"Милан" бош мураббийи Массимилиано Аллегри жамоа ҳужумчиси Алешандре Пато ҳеч қаерга кетмаслигига умид билдирди. Бу ҳақда "Football Italia" интернет-нашри хабар бермоқда.
"Пато жамоамизда қолишига жуда ҳам умид қиламан. Чемпионатнинг биринчи қисмида у кўп жароҳат олганди. Унда ҳозир ҳаммаси жойида ва у бизнинг қишдаги энг асосий "харидимиз"га айланиши мумкин. Ўртамизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Афсуски, матбуот ўзининг ишини қилмоқда", деди Аллегри.
"Тевес ҳақида эса ҳеч нима дея олмайман. Адриано Галлиани билан бу мавзуда гаплашганим йўқ. Ҳозир Тевес "Манчестер Сити" ўйинчиси. Мен бошқа жамоаларнинг ўйинчилари ҳақида фикр билдира олмайман", деди италиялик мутахассис.
"Ҳозир менинг ихтиёримда, ярим ҳимоя чизиғи учун, атиги учта футболчи бор. "Аталанта"га қарши учрашувга ҳозир фақат ван Боммел, Ночерино ва Боатенг тайёр. Треквартист ўрнида Робиньо ёки Эмануэльсон ҳаракат қилиши мумкин. Қанот ҳимоясига Бонера ва Замброттани қўйган бўлардим, аммо бу ерда ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўриш керак", деди "Милан" устози.
"Аталанта"га қарши баҳс осон бўлмайди. Бергамо жамоаси, айтайлик, худди "Интер" каби 26 очко тўплашга муваффқа бўлган", дея қўшимча қилди "Милан" бош мураббийи Массимилиано Аллегри.
"Милан" Италия чемпионатидаги 16 тур учрашувларидан сўнг 34 очко тўплагани ҳолда, "Ювентус" билан бирга пешқадамлик қилмоқда.