«Ҳоким Кубоги»нинг 2-туридан ўрин олган «Бунёдкор» - «Турон-2» (3:2) учрашувидан кейин тошкентликлар мураббийи Марат Мифтахуддиновнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Тахмин қилганимдек бўлди. «Турон» бугун аралаш таркибнинг хизматидан фойдаланди. Бунга тайёр эдим. Режага кўра, биринчи бўлимда ёш ўйинчиларни майдонга тушириб, иккинчи таймда тажрибали футболчилар ҳисобига ўйинни кучайтирмоқчи эдим. Ҳаммаси режа асосида кетди. Дарвозабонимизнинг хатосини инобатга олинмаса танаффусга ғолиб бўлиб йўл олишимиз керак эди, аммо бўлимни мағлуб ҳолда якунладик. Захирадан майдонга тушган тажрибали футболчилар жамоамиз ўйинини кучайтира олди ва иродали ғалабани қўлга киритдик. Бугун қайсидир маънода тактик футболга гувоҳ бўлдик.
Кеча айтганимдек, биз мусобақа орқали янги мавсумга ҳам тайёргарлик кўряпмиз. Албатта мураббий сифатида кубокни қўлга киритишни истайман, бироқ Суперлигани ҳам унутмаслик зарур. Шунинг учун Фарғонага келганимиздан бери футболчиларга дам бераётганимиз йўқ. Хусусан, эртага ҳам икки маҳал машғулот ўтказамиз. Бу орқали албатта йигитларга оғир юкламалар берамиз. Шунинг учун учрашув давомида футболчиларнинг ҳаракатида оғирлик сезилиши мумкин. Буни тўғри қабул қилиш керак.