Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Гана термаси билан ўйин нима учун ФИФА рейтингига кирмайди...

Баҳо:
+ | -

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаевнинг ўзбек футболига доир фикрлари билан танишишда давом этамиз. Бу галги мавзу асосан Гана термасига қарши баҳсни қамраб олди.

- Гана футбол ассоциацияси сайти мамлакатнинг иккинчи термаси делегациясининг дастлабки қисми Аккрадан Истанбул ор­қали Тошкентга парвоз қилгани ҳақида хабар тарқатди. Энди Гана миллий жамоаси Ўзбекистонга келмаслиги расман аниқ бўлди. Демак, энди бўлажак учрашув ФИФА рейтингига кирмаслигини ҳам бемалол айтиш мумкин. Ўз навбатида, ушбу жамоалар ўртасида кечган дастлабки ўйинни бирров эсласак. Жавоҳарлал Неру кубоги доирасидаги учрашув 1997 йилнинг 7 апрель куни Ҳиндистоннинг Кочи шаҳрида, 20000 мухлис гувоҳлигида ўтказилган.

Даставвал мезбонлар миллий термаларни таклиф қилишганди. Аммо ЎФФ эндигина ташкил этилган, Аҳмад Убайдуллаев бош-қарувидаги олимпия термасини жўнатишни маъқул кўрган. Ганадан ҳам биринчи терма келмаган, жамоа айёрона тарзда Гана XI деб номланган. Хитойнинг ҳам энг кучли таркиби билан келмагани турган гап. Аммо бошқа икки иштирокчи - Ироқ ва Ҳиндистон термалари асосий таркибни майдонга туширган.

Бу воқеалар рўй берган кезлари интернетни фақат ҳавас қилиш мумкин эди, унинг нималигини кўпчилик билмаган ҳам. Шу боис, гувоҳларнинг гапларига ишонишга тўғри келган. Ҳиндистон футбол федерацияси ФИФАга турнирда барча миллий термалар қатнашишини айтгани сабабли, унда қайд этилган натижалар ФИФА рейтингига киритилган. Жумладан, Ўзбекистон олимпиячиларининг Гана жамоаси устидан эришган ғалабаси (3:2) ҳам.

Ўша учрашувда ҳисобни 33-дақиқада африкаликлар очишган. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Вячеслав Пономарёв мувозанатни тиклаганди. Кейин ганаликлар 57-дақиқада яна олдинга чиқиб олишган, 75-дақиқада эса Равшан Маталиев ҳисобни тенглаштирган. 85-дақиқада Андрей Акопянц Ўзбекис­тон термасига ғалаба келтирган гол муаллифига айланганди. Мазкур ғалаба узоқ вақт ФИФА реес­трида кўрсатилган, кейинчалик текширувлар ўтказилганидан кейин ўйинлар сони сезиларли даражада қисқарган. Мисол учун, «Мердека кубоги»-2001 доирасидаги айрим ўйинлар рўйхатдан тушиб қолган. Ўзбекистонда юритилган рўйхатда ҳам узоқ вақт мобайнида 1995 йилги «Мердека кубоги» ўйинлари қайд этилган, ўшанда Венгрия ва Болгария термаларига қарши учрашувлар ўтказилгани белгиланганди. Аслида эса Ўзбекистон термасига «Вашаш» клуби ва Болгария клублар термаси рақиблик қилган.

Алишер НИКИМБАЕВ

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 18:45, 28.03.2021.
Ўқилди: 5274 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.