Бугун Ўзбекистон Суперкубоги олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманнинг иккинчи қисмида “Насаф” жамоаси мураббийи Шуҳрат Тошпўлатов бўлажак ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди. Унга жамоа етакчилари Ҳусниддин Алиқулов ва Абдувоҳид Неъматов ҳамроҳлик қилди.
Шуҳрат Тошпўлатов: - Эртанги ўйин олдидан жамоамиз кайфияти аъло даражада. Тайёргарлик жараёни режа асосида ўтди. Эртага иккинчи марта Суперкубокни қўлга киритиш учун ҳаракат қиламиз. 2016 йил айнан “Пахтакор”ни мағлуб этиб, Суперкубокда зафар қучган эдик. Эртага ҳам ушбу натижани такрорлаб, кубокни Қаршига олиб кетишни ният қилганмиз.
Биласиз, бош мураббий Рўзиқул Бердиев жарроҳлик столига ётган ва реабилитация жараёнини ўтамоқда. Рўзиқул Саъдуллаевич машғулотларда доим биз билан бирга. Майдонга чиқмасада, доим керакли маслаҳатларни бериб турибди. Бош мураббийнинг йўқлиги йигитларга салбий таъсир қилмайди.
Тўғри, таркибда йўқотишлар бўлди, аммо захирада хам ўз навбатини кутиб турган иқтидорлар етарли. Ўқув-машғулот йиғинлари давомида айнан ушбу футболчилар ўйин амалиётига эга бўлишди ва ўйлайманки, улар назорат баҳсларида ўзларини кўрсатишди.
“Пахтакор”нинг ҳужум чизиғида ҳам йўқотишлар бор. Жамоа етакчилари Машарипов, Ҳамдамов ва Сергеев клубни тарк этди. “Шерлар” доим ҳужумкор ўйин намойиш этишган. Ўйлашимча, янги мураббий ҳам ўтган йилги тактикани ўзгартирмайди. Албатта, биз “Пахтакор”ни яхши ўргандик, жамоанинг кучли ва заиф жиҳатларини кўрдик.
Ҳусниддин Алиқулов: - Жамоадаги руҳият аъло даражада. Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Бўлажак учрашувда ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
Абдувоҳид Неъматов: - Бўлажак баҳсга 100 фоиз тайёрмиз. Эртага ҳар икки жамоа учун ҳам тарихий ўйин бўлади. 5 йил олдин ҳам ушбу рақиб устидан ғалаба қозонган эдик ва буни яна такрорлаб, Суперкубокни Қашқадарёга олиб кетишга ҳаракат қиламиз.
Суперкубок битта учрашувдан иборат. Ўйиннинг асосий ва қўшимча бўлимларида ғолиб аниқланмаса, пенальтилар сериясига мурожаат этилади. Шу боис, машғулотлардан сўнг пенальтилар сериясига ҳам алоҳида тайёргарлик кўрдик.