Кириш Регистрация

«Бавария» учун аталган мавсум

Баҳо:
+1 | -

Одатда йил якунида ўтказилиши керак бўлган, аммо пандемия сабаб бироз ортга сурилган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам кеча ўз ниҳоясига етди. Мюнхеннинг "Бавария" ҳамда Мексиканинг "Тигрес" жамоалари ўртасида кечган учрашувда германияликларнинг қўли баланд келди. Учрашувдаги ягона голга, франциялик футболчи Бенжамин Павар муаллифлик қилди ва "Бавария" клублар ўртасидаги жаҳон чемпиони совринига эга чиқди. Учрашувда кўплаб хавфли вазиятлар яратилган бўлса ҳам, ягона гол учрашув тақдирини ҳал қилди. Бу эса "немис машинаси"га мавсумдаги 6-чемпионлик кубогини олиш учун етарли бўлди.

"Бавария" учун 2020-йил ҳақиқатдан ҳам омадли кечди. Улар кетма-кет олтин медалларга эга чиқишни бошлашди. Бу юриш июнь ойида Бундеслига чемпионлиги билан бошланган бўлса, кейинчалик Германия кубогида зафар қучди, сўнгра август ойида Чемпионлар Лигаси олтин медалларини ҳам ўзиники қилишди. Германия ва Европа суперкубогидаги ғалабалари "Бавария"нинг мавсумдаги 5-чемпионлиги бўлди. Кечаги ғалабадан сўнг, мавсумдаги барча мусобақаларда ғалаба қозонган жамоа сифатида тарихда қолди. Ушбу олтита совриннинг ҳаммасини қўлга киритиш учун "Бавария"га атиги етти ой керак бўлди.



Ёзда қайд этилган требл, "Бавария" учун иккинчиси бўлди. Улар 2012/13 йилги мавсумда ҳам тўртта совринга эга чиқишган эди. Ўша мавсумда улар клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида Марокашнинг "Ража Касабланка" жамоасини мағлуб этганди. Кечаги чемпионликдан бир мавсумда олтида титулга эга чиқиб, "Барселона"нинг натижасини такрорлади. Каталонияликлар 2009-йилги мавсум давомида шунча совринга эга чиқишган.



"Бавария" кечаги ғалабасидан сўнг, Бразилиянинг "Коринтианс" жамоасига клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблиги бўйича етиб олди. Мазкур жамоаларда иккитадан ЖЧ олтин медаллари бор. Фақатгина, "Реал Мадрид" (4) ва "Барселона" (3) жамоалари бу мусобақада улардан кўп ғолиб бўлишган.

"Бавария" бундан етти йил олдин ҳам мавсумдаги барча совринларга эга чиқиши мумкин эди, аммо Юрген Клоппнинг "Боруссия Дортмунд" жамоаси бунга имкон бермаган. Томонларнинг Германия суперкубоги доирасидаги учрашувида дортмундликларнинг қўли баланд келган. "Барселона" ҳам олти титулни ҳаммасини фақатгина 2009-йилда қўлга киритган. 2015-йилги мавсумда улар жуда яқин келишган эди, аммо Билбаонинг "Атлетик" жамоаси бунга йўл қўймаган.



Ханс Флик "Бавария" билан 15 ой ичида олтинчи совринни қўлга киритди: У 2019-йилнинг ноябрида жамоага келди ва мюнхенликларнинг ушбу медаллар қўлга киритиш бўйича сериясини ташкил қилди. Афсусуки, немислар жорий йилги мавсумда ўтган йилги ишларини такрорлай олмайди, чунки улар январ ойи ўрталарида иккинчи дивизион вакили "Ҳолштайн" жамоасига мағлуб бўлди ва Германия кубоги баҳсларидан чиқиб кетди.



Кингсли Команнинг медаллар жавони кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Кечаги учрашувдан сўнг, совринлари қаторига янги мусобақа медали қўшилди. Бу - клублар ўртасидаги ЖЧ. Ақл бовар қилмаси натижа, 24 ёшида 21-совринига эга чиқиш. Эҳтимол, унинг 25 ёшга тўлганида медаллари сони ҳам 25 тани ташкил қилар. Унинг туғилган куни 13-июн куни.



"Бавария"нинг бешта футболчиси ўз карьераси давомида иккинчи марта клублар ўртасидаги ЖЧ совринига эга чиқишмоқда. Булар Мануэл Нойер, Давид Алаба, Жером Баотенг, Хави Мартинес ва Томас Мюллер. Тўғри, уларнинг иккитаси ғалабани жамоаси билан бирга нишонлай олмади, чунки Жером Баотенг яқин инсонидан ажралганлиги сабаб, шошилинч равишда Германияга учиб кетган бўлса, Томас Мюллернинг коронавирусга топширган тести ижобий натижа чиққанлиги учун, мазкур учрашувни ўтказиб юборди.

Икки ҳафтадан сўнг "Бавария" Чемпионлар Лигасидаги юришини бошлайди. Уларнинг рақиби Италиянинг "Латсио" жамоаси. Бу мавсумда немислар "Реал Мадрид" жамоасининг натижасини такрорлаб кўришга ҳаракат қилиб кўради, яъни кетма-кет ЕЧЛ мусобақасида ғолиб бўлиш учун майдонга тушишади.



Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, "Бавария" кечаги учрашувдан сўнг, нафақат Германияда, балки бутун дунёдаги энг кучли жамоалардан бири эканлигини исботлаб қўйди. Бу эса жамоага Чемпионлар Лигаси учрашувларидан олдин жамоанинг ўзига нисбатан ишончини янада оширади. Жорий йилги мавсумда Германия кубогидан чиқиб кетган бўлса-да, бундеслигада энг катта таъқибчиси "Лейпсиг"дан 7 очко кўп жамғариб турнир жадвалида 1-ўринда кетмоқда. Биз эса "Бавария" мухлисларини кечаги чемпионлик билан табриклаган ҳолда, севимли жамоасининг кейинги ўйинларида ҳам зафарлар тилаб қоламиз.

Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 13:30, 12.02.2021.
Ўқилди: 2831 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.