Бугун Англия премьер-лигасининг 22-туридан ўрин олган марказий учрашув бўлиб ўтади. "Тоттенхэм" ўз майдонида "Челси"ни қабул қилмоқда. Мазкур ўйинга превью тарзда тўхталиб ўтамиз.
“Тоттенхэм”
“Тоттенхэм” мавсумни ажойиб бошлаган ва дастлаб Премьер-лига чемпионлиги учун потенциал даъвогар сифатида айтилаётган эди. Бироқ, декабрь ойидан буён “кетмони учмаётган” "шпорлар" мусобақа жадвалидаги сўнгги тўққизта ўйиннинг атиги иккитасида ғалаба қозонишди. Ушбу натижалар сабаб улар турнир жадвалида 7-ўринга тушиб кетишди. Португалиялик мураббий Жозе Моуриньо АПЛда ҳеч қачон кетма-кет уй учрашувларида мағлубиятга учрамаган. Шунингдек, "Шпорлар" "Челси"га қарши охирги 6 ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти. Агар, бугун Жозе шогирдлари мағлубиятга учраса, шу каби бир қанча антирекордлар янгиланиши мумкин.
“Челси”
Рақиблари сингари "Челси"нинг ҳам ишлари жойида эмас. Мавсум аввалида таркибини бир қанча етакчи футболчилар билан тўлдирган бўлса-да, "аристократлар" ҳалигача барқарор ўйин кўрсатмаяпти. Сўнги 10 ўйинда атиги 3 тагина ғалаба қозониш эвазига, икки ой ичида турнир жадвалининг энг юқори поғонасидан 7-ўрингача чиқа олишган. Яқинда жамоа бош мураббийлигини эгаллаган Томас Тухел учун жиддий синов энди бошланади. Тухел қўл остидаги илк ўйинда, лондонликлар голсиз дуранг қайд этишган бўлса, ўтган турда "Бёрнли" жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Мураббий ҳақиқий потенциалини бугунги учрашувда кўрсатишга ҳаракат қилади.
Жамоа янгиликлари ва йўқотишлар
Жамоанинг ҳақиқий лидери Ҳарри Кейн "Ливерпул"га қарши ўйинда тўпиғидан жароҳат олган. Клуб матбуот хизматининг айтишишича, жамоа сардори икки ҳафта майдонга тушмайди. Шунингдек, бугун жамоага Делли Алли, Регилон, Ло Чельсо каби ўйинчилар ҳам ёрдам беролмайди. Бир қанча манбаларнинг хабар беришича, "Тоттенхэм" футболчиси Серж Орье "Ливерпуль"га қарши ўйин пайтида алмаштирилгандан сўнг мураббийга аччиқ қилиб, майдондан чиқиб кетган. Шу сабабли ўтган турдаги "Брайтон"га қарши учрашув қайдномасига ҳам киритилмади. Бугун ҳам унинг майдонга тушиши сўроқ остида бўлиб турибди.
Рақибидан фарқли ўлароқ, "Челси" жамоасида йўқотишлар йўқ. Ҳаким Зиешнинг жисмоний тайёргарлиги ҳақидаги кичик муаммони демаса, Томас Тухел шогирдлари жанговар таркибда майдонга тушишини тахмин қилиш мумкин. Курт Зума ва Кай Хаверцнинг жароҳатлари ҳам жиддий бўлиб чиқмади. Анча пайтдан бери жамоага ёрдам беролмаётган Н’Голо Канте ҳам сон мушаклари билан боғлиқ жароҳатидан тўлиқ қутулди. Айни пайтда мураббийнинг танлов борасида боши бироз қотган бўлиши мумкин. Лекин катта эҳтимол билан "Бёрнли"га қарши майдонга тушган таркиб, бугун ҳам ҳаракат қилса керак.
Қарама-қаршиликлар ва эҳтимолий таркиб
Бугунги учрашув икки жамоа ўртасидаги 169-ўйин ҳисобланади. 72 та ўйинда "аристократлар" ғолиб бўлган бўлса, "шпорлар" 55та ғалабани ўз ҳисобига ёздириб қўйган. "Тоттенхэм" охирги марта 2019-йил "Хотспур стэдиум"да "Челси" устидан ғалаба қозонган. Бу жамоаларнинг биринчи даврада "Стемфорд Бриж"да ўтган ўйинда томонлар 0:0 ҳисобида ўйнашган.
“Тоттенхэм” (4-3-3): Льорис, Давинсон Санчес, Тоби Алдервейрелд, Жо Родон, Метт Доэрти, Сиссоко, Ндомбеле, Хёйберг, Сон Хёнг Мин, Бергвейн, Карлос Винисиус.
"Челси" (3-4-3): Менди, Аспиликуэта, Тиаго Силва, Рюдигер, Хадсон-Одои, Жоржиньо, Ковачич, Алонсо, Хаверц, Вернер, Абрахам.
Бугунги учрашувдаги бирор бир жамоанинг ғалабаси кучли учликда жойлашган клубларнинг ўрнига катта таъсир қилмас, лекин ҳозирги пайтда икки жамоа ҳам бир хил 33 очкодан жамғарганини ҳисобга олсак, агар "Челси" қозонса, рақибидан ўтиб кетиши мумкин. Жозе шогирдлари муваффақиятга эришадиган бўлса, "кўклар"дан 3 очко олдинга ўтиб кетишади.
Учрашув Тошкент вақти билан 4-февралдан, 5-февралга ўтар кечаси тунги соат 01:00да бошланади.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.