабаларни кўзлаймиз. 2021 йил АГМК учун муваффақиятли ва омадли бўлишига умидворман. АГМКга голларим билан ёрдам беришга, жамоам ғалабаларига ҳисса қўшиш учун майдонда 200% куч билан максимум ҳаракат қилишга ваъда бераман. Менга ишонч билдирган бош мураббий Миржалол Қосимовга ва клуб раҳбариятига раҳмат. Футболчилар ва мураббийлар штаби мени янги жамоада мослашишим ва кўнишим учун қўллаб-қувватлашига ишончим комил»
Александр Касьян 8 январь куни юртимизга учиб келади ва жамоа машғулотларига қўшилади.