Ўзбекистон футбол ассоциацияси делегацияси Осиё футбол конфедерацияси президентининг таклифига биноан Манама шаҳрига ташриф буюрди.
Ушбу ташриф давомида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Равшан Эрматов Шайх Салмонга ЎФА президенти Абдусалом Азизовнинг самимий саломлари ва энг яхши тилакларини етказган ҳолда, ЎФА раҳбари бошчилигида Ўзбекистон футболида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, қўлга киритилаётган сезирали ютуқлар ҳақида сўз юритди. ЎФА биринчи вице-президенти ЎФА ва ОФК ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ишонч ва ҳурмат асосида қурилган эканлигини аълоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Равшан Эрматов Ўзбекистон футбол ассоциацияси Осиё футбол конфедерацияси билан яқин ҳамкорликда кенг кўламли ҳамкорлик дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширишдан ҳар доим мамнун эканлигини айтиб, қитъа миқёсидаги бир қатор нуфузли мусобақалар мезбонлиги айнан Ўзбекистонга ишониб топширилиганлиги Ўзбек футболи оиласини янада бахтиёр этганлигини билдирди.
Ўз навбатида, Шайх Салмон ЎФА раҳбариятининг Ўзбекистонда футболни ривожлантиришда олиб бораётган самарали фаолиятини эътироф этди ҳамда ОФК ва ЎФА ўртасидаги шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳамиша содиқ эканлигини яна бир бор таъкидлади.
Шунингдек, ОФК президенти ўзбек футболида олиб борилган ислоҳотлар, унинг оммавийлигини оширишда қабул қилинаётган қарорларни олқишлаб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбариятига миннатдорчилик изҳор этди.