Кириш Регистрация
28/03 19:00 Динамо 0-0 Металлург
29/03 19:00 ОКМК - Бунёдкор
29/03 19:15 Қизилқум - Локомотив

Италия футболи бўйича эксперт: Элдор Шомуродовда «Ювентус» тизимига мос тушиш учун барча имконият бор

Баҳо:
+ | -

«Кальяри» собиқ скаути ва Италия футболи бўйича эксперт Алекс Великих «Женоа» ҳужумчиси Элдор Шомуродовга «Ювентус» томонидан бўлаётган қизиқиш ҳақида сўз юритди.

— Шомуродов «Женоа» асосий таркибида А Серияда 6 та ўйин ўтказди. Шундан келиб чиқиб, унга «Ювентус»дан қизиқиш бўлаётганига ишониш мумкинми?

— Келинг, жамоада Шомуродовга икки нафар маҳаллий рақобатчи борлигини эсдан чиқармаймиз, булар — Маттиа Дестро ва Жанлука Скамакка. Айтганча, Скамакка майдонда кўпроқ вақт ўтказиб Шомуродов билан бир хил миқдорда (2 та) гол урган. Бундан ташқари Элдор А Серияга Россия чемпионатидан йўл олди, унга янги мусобақага мослашиш қийин кечгани тайин. Шомуродовда мураббий ишончи бор — у жароҳатсиз ҳолатда фақат бир марта майдонга тушмади. У Италия футболига мослашишга уринаётгани кўриниб турибди. Умуман олганда, «Ювентус» томонидан қизиқиш бўлаётгани мени ҳайрон қолдирмади.

— Шомуродов ва «Ювентус» ҳақида Tuttosport ёзмоқда. Бу жиддий манбами?

— Бу Турин нашри, унинг журналистлари маҳаллий жамоалар — «Торино» ва «Ювентус»га яқин. «Юве» Моратанинг жароҳати сабаб янги марказий ҳужумчи қидираётгани ҳеч кимга сир эмас.

«Ювентус» ва «Женоа» ўртасида ўзига хос тарих бор — бу икки клуб сўнгги йилларда жуда яхши тил топишиб олган. Уларнинг муносабатларини инобатга олсак, «Женоа» Шомуродовни ярим мавсумга ижарага беришга рози бўлиши мумкин. Аввалроқ бунинг иложи йўқ эди, бироқ ФИФА футболчи бир йилда учта клубда ўйнаши мумкин эмаслигини борасидаги тақиқни олиб ташлаган.

— Шомуродов «Ювентус» шорт-листида нечанчи тартиб рақамида турибди?

— У биринчи эмаслиги тушунарли, ўйлашимча, у 3-4-рақамда турибди. Бироқ ҳар бир янги рад жавоби ёки музокараларнинг барбод бўлиши «Женоа» ҳужумчисини «Ювентус»га яқинлаштиради.

«Ювентус» ва «Женоа» ўртасидаги муносабатларга қайтаман. Айни вақтда томонлар уч футболчи трансферини амалга ошириш арафасида турибди. Туриндан Генуяга икки ҳужумчи ўтиши керак — Портанова ва Петрелли, Ровелла эса «Ювентус» ўйинчисига айланади, бироқ у ижара асосида «Женоа»да қолади. Шу тариқа «Женоа»да етарли даражада ҳужумчи бўлади ва улар Шомуродовни ярим мавсумга ижарага қўйиб юбориши мумкин. Ўйлашимча, Шомуродовда «Ювентус» тизимига мос тушиш учун барча имконият бор, — дейди Великих.

Аввалроқ Tuttosport нашри «Ювентус» ўзбекистонлик футболчига қизиқиш билдираётгани ва унга Альваро Моратанинг ўринбосари сифатида қараётгани ҳақида хабар қилганди.

Қайд этиш жоиз, «Женоа» Элдор Шомуродов трансферини 2020 йил 4 октябрида эълон қилган. Генуяликлар ҳужумчи учун «Ростов»га бонуслар билан бирга ҳисоблаганда 9 миллион евро тўлаши айтилганди.

Ўзбекистонлик форвард «Женоа» сафида ҳозирга қадар 11 та ўйинда қатнашиб, 2 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 19:00, 10.01.2021.
Ўқилди: 10623 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.