Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Мен энг бахтли аёлман, бахтим сири эса…» — Оксана Чусовитина билан эксклюзив суҳбат

Баҳо:
+ | -

Катта спорт мусобақаларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчиларимиз кўп. Улардан бири – етти карра олимпиада ўйинларида иштирок этган спортчи, Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритган гимнастикачимиз, халқаро тоифадаги спорт устаси, қатор давлат мукофотлари соҳибаси Оксана Чусовитина. Спортчимиз Олимпиада ўйинларида саккизинчи бор Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. «Замон.уз» мухбирлари  спортчи билан суҳбатлашди.

– Билишимизча, сиз айни дамларда Германиядасиз. Германияга нима сабабдан ташриф буюрдингиз?

– Ҳа, мен айни кунларда Германияда тайёрланяпман. Чунки биз тайёрланадиган зал COVID марказга айлантирилган эди. Жаҳон кубогига тайёргарлик этапи бошланмоқда. Шу сабаб бизга шундай имконият яратилди. Бунинг учун Ўзбекистон олимпия қўмитасига, федерацияга  жуда яхши шароитларда тайёргарлик кўриш учун имконият яратиб беришгани учун ташаккур билдираман. Март ойи бошида Жаҳон кубогининг биринчи этапи бошланади, бу спорт  мусобақаларида мен ҳам иштирок этаман.

–  2020 йилда Токио-2020 Олимпиада ўйинлари ўтказилиши керак эди. Аммо пандемия сабаб  Токио Олимпиадаси келгуси йилга қолдирилди. Сиз ҳам Олимпиадада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиласиз. Бизга маълумки, сиз саккизинчи бора Олимпиада ўйинларида иштирок этасиз.

– Мен олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўряпман. Бу катта спорт ўйинларида  ватаним шарафини ҳимоя қиламан.

Пандемия сабаб олимпиада бошқа вақтга кўчирилди. Албатта, бундан хафа бўлдик. Аммо умидимизни узмаймиз, бутун дунё пандемияни бошидан ўтказяпти. Мақсад, истак, орзу бор. Мен қўлимдан келганича Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраман.

– Олимпиададан қандай натижаларни кутяпсиз?

– Олимпиада бирор натижа кутиш ҳақида ҳали эрта. Ҳар бир спортчи бу ўйинларда юқори натижаларга эришишни  истайди. Ҳар бир ўзини ҳурмат қиладиган спортчи сингари мен ҳам энг юқори натижаларга эришиш учун тайёргарлик кўраман.

– Токио ўйинларидан сўнг сизни яна Олимпиадаларда кўрамизми?

– Йўқ, бу менинг Олимпиада ўйинларидаги охирги иштироким бўлади. Бундан кейин Ўзбекистонда  спортни ривожлантириш бўйича иш олиб бораман. Клуб очишни режалаштирганман. Унда турли ёшдаги болалар иштирок этиши мумкин. Шу сабаб Токио Олимпиадаси катта спортдаги сўнгги иштироким бўлади.

– Шогирдлар тайёрлаяпсизми? Улар спортда қандай натижаларга эришяпти? Улардан Оксана кўрсатган натижаларни кута оламизми?

– Айни  пайтда шогирдлар тайёрламаяпман, чунки бор эътиборимни Олимпиадага тайёргаликка қаратганман.

– Ўзингиз оддий мухлис сифатида қайси спортчига мухлислик қиласиз?

– Спортнинг бир нечта турига ишқибозман, севиб томоша қиламан. Шу сабаб ҳам айни бир спортчига мухлислик қилмайман.  

– Сиз дунёда машҳур спортчисиз. Аммо оилада сиз ҳам барча каби рафиқа, она ва оддий  бекасиз. Спорт ва оилани бирга олиб бориш қийин кечмайдими?

– Мен жуда бахтли аёлман. Турмуш ўртоғим ҳар жабҳада мени қўллаб-қувватлайди, ёрдам беради. Мени яхши кўрадиган ўғлим бор. Оилада муҳаббат,  истак, ўзаро тушуниш бўлса, оила бахтли бўлади. Мен жуда бахтли аёл, она, аёлман. Оилам мени доим қўллайди, бахтимиз сири ана шунда деб ўйлайман.

– Оила аъзоларингиз бека Оксана Чусовитина тайёрлаган қайси таомни севиб истеъмол қилишади?

– Оиламиз билан турли ширинликлар, тортларни севиб истеъмол қиламиз.

– Ҳаётда қандай шиорга амал қиласиз?

– Эртага пушаймон қилмаслик учун бугун ҳаракат қил ёки уриниб кўр деган шиорга амал қиламан.

– Сайтимиз мухлисларига тилакларингиз?

– «Замон.уз» сайтини мен ҳам кузатиб бораман. Сайт мухлисларига мустаҳкам соғлик, эзгуликлар тилайман. Спортчиларга мухлислик қилишаётгани, қўллаб-қувватлашлаганлари учун ташаккур билдираман. Мухлислариимзнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Дилфуза Зарипова ва Учқун Намозов суҳбатлашди.

Манба: zamon.uz
Киритилди: 16:01, 09.02.2021.
Ўқилди: 3006 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.