Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

"Реал Сосьедад" Мадридда "Реал"ни тўхтата оладими, ёхуд Зидан "басклар"га қарши (превью)

Баҳо:
+ | -

Бугун Испамия Ла Лигаси 25-турнинг сўнгги ўйинида ўтказилади. «Реал Мадрид» жамоаси ўз майдонида Сан-Себастяннинг «Реал Сосьедад» жамоасини қабул қилади. Чемпионат жадвалининг кучли топ-6 жамоалари орасидан жой олган мазкур икки жамоа ўртасидаги баҳснинг қизиқарли ўтишига ҳеч ҳам шубҳа йўқ. Чунки, «Реал» жароҳатлар билан боғлиқ муаммолар билан ўралашиб қолган бўлса, сан-себастянликлар мавсум аввалидан кучли учликка даъвогар сифатида қаралаётган жамоа эди. Йил бошида «басклар» бир қанча вақт Ла Лига жадвалида юқори ўринларда юрди, аммо кейинчалик муваффақиятсизликка учраб, кундан-кунга пастга тушиб кетишди. Айни пайтда «қаймоқранглилар» кетма-кет тўртта ғалабадан иборат серияни қайд этишмоқда. Жамоанинг «Леванте»га қарши учрашуви омадсизликдан бошқа нарса эмаслигини исботлаш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишмоқда. «Реал Мадрид» ҳозирда «Атлетико»дан атиги 5 очко кам жамғариб, жадвалда иккинчи поғонадан жой олган. Мадридиклар айни пайтда ҳамшаридан битта кам ўйин ўтказган. Агар, ўша учрашувда ҳам ғалаба қозонадиган бўлса, чемпионликка асосий даъвогарлардан бири бўлишига шубҳа йўқ.
Ўтган турларда «Реал Сосьедад» кетма-кет учта учрашувда ғалаба қозонишди. Умуман олганда улар анчадан буён бундай серия намойиш этишмаётган эди. «Кўк-оқлар» охирги марта ўтган йилнинг куз фаслида кетма-кет 5 учрашувда ғалаба қозонишган эди, шундан сўнг жамоанинг ўйини бироз ёмонлашиб кетди ва айни пайтда 41 очко билан турнир жадвалида 5-ўриндан жой олишганшган. «Сосьедад»нинг энг яқин таъқибчиси бўлган «Бетис» жамоаси билан орадаги фарқ бор йўги, 2 очколигини ҳисобга олсак, «Реал Мадрид»га қарши ўйинда максимал тарзда очко олишга ҳаракат қилишади.
Ҳозир биз сизларга жамоаларнинг шу каби ва бошқа янгиликлардан, қолаверса, йўқотишлар ва эҳтимолий таркиб ҳақидаги қисқача превьюни сизларга тақдим этамиз.

«Реал Мадрид»


«Реал Мадрид» чемпионликка ҳаракат қилаётган жамоа режимини ёқди, март ойи бошида улар учун кўп нарсани ҳал қилишлари мумкин. Мавсум тугашига ҳали етарлича вақт бор, «Атлетико» жамоаси ҳам охирги турларда очко йўқотиб, таъқибчиларини анча ўзига яқинлаштириб олишди. Бу ҳолатдан максимал тарзда фойдаланишга уринаётган, «Реал» ва «Барса» жамоалари бошқа очко йўқотишни хоҳлашмаяпти. Айниқса, «қаймоқранглилар» учун бу ёғига йўқотилган ҳар бир очко, клубнинг чемпионлик пойгасидан узоқлашиб кетишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам, Зидан шогирдларини бу ёғига қоқилишларига ҳеч қандай ҳақлари йўқ. Март ойи «Реал» учун иккита қийин учрашув билан бошланади. Бугунги «Реал Сосьедад»га қарши баҳса, ҳамда 7 март куни бўладиган Мадрид дербиси. Аёллар байрамидан бир кун олдин ўтказиладиган, "Атлетико"га қарши учрашувда кўп нарса ҳал қилиниши мумкин. Икки жамоа ҳам ушбу баҳсда айни пайтда Испания пойтахтида ким қироллигини исботлашга, ҳамда чемпионлик пойгаси етакчилиги учун майдонга тушишади. Агар, Зидан ва унинг жамоаси Ла Лига чемпионлигини мақсад қилган бўлса, ушу икки баҳсда ҳам очко йўқотмаслиги шарт. Қолаверса, баҳорнинг илк ойи ўрталарида бўладиган Чемпионлар Лигаси жавоб баҳси ҳам "қироллик клуби"ни кутиб турибди.
2021 - йил боши Зидан жамоаси учун жуда қийин бошланди. Жамоа таркибининг аъзоларининг деярли ярми жароҳат сабаб сафдан чиқишган. Бугунги баҳс ҳам ўша эпидемиясиз кечмаслиги тайин. Чунки, асосий футболчилар ҳисобланган Азар, Бензема, Рамос, Карвахал ва Милитао каби ўйинчилар бугунги учрашувни ўтказиб юборишади. "Қаймоқранглилар" бир неча баҳсдан бери ҳужумчисиз ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, Зиданнинг ўйлаган режалари амалга ошиб келмоқда. Асосан ҳужумчиларсиз майдонга тушган учрашувларда, ўйин тақдирини ҳимоячилар, ёки ярим ҳимоячилар ҳал қилишмоқда. Карим Бенземани дастлаб "Аталанта"га қарши Бергамодаги учрашувгача оёққа туради деб айтишганди, лекин катта эҳтимол билан ушбу футболчи бугунги баҳсни ҳам ўтказиб юборади. 

Ҳужумчисиз Зидан олдида иккита вариант бор, Мариано Диас, Винисиус, Асенсио учлигидан яна фойдаланиш, ҳамда Кастилиядан чақирилган Серхио Ариббас ва Уго Дуро жуфтлигини асосий таркибда бошлашига имкон яратиш. Юқорида келтирилган учлик майдонга юшган ўйинларида унчалик катта ишни бажаришмади, шунинг учун ҳам таркибга янги қон олиб жамоага унчалик катта зарар қилмаса керак, чамамизда.

«Реал Сосьедад»


Сан-Себастиянликлар қаторасига бешта учрашувдан бери мағлубиятсиз ўйин намойиш этишмоқда . Улар охирги марта 9 январь куни «Севилья» жамоасидан мағлубият аламини тортиб кўришган. «Кўк-оқлар» шундан бери майдонни очкосиз тарк этишмаяпти. «Реал Сосьедад» ўтган ҳафта Европа Лигасидан шармандали тарзда тарк этишди. «Манчестер Юнайтед» жамоасидан учралган муваффақиятсизлик, халқаро майдонлардаги учрашувларига якун ясади. Шундан сўнг, Иманол Алгуасил шогирдлари бор эътиборни ички чемпионатга қаратиши тайин. Аммо уларнинг тақибчилари бўлган «Бетис» ва «Вилярреал» жамоалари ҳам анча мазмунли ўйин намойиш этишмоқда. Бу ёғига йўқотилган ҳар қандай очко «басклар»нинг жадвалда пастга шўнғишда давом этишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун мазкур ойда ўтказадиган «Реал Мадрид», «Леванте», ва «Гранада» каби жамоаларга қарши максимал очкони тўплашга ҳаракат қилишади.
«Сосьедад»нинг сўнгги мавсумлардаги энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлган Виллиан Хосе қишда «Вулверхэмптон»га кўчиб ўтгандан сўнг, Иманоль Альгуасиль ёш швед футболчиси Александр Исакка кўпроқ ишонч билдиришни бошлади. Исакка мавсумнинг иккинчи давраси анча омадли кечди ва кетма-кет учрашувларда гол уришни бошлади. Ҳозиргача 20 учрашувда майдонга тушиб, 12 марта рақиблар поспонини ранжитишга эришди.
Таркибдаги йўқотишлар борасида «Реал Соседад» рақиби «Реал Мадрид»дан сира ҳам қолишмайди. Бугунги баҳс олдидан, сан-себастиянликлар таркибидан бирданига 8 футболчи майдонга тушмайди. Гаиска Аеса, Ильяраменди, Мигел-Анхел, Хосеба Салдуа, Лука Сангальи, Алекс Сола, Ариц Элустондо каби ўйинчилар жароҳат сабаб бугунги учрашувни ўтказиб юборса, Микел Мерино ҳисобидаги сариқ карточкалар сони ошиб кетиши сабаб бугнги баҳсда майдонга тушиш насиб этмайди.

Эҳтимолий таркиблар


«Реал Мадрид» (4-3-3): Куртуа, Васкес, Начо, Варан, Менди, Модрич, Каземиро, Кросс, Жуниор, Диас, Асенсио.


«Реал Соседад» (4-3-3): Алекс, Горасабель, Субельдия, Ле Норман, Монреаль, Силва, Ильяраменди, Альдалур, Исак, Оярсабаль.


Бугунги учрашув олдидан, Зидан одатдаги 4-3-3 тактик схемадан воз кечмаслиги аниқ. Агар, Бензема майдонга тушган тақдирда бу чизма ўзгариши мумкин эди, аммо «Атлетико»га қарши учрашув олдидан француз мураббийи таваккал қилмаслиги аниқ. Шу сабаб бугунги таркибда ўзгариш кутиш эмас, чамамизда.
Бугунги басдан олдин, Иманоль Альгуасильни ўйлантирадиган савол бор. Чунки Микел Меринононг дисквалификацияси унинг режаларини бузиб юборишга олиб келган. Шу сабабдан мураббий майдон маркази учун янги вариант қидиришга мажбур. Сўнги баҳсларда «басклар» ҳам 4-3-3 схемадан фойдаланиб келишмоқда, шу сабабдан бугунги учрашувда ҳам ушбу тактикадан фойдаланиши мумкин.

 

Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 22:02, 01.03.2021.
Ўқилди: 1880 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.