Бугун Англия чемпионати, 19-турининг якунловчи ўйинлари бўлиб ўтди. Хабарингиз бор ушбу турда кутилмаган натижалар аввалроқ қайд этилиб улгурганди. Кечаги кутилмаган натижалар бугун ҳам давом эттирилди.
Ўз майдонида Ливерпулнинг "Эвертон" клубини қабул қилган "Вест Бромвич" меҳмонлардан ҳеч жихатдан қолишмасликка урундилар ва бунинг уддасидан чиқдилар ҳам. Ўйиннинг ҳар икки бўлими ҳам тенг курашлар остида кечган бўлса-да, якунда "Эвертон"га омад кулиб боқди.
Девид Мойес амалга оширган ўзгаришлар иш берди. Ўйиннинг 65-дақиқасида заҳирадан майдонга туширилган Аничебе, ўйин интиҳосига яқин, аниқроғи 87-дақиқада мезбонлар дарвозасини ишғол қилиб, "Эвертон"га жуда муҳим уч очкони ҳадя этди. Сўнги бир ой давомида жуда яхши ўйин намойиш этиб келаётган "Вест Бромвич" жавоб тўпини киритишгаимкон топа олмади. Шундай қилиб, ўйин ливерпулликларнинг кичик ҳисобдаги ғалабалари билан якунланди.
ВЕСТ БРОМВИЧ — ЭВЕРТОН 0:1 (0:0)
Гол: В.Аничебе (87)
1 январь. "Ҳоуторнс". 23038 томошабин
Турнинг якунловчи учрашувида эса "Сандерленд" чемпионат пешқадами - "Манчестер Сити"ни "Стэдиум оф Лайт"да қабул қилди. Ушбу ўйин ценарийси ҳам юқорида шарҳи келтирилган ўйиндан кўп ҳам фарқ қилгани йўқ. Ҳар икки жамоада ҳам гол киритиш учун жуда кўплаб вазиятлар бўлган эрса-да, ҳисоб узоқ вақтгача очилмай қолаверди. Ўйин шу тариқа нурсиз дуранг кўринишида якун топганида ҳам, буни бемалол кутилмаган натижа сифатида эътироф этиш мумкин бўларди. Ҳар ҳолда мусобақа карвонбошиси турнир жадвалида 13-поғонада бораётган клубга қарши тўп сураётганди.
Лекин ўйинга қўшиб берилган вақт ҳам якунланиб бораётган, ҳакамга хуштак чалиш учун фақатгина ҳужумнинг давом этаётгани ҳалал бераётган бир паллада кореялик Донг Вон Жи "Санделенд" ҳужумига нуқта қўйди. Бу нуқта эса таблодаги ҳисоб "Санделенд" фойдасига порлаши учун етарли бўлди. "Челси", "Манчестер Юнайтед" каби етакчи жамоаларнинг мувоффақтиятсиз ўйинлари кетидан энди "Сити" ҳам муҳим очколардан қуруқ қолди. Бу билан Манчини шогирдлари ҳамшаҳарларидан анча олдинга ўтиб олиш имкониятларини йўққа чиқаришди. Йил АПЛда жуда қизғин бошланди, шундай эмасми?
САНДЕРЛЕНД — МАНЧЕСТЕР СИТИ 1:0 (0:0)
Гол: Чжи Донг-Ун (90+3)
1 январь. "Стейдиюм оф лайт". 40625 томошабин