Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ўзбекистон - Аргентина. Матбуот анжуманидан ўйинолди фикар ва саволларга жавоблар

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, Ўзбекистон футзал терма жамоаси 2-3 февраль кунлари, амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Ушбу учрашувлар олдидан, Тошкент шаҳридаги «Hilton» меҳмонхонасида жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда иккала томон вакиллари ўйинолди, ўз фикр мулоҳазаларини билдирган ҳолда журналистлар томонидан йўлланган саволларга жавоб беришди.

Матиас Рауль Люсьюкс:

"Ўйлайманки, бизни Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири бўлган, Ўзбекистон термасига қарши анча қизиқарли кечадиган икки ўртоқлик учрашуви кутиб турибди. Ушбу қарама-қаршиликка тайёргарлик кўриш учун бизда кўп вақт бўлмади. Аммо, ушбу икки кун бизга етарли бўлди деб ҳисоблайман. Албаттаки, бундай ўйинлар Литвада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Шу сабабли, биз Европанинг кучли чемпионатларида тўп тепадиган футзалчиларимизни ҳам йиғинга жалб қилишга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, иккала баҳс ҳам томошабинларга ёқадиган қизиқарли тарзда кечади"

Баҳодир Ахмедов:

"Аввало, мана шундай ўртоқлик ўйинларини ташкил этаётганлиги учун УФА раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Боиси, бундай даражадаги жамоага қарши ўйнаш бизга анча яхши тажриба бўлади. Тайёргарлик борасида айтишим мумкинки, биз эрта ва индин бўлиб ўтадиган баҳсларга жуда яхши тараддуд кўрдик. Йигитларнинг барчаси яхши ҳолатда. Иккала тўқнашувда ҳам чиройли ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Албатта, бунга мухлисларнинг ўзлари гувоҳ бўлишади"

 

Баҳодир Ахмедовга саволлар:

-Олдиндаги ўйинларда кўпроқ тажрибали футзалчиларни кўрамизми, ёки ёшларга эътибор қаратиладими?

"Албатта, ёшларга кўпроқ имконият берамиз. Чунки, бизда 2016 йилги жаҳон чемпионатида ўйнаганлардан жуда камчилик қолган. Булар ҳам бўлса, Рустам Умаров, Дилшод Раҳматов, Жавлон Аноров. Шу сабабли кўпроқ ёшларга эътибор қаратамиз. Сабабики, бундай баҳслар уларнинг тажриба орттиришига ва тезроқ ўсишига туртки бўлади. Аслида ҳам мана шундай ўйинларда ёшларни синаб кўриш энг тўғри иш. Тажрибали йигитлар ёшларга фақат ёрдам беришмоқда. Хурсанд қиладигани, ёш футзалчилар ҳам катталар билан бир хил даражада ўйин кўрсатишмоқда"

- Аргентина терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш cизнинг ташаббусингиз эдими?

"Юқорида ҳам айтиб ўтдим. Биринчи галда Ўзбекистон футбол ассоциациясига миннатдорчилик билдираман. Пандемия вазиятида ҳам Марокаш, Эрон каби термалар билан ўйнадик. Буларнинг барчаси ассоциация томонидан ташкил этилмоқда"

-Осиё чемпионатининг қолдирилиши миллий терма жамоамиз учун қанчалик фойдали бўлди?

"Фойда ёки зарар бўлгани ҳақида аниқ гап айта олмайман. Аслида, дастлаб Туркманистонда ўтказилиши керак бўлган ушбу турнир бир неча маротаба қолдирилган бўлсада, биз ҳар доим яхши тайёргарликда бўлдик. Бироқ, ҳозир ҳам йигитларнинг спорт формаси кўнгилдагидек дейишим мумкин. Аммо, барибир турнирнинг қолдирилгани мен учун яхши бўлмади"

- 2016 йилги Жаҳон чемпионати термамизнинг ҳозирча, энг яхши натижаси бўлиб қолмоқда. Ўшанда таркибда етарлича кучли ва тажрибали футзалчилар бор эди. Нима деб ўйлайсиз, мундиалдаги таркиб кучлироқми ёки ҳозирги
йигитлардан бундан ҳам кўпроғини кутиш мумкинми?

"Албатта, ҳар бир давр авлодининг турфа хил кучли томонлари бўлади. Қўл остимдаги таркибнинг устун тарафи бизда ёшларнинг кўплигидадир. Ҳар бирининг кучли жиҳатини албатта, топса бўлади. Ҳар бир авлодни ўзига яраша кучли томони бўлади"

-Жаҳон чемпиони мақомидаги Аргентина ҳақида нима дея оласиз? Рақибнинг қайси жиҳатларига кўпроқ эьтибор қаратиш керак?

"Аргентина жуда ҳам сабрли жамоа. Бизга муаммо туғдирадиган алоҳида жиҳат бу уларнинг дарвозабони. Чунки у ўта мураккаб вазиятда ҳам ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолади. Майдондаги футзалчилар эса, мураббийнинг айтганларини сўзсиз ва ўз ўрнида бажарган ҳолда, минимум имкониятдан максимум фойдаланишади"

-Рустам Умаровдан сўнг дарвоза учун муносиб номзодлар борми?

"Ёшларимиздан иқтидорли дарвозабонлар бор. Рустам уларга ёрдам бермоқда. Улардан бири Аббос Элмуродов, Эрон билан баҳсда яхши таассурот қолдирди. Умуман олганда, дарвозабонлар борасида хотиржамман десам ҳам бўлади"

Матиас Рауль Люсьюксга саволлар:

-Даража жиҳатидан Аргентина Ўзбекистон терма жамоасига қараганда бироз юқори туриши маълум. Бундай вазиятда, шогирдларингизда рақибни менсимаслик ҳолатлари кузатилмаяптими?

"Рақибларимизни кучли жамоа деб бемалол айтиш мумкин. Улар йиллар мобайнида шаклланиб келган, ўз ўйин услубига эга жамоа ҳисобланишади. Бу услубда, жамоада олдинроқ ишлаган испаниялик мутахассислар имзосини ҳам кўриш мумкин. Жаҳон чемпионатида иштирок этган жамоани ҳеч қанақасига кучсиз деб бўлмайди. Мен иккала томондан ҳам тенг кучли ўйин кутяпман. Бу учрашувлар иккала томон учун ва айниқса биз учун жуда фойдали бўлади. Агар шундай бўлмаганида биз бундай таклифни қабул қилмаган бўлар эдик"

-Тарихга назар солиб, айтиш мумкинки, Аргентина терма жамоаси сўннги йилларга келиб, анча шаклланган ҳолда, 2016 йилги жаҳон чемпионати олтин медалини қўлга киритди. Сўнгги жаҳон чемпионати саралаш босқичида ҳам фаол иштирок этиб, ўз қитъасида биринчиликни эгаллаяпти. Бундай қисқа фурсатда юқори даражадаги ўсишнинг юзага келиши борасида нима дейа оласиз?

"Бундай вазиятда биз, биринчи навбатда ўз кучимизга ишона бошладик. Ҳар бир турнирни ўта жиддий қабул қилдик ва фақат ғалаба учун майдонга тушдик. Энг асосийси, бизда индивидуал салоҳиятга эга футзалчилар талайгина. Биз улардан тўғри фойдаланишни йўлга қўйдик. Шунингдек, ҳар бир ФИФА кунидан унумли фойдаландик, ҳеч бир ўйин, ҳеч бир тайёргарлик эътиборимиздан четда қолмади. Ҳозирда, асосий мақсадимиз Литвадаги жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриб, у ерда ҳам чемпионликни қўлга киритиш"

-Бизда ички чемпионат ўйинлари давом этаётгани боис футзалчиларимизнинг ҳолати яхши. Бу борада Аргентина термасидаги вазият қандай?

"Бизда ҳам бир неча ой мобайнида чемпионат баҳслари бўлмади. Лекин, шундай бўлсада, чемпионатни охирига етказиб қўйишга муваффақ бўлдик. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб иш кўрдик. Лекин, жамоадагиларнинг ҳозирги ҳолати хеч нарсага баҳона бўла олмайди"

-Ўзбекистон футзал терма жамоасини ўрганиб чиқдингизми? Қайси футзалчилар эътиборингизни тортди?

"Ўзбекистоннинг Эронга қарши ўтказган икки учрашувини кўриб чиқдим. Улар ҳам ҳимоя, ҳам ҳужумда агрессив ўйин тақдим этишади. Бу ҳолат бизга ёқади. Боиси, биз ҳам шундай услубда ўйнаймиз. Таркибнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Ўшбу учрашув аргентиналик ишқибозлар учун ҳам жуда қизиқ ва аҳамиятли. Чунки, биз сўнгги пайтларда халқаро ўйинларда деярли иштирок этмаётган эдик"

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳамда Аргентина терма жамоалари ўртасидаги учрашув эртага, соат 18:30да «Ўзбекистон» спорт мажмуасида старт олади.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 21:19, 01.02.2021.
Ўқилди: 4518 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.