2014 йилги Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг сўнгги туридан ўрин олган Япония ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйин Нагоя шаҳридаги “Toyota” стадионида ўтказилади. Бу ҳақда Япония Футбол Ассоциацияси расмий хат орқали маълум қилди.
Таъкидлаш лозимки, Япония терма жамоаси 3-саралаш босқичи доирасидаги КХДР ва Тожикистонга қарши уй учрашувларини мос равишда Сайтама ҳамда Осака шаҳарларида ўтказган эди. Ўзбекистон билан ўйин Нагояда бўлиб ўтишини инобатга олсак, мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида ЯФА учта баҳсни уч хил шаҳарда ўтказишни мақсад қилган кўринади.
Эслатиб ўтамиз, Вадим Абрамов шогирдлари 25 февраль куни Сеулда Жанубий Корея терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказиб, Японига йўл олишади ва 29 февраль куни мезбонларга қарши расмий ўйинда иштирок этишади.