"Ювентус" ҳужумчиси Мирко Вучинич собиқ жамоадоши — "Рома" ҳужумчиси Марко Боррьеллонинг "Кекса синьора" сафига қўшилишини мамнуният билан қабул қилиб, Турин клуби Римникидан нималари билан фарқланишини айтиб ўтди.
"Боррьелло билан гаплашмаганимга кўп бўлди, бироқ у ҳақда фақат яхши гапларни айтишим мумкин. Унинг ажойиб ҳужумчи ва яхши йигит эканлиги ҳаммага маълум. Асосий таркибдаги ўрнимни йўқотиб қўйишдан хавотирланяпманми? Йўқ. Жамоада кучли футболчилар сони қанчалик кўп бўлса, шунчалик яхши", деди черногориялик футболчи.
"Ювентус"нинг "Рома"дан энг асосий фарқи нимада? Туринда майдонга чиқаркансан, бу клуб қандай буюк тарихга эга эканлигини ҳис қиласан. Нима бўлганда ҳам, менда "Рома" билан боғлиқ яхши хотиралар кўп. Мен ҳозиргача ҳам Розелла Сенси билан муносабатларимни сақлаб қолганман", дея "Ювентус" ҳужумчиси Мирко Вучиничнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда "La Gazzetta dello Sport".
Вучинич, шунингдек, скудетто учун кураш ҳақида ҳам тўхталиб, жумладан шундай деди: "Менимча, мусобақа якуни яқинлашавергани сайин скудетто учун "Ювентус" ва "Милан" ўртасида кечади. Бизда бир устунлик бор: биз мукаммаллашиш ва ишлашни кўпроқ хоҳлаяпмиз".
Маълумот учун, "Ювентус" 2011 йилнинг ёзида Мирко Вучинични 15 миллион евро эвазига "Рома"дан сотиб олганди.