Coca Cola Суперлига 2-тури доирасидаги “Локомотив” – “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашувдан (1:2) кейинги матбуот анжуманида дастлаб “лочинлар” устози Виктор Романович Жалилов қатнашиб, ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Албатта, ҳар икки жамоа биринчи турдаги мағлубиятдан кейин ноқулай вазиятга тушиб қолганди. Бу эса табиийки, футболчиларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Айнан психологик жиҳатдан бу ўйин жуда оғир ўтиши олдиндан маълум эди. Ўйлашимча, учрашув кескинлиги ва муросасизлиги билан мухлисларга ёқди, деб ўйлайман. Ҳар икки жамоа майдонда фақат ғалабани ўйлаб тўп тепди. Бизга бироз омад кулиб боқди. Мени энг кўп қувонтирган жиҳат шундаки, нафақат VAR ёрдамида, балки аввал бўлганидек, ўйиндан гол уришнинг ҳам имкони бор экан.
Йигитларга ғалаба учун борларини беришганидан жуда мамнунман. Битта пенальтидан фойдалана олмаганимизга қарамай, ўйинни ғалабага олиб боришганидан хурсандман. “Қора чизиқ”дан қутулишни уддалашди. “Сўғдиёна” билан уйимизда ўтган ўйинда ҳам кўплаб вазиятлар бўлганди, афсуски, ўшанда бироз омад кулиб боқмаганди. Бугун эса омад биз томонимизда бўлди.
Рақибга ҳам ўйин учун раҳмат айтаман. “Локомотив” ҳам яхши шаклланган жамоа. Мураббий имзоси ҳам сезилиб турибди. Паслар билан, комбинацион ўйин ташкил этишга интилишмоқда. Ўйлашимча, бугунги натижа адолатдан бўлди. Иккинчи бўлимда ўйинимизни анча кучайтирдик ва бу ўз сўзини айтди. Ғалабага яқин эдик ва ғалаба қозондик", - дейди мутахассис.