Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Виктор Жалилов: “Мақсадим – Наманганда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш”

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, юртимизнинг таниқли мутахассисларидан бири, мураббийлик фаолиятида “Политотдел”, “Навбаҳор”, “Машъал” ва “Пахтакор” клубларида фаолият юритган, “Навбаҳор”да 1995 — 2000, 2003 – 2004 ҳамда 2010 йилларда фаолият юритиб, жамоа билан Ўзбекистон чемпионлигини (1996 йили), бронза медалларини (1995, 1997-1999 йилларда), Ўзбекистон кубоги (1995, 1998 йилларда) ва Суперкубогини (1999 йили) қўлга киритган Виктор Романович Жалилов 10 йиллик танаффусдан сўнг, яна севимли жамоаси “Навбаҳор”га қайтди.

Виктор Жалилов билан икки йиллик шартнома имзоланди ҳамда у олдин таъкидлаганимиздек, жамоамизда бош мураббий Нўъмон Ҳасановга маслаҳатчи – мураббий сифатида ёрдам берадиган бўлди.

Биз Виктор Романович билан учрашиб, уни ”Навбаҳор”га ким таклиф қилганлиги, вазифаси нималардан иборат бўлиши ва бошқа масалалар бўйича ўзимизни қизиқтирган бир неча саволларга жавоб олдик.

— Виктор Романович, аввало кўп йиллик танаффусдан сўнг, яна “Навбаҳор”га қайтганингиз билан табриклайман. Жамоага келишингиз қандай юз берди, сизни ким клубга таклиф қилди?

— Табрик учун раҳмат. Мени “Навбаҳор”га клуб вице-президенти Отабек Арифович Саматов таклиф этди. Отабек Арифович менга “Навбаҳор”да маслаҳатчи-мураббий сифатида иш олиб боришим, ўз тажрибаларимни ўртоқлашишим, шу билан биргаликда, клубда ва Наманган вилоятида болалар-ўсмирлар футболини ривожлантириш бўйича фаолият юритишимни таъкидлади. Унинг бу таклифини хурсандчилик билан қабул қилдим ҳамда бундан мамнун бўлдим. Боиси, “Навбаҳор” мен учун бегона эмас. Кўп йиллар давомида мазкур жамоада фаолият юритиб, кўплаб совринларни қўлга киритишга муваффақ бўлганман.

Куни кеча Наманган вилоят ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқовнинг қабулида бўлиб, у билан “Навбаҳор”нинг бу йилги режалари борасида самимий суҳбат қурдик. Унга ўз режаларимни баён этдим. Шавкат Шокиржанович футболга жуда қизиқадиган, миллионлар ўйинини жуда яхши тушунадиган инсон экан. Шу боис, суҳбатимиз ҳам самимий руҳда кечди.

—  Келгусидаги режалар қандай?
— Таъкидлаб ўтганимдек, менинг асосий вазифам ҳамда мақсадим вилоятда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, иқтидорли футболчиларни “Навбаҳор”нинг асосий, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ёшдаги терма жамоалари таркибидан ўрин олишларини таъминлаш.

Буни амалга ошириш мақсадида, уч кундан буён “Навбаҳор”нинг фарм, U-21 ёшлар, U-18 жамоалари, шунингдек, вилоят маҳорат мактаби, “Навбаҳор — Умид” футбол мактабида таҳсил олаётган ёш футболчиларни кўрикдан ўтказяпмиз. Кўрик давомида шунга гувоҳ бўлдимки,  Наманганда иқтидорли футболчилар жуда кўп. Бу эса мени жуда қувонтирди. Наманган азалдан иқтидорлиларга бой вилоят.

Фақатгина ушбу футболчиларнинг иқтидорларини тўғри йўналтириб, уларнинг келажакда маҳоратли футболчилар бўлиб етишишларига эришиш.

Менинг вазифам — “Навбаҳор”нинг барча жамоалари ҳамда вилоятдаги футболга ихтисослашган ҳамма мактабларни бирлаштириб, уларнинг ишини уйғунлаштириш ва худди эҳром сингари уларнинг бир-бирлари билан ҳамкорликларини кучайтиришдан иборат. Айни пайтда мураббийлар ёш футболчиларни шуғуллантиришяпти. Аммо бу ўз самарасини бериши лозим.

Мураббийларнинг иши қачон самара беради? Қачонки, уларнинг тарбияланувчилари “Навбаҳор”нинг асосий таркибидан ўрин олиб, юртимизнинг турли термалари жамоаларида тўп суришса.

Буни амалга ошириш учун эса вилоят ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, шунингдек, клуб раҳбарияти, жумладан, вице-президент Отабек Саматов билан ҳар куни 24 соат давомида изланяпмиз, иш олиб боряпмиз, ушбу масалани ҳал этяпмиз.

Бу эса ўз мевасини бериши керак. Янги мавсум, шунингдек, келаси йили “Навбаҳор”нинг асосий таркибидан бир қатор иқтидорли наманганлик футболчилар жой олишади, деб умид қиламан.       

Тўғри, доимо Сайдулло Турсунов, Тоҳир Мадраҳимов, Зафар Мусабоев ва Шуҳрат Мирхолдиршоевга ўхшаган истеъдодли футболчилар етишиб чиқаверишмайди. Бироқ буни амалга оширишга ҳаракат қилиш лозим. Шу йўналишда иш олиб боришда давом этамиз.

Бундан ташқари, “Навбаҳор”нинг асосий, шунингдек, фарм, U-21 ёшлар, U-18 жамоалари мураббийларига ўз ваколатим доирасида ўз маслаҳатларимни бериб, тажрибаларим билан ўртоқлашиб тураман.

— Сизнингча, “Навбаҳор”ни кучайтириш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?
— Албатта, буни амалга оширадиган жамоанинг ўз мураббийлари бор ва улар ҳозир шу йўналишда иш олиб боришяпти. Жамоани кучайтириш учун селекция ишларини яхши олиб бориш лозим. Бу борада маслаҳат керак бўлса, мен бажонидил бунга тайёрман ҳамда ўз тажрибаларим ўртоқлашаман.

— Ўн йиллик танаффусдан сўнг, яна қадрдон жамоангизга қайтганингиздан хурсанд бўлсангиз керак?
— Бўлмасам-чи! Таъкидлаганимдек, “Навбаҳор” мен учун қадрдон жамоа. Мураббийликдаги илк совринларни ҳам “Навбаҳор”да қўлга киритганман. Айни пайтда мураббийлар штаби, клубда фаолият юритаётган кўпчилик, шунингдек, мухлислар билан жуда яхши танишман. Яна ўзим учун ўзгача аҳамиятга эга бўлган “Навбаҳор”да фаолият юритаётганимдан хурсандман.

Бошқа жамоаларда фаолият юритганимда ҳам доимо “Навбаҳор”нинг натижаларини кузатиб келганман. Ўтган мавсумда жамоанинг ҳамма ўйинлари телевидения орқали трансляция қилишди ва уларнинг барчасини томоша қилдим.     

Аммо биласизми, инсон ўтмиш билан эмас, келажак билан яшаши, олдинга қараб интилиши лозим. Шу боис, келажакда ҳам севимли     жамоамизнинг яна аввалги мавқесини тиклаб, совриндорлар сафидан жой олиши, ўз мухлисларига қувонч улашишига тилакдошман.    

Бизнинг маълумот

Виктор Романович Жалилов – 1952 йили Наманган вилоятининг Чуст  шаҳрида туғилган.

Тошкентдаги спорт интернати, Жисмоний тарбия ва спорт институтини  тамомлаган.

Футболчилик фаолияти давомида “Пахтакор” (Тошкент, ўринбосарлар, 1970-1974 йиллар ), “Текстильшик” (Наманган, 1975 – 1977 йиллар),   “Чуст” (1978-1983 йиллар)жамоаларида ўйнаган.  

Мураббийлик фаолиятини 1984 йилда Халқободнинг “Соҳибкор” жамоасида бошлаган. 1986 йилдан 1992 йилгача Герман Титов спорт интернати (ҳозирги Республика олимпия захиралари коллежи)да мураббий сифатида фаолият юритган.

Шунингдек, мураббий сифатида ва турли лавозимларда қуйидаги жамоаларда фаолият юритган: “Политотдел” (Тошкент вилояти, 1993 —  1994 йиллар), “Навбаҳор” (Наманган, 1995 – 2000, 2003-2004, 2010 йиллар), “Пахтакор” (Тошкент, 2001 – 2002 йиллар, 2007-2009,   2012 —  2014йиллар), “Машъал” (Муборак, 2005-2006 йиллар), “Динамо” (Самарқанд, 2011 йил), Ўзбекистон олимпия терма жамоаси (2015 йил),  Ўзбекистон миллий терма жамоаси (2015-2017 йиллар), “Локомотив” (Тошкент, 2019 йил).

Оилали, 2 фарзанднинг отаси.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 16:15, 09.01.2021.
Ўқилди: 3052 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.