Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мустафо Байрамов: «Навбаҳор»га фидойи бўлганлигим учун жамоани ташлаб кетмаганман»

Баҳо:
+ | -

Жаҳон футболида ўз фаолиятини фақатгина бир клубда ўтказган содиқ футболчилар ҳам бор. Шундай ўйинчилар қаторига Италиянинг “Милан” жамоаси ҳимоячиси Паоло Мальдини, Англиянинг “Ливерпуль” клуби ярим ҳимоячиси Стивен Жеррардни киритиш мумкин. Мамлакатимизда ҳам шундай футболчилар топилади. Булар қаторида айни пайтда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси мураббийлар штабида фаолият юритаётган Мустафо Байрамов ҳам бор. Мазкур мутахассис 40 йилдан зиёд вақт давомида фақатгина бир клуб, яъни “Навбаҳор”да фаолият юритмоқда. Ушбу жамоада олдин футболчи, кейин эса мураббий сифатида ишлаётган Мустафо Жеферович таъкидлаш жоизки, анча камтар ва камсуқум инсон. Шунинг учун бўлса керак, ундан ҳамкасбларимиз кам интервью олишган. Биз яқинда “Навбаҳор”нинг садоқатли ҳамда фидойи вакили билан суҳбат уюштириб, унинг фикрларини ёзиб олдик.

Ўтган мавсум, омадсизлик сабаблари

- “Навбаҳор”нинг ўтган мавсумда намойиш этган ўйинлари борасида тўхталадиган бўлсам, чемпионатни жуда яхши бошлаб, дастлабки 3 та тур баҳсларида яхши натижа қайд этгандик. Гарчи илк тур учрашувида амалдаги чемпион “Пахтакор”га имкониятни бой берган бўлсак-да (1:2), ўша ўйинда пойтахтликларга муносиб қаршилик кўрсата олиб, ҳисобда олдинга чиқиб олгандик. Ундан кейин қандай воқеликлар рўй берганлиги эса барчага аён. Ўша учрашув ҳакамлари ҳам маълум муддатга ўйинларни бошқаришдан четлатилишганди.  

Кейин ўз майдонимизда “Локомотив” устидан ғалаба қозониб (2:0), сўнгра, сафарда ”Андижон” билан дурангга имзо чекдик (0:0).

Кейинчалик ўзингизга маълум, COVID – 19 сабабли, карантин бошланиб, футбол баҳслари бир муддат тўхтаб қолди. Футболчилар ўз уйларида якка тартибда машғулот ўтказишди.

Ёздан яна гигиена қоидаларига амал қилинган ҳолда, футбол баҳслари давом эттирилди ҳамда жамоамиз яна ижобий натижаларни қайд эта бошлади. Биринчи давранинг сўнгги 4 та тури пойтахтимизда ўтказилиб, “Навбаҳор”нинг 7 нафар футболчиси коронавирусга    чалинди.

Бу эса жамоамизнинг ўйинларига ўз таъсирини кўрсатиб, қаторасига 11 та баҳсда ғалаба қозонолмадик. Натижанинг бундай салбий тус олиши эса жамоанинг бош мураббийи, россиялик мутахассис Андрей Канчельскиснинг истеъфосига сабаб бўлди ва жамоа бошқаруви Нўъмон Ҳасанов қўлига ўтди.

Худога шукр, Ҳасанов бошқарувида сўнгги ўйинларда ижобий натижаларни қайд эта олдик.

Канчельскис ва Ҳасанов борасида

Албатта, ҳар бир мураббийнинг ўз машғулот олиб бориш услублари, тактикаси бўлади. Андрей Канчельскисдан ҳам нимадир ўргандим, айни пайтда Нўъмон Ҳасановдан ҳам ўрганяпман. Бу эса албатта, мураббийлик фаолиятимда асқотиши тайин.   

 Футболга кириб келиши, биринчи мураббийлари, ҳавас қилган футболчиси       

- Наманган шаҳридаги 31-ўрта мактабда таҳсил олганман. Мазкур мактаб яқинида “Спартак” стадиони жойлашганди. Мазкур ўйингоҳда футбол билан шуғулланишни 10 ёшимдан бошлаганман. Миллионлар ўйинидаги илк сабоқларни Павел Константинович Ким, Анвар Иззетович Сулейманов қўл остида ўрганганман.

1980 йили Наманганнинг “Навбаҳор” клубига қабул қилиндим.

Болалигимда Германия терма жамоаси ва “Бавария” клуби ҳимоячиси Франц Беккенбауэрнинг ўйинларига ҳавас қилардим. Шунинг учун ҳам ҳимоячи амплуасини танладим ҳамда шу позицияда фаолиятимнинг якунигача тўп сурдим.

“Навбаҳор” клуби ва терма жамоадаги фаолияти, жамоадошлари 

“Навбаҳор”даги 17 йиллик фаолиятим давомида 600 га яқин учрашувда майдонга тушиб, гарчи ҳимоячи бўлсамда, ҳар мавсумда камида

5 тадан тўп киритганман, 1995 йили эса 10 та гол урдим ва олий лигадаги ҳимоячилар орасида энг яхши натижага эришдим. 

Голларимни асосан стандарт вазиятлардан кейин, яъни бурчак ҳамда жарима зарбаларидан кейин, кўпроқ бошим билан урардим. Боиси, бўйим 1,85 см. эди. Шунинг учун ҳаволатиб узатилган тўпларга кўпроқ эга чиқардим, умуман олганда,  “иккинчи қават”да яхши ўйин намойиш этардим.

Жамоамиз 1991 йили собиқ иттифоқ 1-лигасида иштирок этганди. Ўшанда наманганликлар таркибида барча учрашувларда майдонга тушиб, 4 та гол урганман.

Футболчилик фаолиятим давомида 1982 йили Танзаниядаги мусобақада иштирок этганмиз, ўшанда “Навбаҳор” мазкур мамлакатдаги турнирда  5 та ўйин ўтказиб, уларнинг  4 тасида ғалаба қозонди ва  1 та учрашувда дуранг қайд этганди.

1989 йилда Ливия ҳамда Бангладеш мамлакатларидаги мусобақаларда иштирок этиб, 1-ўринни эгаллагандик.

1990 йили эса Польшага бориб, мазкур мамлакатнинг машҳур клубларидан бири – “Лех” (Познань) билан ўртоқлик учрашуви ўтказганмиз.

Футболчилик фаолиятим давомида дарвозабонлардан Анатолий Тананакин, Дмитрий Башкевич, Сайдулло Жабборов, Олег Сировашко, Анвар Жабборов, ҳимоячилардан эса Игорь Белов, Игорь Близнюк, Александр Пасько ва Александр Иванов билан елкама-елка ўйнаганмиз ҳамда  уларнинг ўйинлари менда яхши таассурот қолдирган.    

Футболчилик фаолиятим давомида собиқ иттифоқ давридаги ўйинчилардан “Ротор”даги Александр Ледяхов, “Текстильшик”даги Сергей Наталушко, ҳамюртларимиздан эса Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Олег Синелобов, Баҳодир Раҳмонов, Рустам Дўрмоновга қарши тўп суриш менга қийинчилик туғдирган.

Ўзингизга маълум, футболчилик фаолиятим давомида фақатгина бир жамоа – “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилганман. Ушбу клуб сафида 17 йил тўп суриб, 6 мавсум давомида, яъни 1989 – 1994 йилларда жамоа сардори бўлганман.

Футболчилик пайтимда 1988 йили “Нефтчи”, 1989 йили эса “Пахтакор”дан таклиф бўлган. Лекин “Навбаҳор”га фидойи бўлганлигим учун жамоани ташлаб кетмаганман.

Футболчилик давримда “Навбаҳор” билан Ўзбекистон чемпионлиги (1996), Ўзбекистон кубоги (1992, 1995), бронза медаллари (1993, 1994, 1995) ни қўлга киритганман.  

“Навбаҳор”да тўп сурганимда Сергей Волчок, Виктор Жалилов ва Усмон Асқаралиевдан кўп нарса ўргандим.

Шунингдек, собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 7 йил, яъни 1982-1989 йиллари тўп сурдим, унинг таркибида собиқ иттифоқ халқлари Спартакиадаси, халқаро мусобақада қатнашиб, халқаро турнирда 3-ўринни олганман, Ўзбекистон термасининг сардори бўлганман.

Мураббийлик фаолияти, етиштирган шогирдлари, янги мавсумга тайёргарлик

1997 йилдан бошлаб, мураббийлик фаолиятимни бошладим. Дастлаб “Навбаҳор”нинг ўринбосарлар таркибини бошқариб, мазкур жамоа билан 3 марта 3-ўринни қўлга киритдим, шунингдек, 3 марта “Навбаҳор”ни олий лигада олиб қолишга муваффақ бўлдим.

Умуман олганда, мураббийлик фаолиятимда қутқарувчи вазифасини ҳам бажаришга ҳам тўғри келган (кулади).

Мураббийлик фаолиятим давомида Виктор Жалилов, Геннадий Неделькин, Раҳим Қурбонмамедов, Усмон Асқаралиев, Бахтиёр Ашурматов ва Андрей Канчельскис сингари мутахассислар бирга фаолият олиб бордим.

Айрим мавсумларда “Навбаҳор” ёшлар жамоаси, баъзи йилларда эса асосий таркибнинг мураббийлар штабида ишладим.

Таъкидлаганимдек, айни пайтда Нўъмон Ҳасановнинг мураббийлар штабидан ўрин олганман.  

Фурсати келганида таъкидлаш жоизки, яқин ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири, айни пайтда “Металлург” мураббийлар штабида ишлаётган Февзи Давлатовни ҳам Сергей Волчокка мен тавсия қилгандим. Хабарингиз бор, Давлетов Ўзбекистон миллий терма жамоаси, шунингдек,  мамлакатимиз ва Қозоғистоннинг бир қатор клубларида самарали фаолият юритган футболчилардан бири ҳисобланади.  

Февзи 1994 йили бош жамоамиз таркибида Осиё ўйинларида ғолиб чиққан ўйинчилардан бири.

Шунингдек, мураббийлик фаолиятим давомида Дилшод Жабборов, Жаҳонгир Меҳмонов, Мирзоҳид Ғофуров, Аъзамжон Алиев, Акмал Ортиқов, Азимжон Аҳмедов ҳамда Исломбек Исоқжонов сингари футболчиларни кашф этганман.

Ушбу ўйинчилар аввал “Навбаҳор” ёшлар жамоаси таркибида тобланиб, кейин асосий таркиб аъзосига айланишган. Эндиликда эса барчалари ўз жамоаларининг етакчи футболчилари ҳисобланишади.

Қисқаси, “Навбаҳор”даги футболчилик фаолиятим ажойиб тарзда кечган. Ўз номи ва тарихига эга жамоа сафида тўп сурганлигим ҳамда айни пайтда ҳам шундай клубнинг мураббийлар штабида ишлаётганимдан хурсандман.

Жамоамиз янги мавсумга тайёргарликнинг биринчи қисмини 4-16 январь кунлари Наманганда ўтказиб, кунига икки маҳалдан “Ёш куч” стадионида машғулотлар олиб борди. Шунингдек, ушбу тайёргарлик жараёнида “Андижон” билан иккита ўртоқлик баҳси ўтказиб, мазкур ўйинларда 1:0 ҳамда 2:0 ҳисобларида ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик.

Тайёргарликнинг иккинчи босқичини эса 18 январдан пойтахтимиз Тошкентда, “Тўқимачи” стадионида кунига икки маҳалдан олиб боряпмиз. Тошкентдаги йиғин давомида бир қатор ўртоқлик учрашувлари ўтказишни ҳам режалаштирганмиз.         

Фурсатдан фойдаланиб, яна шуни ҳам таъкидламоқчиманки, жамоамизга Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, “Навбаҳор” ПФК вице-президенти Отабек Арифович Саматов барча шароитларни яратиб беришмоқда.

Бунинг учун жамоамиз мураббийлар штаби номидан уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Худо хоҳласа, янги мавсумда жамоамиз совриндорлар сафидан ўрин олиш учун кураш олиб боради.              

Маълумот учун

Мустафо Байрамов – 1964 йил, 7 январда Наманган шаҳрида туғилган.

Футбол билан 10 ёшидан шуғулланишни бошлаган.

Биринчи мураббийлари: Павел Ким, Анвар Сулейманов.

Амплуаси: ҳимоячи.

Оилали, 2 фарзанднинг отаси, 4 набиранинг буваси.

Мухлислик қиладиган клуби: “Барселона” (Испания).

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 23:03, 20.01.2021.
Ўқилди: 3418 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.