"Манчестер Сити" бош мураббийи Роберто Манчинининг айтишича, "Ливерпуль" ҳужумчиси Луис Суарес "Манчестер Юнайтед" ҳимоячиси Патрис Эвра шаънига ирқчилик мазмунидаги гапларни айтгани учун жазоланиши керак. Бу ҳақда "The Guardian" нашри хабар бермоқда.
"Майдонда шундай ҳодисалар ҳам бўлиб туради, аммо қилган ишинг учун кечирим сўраш ҳам муҳим. Баъзан майдонда, жуда асабийлашиб турганинг ёки оқибатини ўйлмасдан туриб, ўзинг хоҳламаган ишни қилиб қўйишинг мумкин. Буларнинг бари чарчоқдан, аҳмоқликдан, ёшлик сабаб ёки бошқа сабаблар билан рўй бериши мумкин", деди италиялик мутахассис.
"Суаресни ирқчи деб ўйламайман. Лекин у менга хато қилгандек кўринмоқда, аслида ҳам шундай бўлган. Ҳар ким ортга чекиниши мумкин. Комил инсоннинг ўзи йўқ. Шунча ишдан сўнг у ҳамма олдида узр сўраши, ўз айбини тан олиши ва жазони қабул қилиши керак эди", деди Манчини.
"Мен ҳам ўзим ҳақимда кўп ёмон гапларни эшитиб, бунга жавобан унча яхши бўлмаган бошқа гапларни гапирганман, аммо менинг сўзларим ҳеч қачон ирқчилик каби мавзуга яқинлашмаган", дея қўшимча қилди "Манчестер Сити" бош мураббийи Роберто Манчини.