“Реал Мадрид” немис футболчилари учун 9 марта трансфер бозорида фаол харидор бўлган. Назаримда жуда кам, бироқ топ даражага етган немис футболчилари бошқа жойда тўп тепмасдан, ўз мамлакати бош жамоасининг либосини кийиши бу табиий ҳол эканлигини ҳаб инобатга олиб қўйиш керак.
Бугун кўпчилик футбол ихлосмандларининг суюклиси ҳисобланган Мадрид жамоасида ўз имзосини қолдирган ва ҳозиргача ёрқин фаолият олиб бораётган 9 шоввоз ҳақида суҳбат қурамиз.
9. Кристоф Метцельдер
Жамоага келган: эркин агент
"Реал"даги мавсумлар:2007-2010
Ўйинлар:31
Статистика: 1 ассист
Марказий ҳимояда ҳаракат қилган Кристоф “Боруссия Дортмунд”дан “Реал”га 2007 йилнинг ёзида, эркин агент сифатида ўтади. Футболчининг жамога келиб қолиши ўз-ўзидан содир бўлмаган. Ўша вақтда жамоа бош мураббийи, германиялик Бернд Шустер уни мадрид жамоасига таклиф қилади ва бу орқали Шустер ҳимоядаги камчиликларни бартараф қилишни ўйлаб кўйган бўлади.
Кристоф Мадридга келганда 27 ёшда эди ва терма жамоага мунтазам чақириларди. Иван Элгеранинг ўрнини босиш учун келган футболчини эски жароҳатлари тез-тез безовта қилиб турарди. Унинг Мадриддаги ишлари ёмон бошланмаган, аслида. Мавсумнинг дастлабки 5 ўйинида майдонда ҳаракат қилган бўлса, шундан тўрттасини асосий таркибда бошлаган.
“Атлетико Мадрид” устидан 2:1 ва “Вилъяреал” устидан 5:0 ҳисобидаги ғалабаларда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Чемпионлар лигасидаги илк учрашувда Каннаварро билан биргаликда ҳимоя чизиғида ёш Марселога кўмаклашган. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиб турган вақтда унинг жароҳатланган оёғи безовта қила бошлайди ва мавсумниг бошидаёқ жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлади.
Шу тариқа ажойиб тарзда бошланган мавсумда у бор йўғи 13 марта майдонга тушишга улгуради холос. Кейинги мавсумда 15 ва 2009\10 йили Мануель Пеллегрини қўл остида учта ўйин ўтказади. “Реал”даги омадсиз фаолиятига қарамай Ла Лига ва Суперкубокни қўлга киритган Кристоф Мадридга қандай келган бўлса, шундай кетади. Яьни “Шалке 04”га бепул ўтади.
8. Сами Хедира
Нархи: 14 млн евро
Мавсумлар:2010-2015
Учрашувлар:161
Статистика: 9 гол\13 ассист
Сами Хедира 2010 йил ёзида клубга олиб келинган икки ёш немисдан бири эди. 2010 йилги Жаҳон чемпионатида Германия терма жамоасининг асосий таркибидан муҳим жой эгаллаган Хедира, майдон марказида ишончли ва кучли ўйин кўрсатади, бу эса Жозе Моуриньо қураётган “Реал”га айни керакли жиҳатлар эди.
“Штутгарт” билан шартномаси тугашига 1 йил қолган футболчига кўплаб клублар "оғиз солган" лекин, якунда ушбу трансфер қироллик клубига насиб қилган. Жамоага келиши билан “Реал”нинг ўша пайтлардаги 4-2-3-1 қўринишидаг схемасига мослашиб, марказда Хаби Алонсо билан ажойиб жуфтлик ҳосил қилган. Дастлабки мавсумнинг ўзидаёқ 40 учрашувда майдонга тушган Хедира айрим учрашувларда такрорланмас узатмаларни амалга ошириб жамоаси ғалабларига муносиб ҳиссасини қўшган.
Шундай учрашувлардан бири “Барселонага” қарши Испания Кубоги учрашуви эди. Роналду, Ди Мария, Бензема ва Ўзиллар ўзи ўйинларидаги барқарорликни ушлаб туришларида Хедиранинг ўрни беқиёс бўлган. Ҳатто, у Моуриньонинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланган. Жозе билан 3 соврин қўлга киритади. Европанинг кучли клублари сафига қайтган “қироллик клуби” 2011\12 йил, Моуриньо қўл остида энг кучли мавсумини ўтказади.
Драматик кечган Чемпионлар лигаси ярим финалида “Бавария”га пеналтилар сериясида мағлубиятга учрайди.
Кейинчалик, жамоага Карло Анчелотти келган даврда ҳам Хедира муҳим футболчи саналган, лекин жароҳат туфайли у деярли бир мавсумни ўтказиб юборади. Бу вақт ичида Анчелотти Хаби Алонсо, Лука Модрич ва Анхель Ди Мариялардан иборат ўз яримҳимоя чизиғини қуради.
Табиийки, жароҳатдан қайтган футболчи учун янги мураббий ва худди шундай ўйин услубига мослашиш қийинчилик туғдиради. Натижада, Хедира асосий таркибдаги ўрнини йўқотади. Шундай бўлсада, "Реал" билан тузган 5 йиллик шартномаси якунига қадар жамоада қолади. Сўнгра, эркин агент сифатида 2015 йил “Ювентус”таркибига бориб қўшилган Сами, Мадрид жамоасидаги фаолияти давомида Чемпионлар лигасида, Испания чемпионати ва кубогида, Европа Суперкубоги ҳамда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бир мартадан зафар қучади.
7. Бернд Шустер
Мавсумлар : 1988-1990
Бернд Шустер испан футболида жуда кўп баҳсларга сабаб бўган футболчи. У "Барселона", "Реал" ва "Атлетико" жамоалари шарафини ҳимоя қилган ягона футболчи. Каталонияда 8 йил тўп тепгандан сўнг “Реал” билан 3 йиллик шартнома имзолайди. Шустер жамоага мадридликлар ички фронтда етакчилик қилаётган даврда келади. Бош мураббий голландиялик Лео Бенхаккер уни майдон марказига қўяди.
Биринчи мавсумда “Бланкос” билан барча ички турнирларда ғолиб бўлади. Шу билан бирга "қаймоқранлилар" Европада ўша пайтдаги афсонавий “Милан”га мағлуб бўлишади. Мадридда 1-1 ҳисобида дуранг ўйнаган “қизил қоралар” Сан Сирода йирик 5:0 натижасида ғалабани тантана қилишади. “Реал”даги ажойиб икки мавсумдан сўнг Шустер мадридлик мухлисларнинг ёқимтой футболчисига айланади.
Келаси мавсумга тайёргарлик учун жамоа Марказий Америкадаги турнир учун бориши керак бўлган даврда Шустерда кичик жароҳат мавжуд бўлади ва у клуб президенти Мендосадан бу турнирга бормаслиги ва унга дам берилишини сўраганда, клуб президенти бунга қаршилик қилади. Шу тариқа, раҳбарият билан чиқиша олмаган Бернд шартномани узайтирмай “Атлетико” сафига эркин агент сифатида йўл олади.
6. Бодо Илгнер
Учрашувлар:119
Галдаги мавсумда мураббийлик жиловини Юпп Хайнкес қўлга олгач, Сантяго Канисаресни асосий таркибда тушира бошлайди. Аммо, мавсум ўртасида “Тенерифе” клубидан учралган 4-3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг Хайнкес Илгнерни асосий таркибга қайтаради. Мавсум сўнггида жамоа Чемпионлар лигасида ғалаба қозонади. Юқори даражада ўйин кўрсатиб келаётган дарвозабон кутилмаганда оғир жароҳат олади.
Бу эса сизу биз яхши таниган футбол фарзандлиридан бири кашф этилишига имкон яратди. Ҳа ўша Икер Касиляс катта майдонда. Илгнер дарвозабонлар учун жуда эрта ёшда катта футбол билан хайрлашади. Қандай ачинарли ҳолат. У бутсасини михга илганда эндигина 34 ёшда эди. Аммо, дарвозабон шу мазмунли ўтказган йиллари давомида Мадрид клуби билан 2 карра Испания чемпиони, 2 карра Чемпионлар лигаси ва Испания Суперкубогини қўлга киритган.
5. Гюнтер Нетцер
Трансфер нархи : эркин агент
Мавсумлар:1973-1976
Учрашувлар:100
Статистика:13 гол
Гюнтер Нетцер “Барселона” Ёхан Кройфни харид қилганига жавоб тариқасида амалга оширилган.Нетцер “Реал”га ўтишидан аввал терма билан 1972 йилги Европа чемпионлигини қўлга киритган. Нетцерга замонавий футболда Ракитич мисол бўла олади.Унда немисларга хос аниқлик яққол ажралиб турган.
У жамоага келиб қўшилганда 30 ёшларда бўлган,кимлардир унинг юлдузли йиллари ортда қолганини таъкидлаган. Унинг дебют мавсумда "Реал" чемпионатда саккизинчи ўринга тушиб кетган. Келаси мавсумда клубда бош мураббий ўзгаради. Жамоа Гюнтернинг дубли эвазига 1976 йил Кройфнинг “Барселона”сидан устун келади.Танқидчилар Гюнтерни “Реал” жамоасида ўйнаган энг яхши 10-рақамлилар қаторида эътироф этишади.
4 .Паулъ Брайтнер
Трансфер нархи: 500 минг евро
Мавсумлар:1974-1977
Учрашувлар:84
Статистика:10 гол
Қаҳрамонимизнинг ўзига хос характери бўлган у терма жамоалар учрашуви пайтида мадҳия айтиш жараёни, футболчиларнинг концентрациясига салбий таъсир қилади, деб ҳисоблаган. Мухлислар унинг хаёлларини ўқишга уринишар ва уни коммунистга чиқариб қўйишарди, бироқ Брайтнерга бу ҳодисалар ҳақорат эмас аксинча, мақтов бўлиб туйиларди. Гюнтердан бир йил ўтиб жамоага келиб қўшилган Паул ўзининг ҳамюртига ярим ҳимояда кўмаклашарди.
У 1974-йилги Жаҳон чемпионати финалида гол урган ва дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири ҳисобланган. Кучли зарбаси ва юқори жисмоний тайёргарлиги унга майдонда бошқалардан ажралиб туриш имконини тақдим этган.
Нетсер ва Брайтнер ўша даврдаги “Барселона” гегемонлигига чек қўйган деса ҳам бўлади. Икки карра Ла Лига ва Испания кубогини қўлган киритган қаҳрамонимиз 1977-йили Германияга, ўзи учун қадрдон “Бавария”га қайтиб кетади.
3. Месут Ўзил
Трансфер нархи: 15 млн евро
Мавсумлар:2010-2013
Учрашувлар:158
Статистика:27 гол,81 ассист
2010 йилги Жаҳон чемпионатидан кейин Месут Ўзилнинг иқтидорини бутун жаҳон кўради. “Барселона”, “Арсенал”, “Манчестер Юнайтед” ва ,албатта, “Реал” унинг харидорига айланишади.Унинг Мадридга келишида Моуринью катта рол ўйнаган. Клуб ўзилни дастлаб Какага ўринбосар сифатида кўради,лекин бразилиялик футболчи жароҳат туфайли сафдан чиқади.Кака лазаретда юрган пайтда Ўзил фантастик ўйини билан асосий таркибни нақд қилиб улгуради.
Унинг клубдаги энг яхши шериги шубҳасиз, Кристиано эди.Улар биргаликда чемпион бўлган мавсумда “Барселона” майдонидан ғалаба билан қайтишганида Ўзилнинг заргарона узатмасини Роналдо голга айлантирган эди. “Реал” сафида ҳаракат қилган даврида Ўзил ҳар бир учрашувда 0,82 голли вазият яратган экан.Ўзилнинг клубдан кетишига янги шартномани келиша олмагани сабаб қилиб кўрсатилади. Моуринью билан бир пайтда клубни тарк этганди.
2. Улрих “Ули” Штилике
Трансфер нархи: 908 минг евро
Мавсумлар: 1977-1985
Учрашувлар:308
Статистика:50 гол
Штилике Мадрид клуби билан шартнома имзолаганда 23 ёшда бўлган. Ўша даврдаги клуб президенти “Боруссия Мюнхенгладбах”нинг бошқа бир футболчиси билан шартнома имзоламоқчи бўлиб, Германияга боради ва Штиликенинг майдондаги ҳаракатларига лол қолганидан айнан уни танлайди.
Марказий ярим ҳимояда ҳаракат қилган германиялик, Испанияда ўйнайдиган энг яхши чет эллик футболчи совринини кетма-кет 4 маротаба қўлга киритган. Бундан ташқари у 3 йил Ла Лигада зафар қучган, Икки бора Испания кубоги ва бир маротаба УЕФА кубогини ҳам ютган. Ули бу рўйхатдаги энг яхши футболчи бўлишга энг асосий давогар эди, лекин жамоада яна бир немис пайдо бўлган...
1. Тони Кроос
Трансфер нархи: 25 млн евро
Мавсумлар: 2014-йилдан ҳозиргача
Статистика:21гол, 75 ассист
“Реал Мадрид” ва Тони Кроос бир-бири учун яратилгандек гўё. У таркибга келиб қўшилиши билан жамоанинг муҳим футболчисига айланиш жуда қийин масала эди, аслида. Бироқ, Кросс шундай футбочики у ҳар қандай клубда имконият берилса, майдон марказидаги "шеф"га айлана олади. Шу тариқа «Реал» 25 миллион евролик «сеҳргар»ни қўлга киритади. 2014 йил Бразилия яшил майдонларини шериклари билан “ёндирган” Тонига бошқа клуб қизиқиши мумкин эмасди, аслида.
Кроoс ўзининг дастлабки мавсумида 55 учрашувда майдонга тушган. Бундан кўринадики, бош мураббий Карло Анчелотти Хаби Алонсонинг ҳамма вазифасини унга юклаган. Ҳар бир ҳужум у орқали бошланишини хоҳлаган. Илк мавсумдаёқ требл қайд этиши мумкин бўлган "Реал" учун воқелар ривожи буткул ўзгариб, ўша йилги мавсум ЕЧЛ ярим финалидаги мағлубият ва Ла Лига етакчилигини асосий рақибга бой берилиши билан якунланган. Анчелоттининг ўрнини эса Рафа Бенитес эгаллаган ва унинг нима "каромат" кўрсатгани ҳаммага маълум.
Зидан бу йигитнинг янги қирраларини очган мураббий. Майдон марказида Каземиро, Модрич ва Кросс учлигига Европада 3 йил ҳеч ким туриб бера олмаганидан ҳам буни англаб олса бўлади. Кроoс ҳозир ҳам Зиданнинг асосий футболчиларидан бўлиб турибди. У нафақат “Реал”шанини ҳимоя қилган энг яхши немис футболчиси, балки футбол тарихидаги энг марказий ҳудуд эгаларидан бири бўлиб қолади.
Дарвоқе Тони “Реал” билан бирга 3 мартадан УЕФА Чемпионлар Лигаси ва Суперкубоги, 2 борадан Ла Лига ва Испания Суперкубоги ғолиби, 4 марта эса клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида зафар қучган. Шу ерда “Реал Мадрид” жамоасида топ тепган немислар ҳикоясини тўхтатиб турамиз. Токи Кросс ўзига хос эстафета байроқчасини бошқа бир олмонга топширмагунча.