Испания Ла лигасида муҳимлиги билан бошқаларидан ажралиб турадиган иккита учрашув бор. Бири 1-турдаги "Эл-класико", кейингиси эса иккинчи турдаги "Эл-класико". Бошқа лигаларнинг ашаддий ишқибозлари қандай ўйламасин, "Реал" ва "Барса" тўқнашуви дунёдаги ҳар қандай учрашувдан устунроқ туриши бор гап. Ўша куни, нафақат Испания, балки бутун дунё футбол ишқибозлари иккига бўлинишади. Бир томон кўк-қизил рангга бўялса, иккинчи томон оппоқ рангга бурканади. Бугун соат тунги 00:00да Испания Ла лигаси, доирасидаги 30 тур учрашувлари давом эттирилади. Мазкур қарама-қаршиликлар доирасидаги, энг шиддатли, қизиқарли ва ушбу мавсумдаги кўп нарсаларни аниқлаштириб берадиган учрашув "Реал Мадрид" ва "Барселона" жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади. Ҳозир эса биз сизларга мазкур қарама-қаршилик ҳақида тайёрланган қисқача превьюни тақдим этамиз.
"Атлетико" ва "Реал Сосьедад" билан бўлган учрашувларда қайд этилган дуранг натижа Мадрид жамоасининг чемпионлик имкониятларини бироз камайтириб юборди. Мазкур ўйинлардан кейин, "қаймоқранглилар" 2-ўриндан, 3-поғонага тушиб кетишди. Ҳозир мадридликларга 3 очко ҳаводек зарур. Чунки, бугунги баҳсдаги дуранг, ёки мағлубият, Зидан жамоасини чемпионликдан бироз узоқлаштириб юбориши мумкин. Агарда, "Реал" каталонияликлар жамоси устидан ғалаба қозонса, унда очколар сонини тенглаштириб, 1-ўриндаги "Атлетико" билан орадаги фарқни ушлаб қолишади. Эҳтимол биринчи ўринга чиқиб олиши ҳам мумкин.
"Атлетико"нинг кўплаб муваффақиятсиз учрашувларидан унумли фойдаланиб қолган "Барселона", "матрасчилар" билан орадаги фарқни биттагача камайтиришга эришди. Ҳозиргача Рональд Куман шогирдлари 19 учрашувдан бери мағлубиятсиз ўйин намойиш этиб, ўзига хос натижа кўрсатиб келмоқда. Қолаверса, "Барса" ҳисобида кетма-кет қўлга киритилган 6 ғалаба мавжуд. Лекин, шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, гарчи Каталония жамоаси "Реал Сосьедад", "Севилья" каби жамоалар устидан ғалаба қозонган бўлса-да, аммо мазкур учрашувларда мукаммал ўйин намойиш этган ҳам дея олмаймиз. Фақатгина, рақиблари савиясидан келиб чиқиб муваффақиятга эришганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак.
"Реал Мадрид"
Ушбу мавсум сардори Серхио Рамос учун "Реал" даги сўнггиси бўлиши мумкин. Сабаби, Мадрид клуби раҳбарияти ва футболчи ҳалигача бир қарорга келганича йўқ. Эҳтимол, келаётган трансферлар мавсумида Рамос жамоани тарк этиши мумкин. Аммо, "эл-класико" учрашувларининг асосий юлдузларидан бири бўлган Серхио бугунги баҳсни ўтказиб юборади. Деярли мавсумнинг кўп қисмини жароҳатлар билан боғлиқ муаммоларга ўралашиб ўтказиб юборган Рамос, "кўк-анорранглилар"га қарши учрашувда йўқлиги яққол сезилиши мумкин. Чунки, Рамоссиз "Реал" руҳий томондан ҳам тушкунликка тушиши мумкин. "Эл-капитано" шу пайтгача Ла лигада атиги 15та, Чемпионлар Лигасида эса тўртта ўйин ўтказган.
Рамос йўқлигида, асосий ҳимоячилар Рафаэль Варан ва Начо ҳисобланар эди. Гарчи, Рамоссиз ўйнаган Варан кўп хатоларга йўл қўйса-да, ушбу баҳсларда ўзининг етакчилик қобилиятини кўрсатар эди. Афсуски, "Реал Мадрид" мухлислари учун яна бир ёмон ҳолат юз берди. Яъни, "Ливерпуль"га қарши учрашув бошланишидан олдин, француз футболчисида коронавирус инфексияси аниқланди. Англияликлар билан ўйинга эса Эдер Милитао майдонга туширилди. Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, "Реал" таркибида жуда кам майдонга тушадиган Эдер жуда таъсирчан футболчи ҳисобланади. Бразилиялик бешта учрашувда ҳаракат қилиб, икки сариқ ва бир қизил карточкага лойиқ кўрилган. Лекин, 3 кун олдин Чемпионлар Лигасида ўйнаган Милитао "Ливерпуль"га қарши баҳсда ёмон ўйин кўрсатмади. Шунинг учун, "Реал" ва унинг мухлислар унга ишонишдан бошқа иложи ҳам йўқ. Қолаверса, бугунги учрашувни Карвахал ҳам ўтказиб юборади. Шунингдек, баҳсда Эден Азар ҳам майдонга тушиши номаълум. Аммо, бир неча кун олдин чиққан хабарларга кўра, белгиялик футболчи "Барса"га қарши учрашувда ўйнаши мумкин.
Аксарият жамоалар сафарда эмас, уй шароитида яхшироқ ўйнашади, ҳатто трибунада мухлисларнинг йўқлиги ҳам уларни безовта қилмайди. Лекин, бунга қарама-қарши ҳолатлар ҳам мавжуд. Хусусан, "Реал" "Барса" билан уй учрашувларида жуда омадсиз иштирок этади. Агар сўнгги ўнта ўйинни натижаларини ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, "қаймоқранглилар" ўз уйида каталонияликларга 7 марта имкониятни бой берган ва бор йўги 3 марта ғалаба қозонишга эришган. Шунингдек, сафар учрашувларида эса Мадрид жамоаси тўрт ғалаба ва тўрт мағлубият қайд этишган. Бундай статистика нима сабаб бўлганлигини айтиш қийин, аммо нима бўлган тақдирда ҳам "Реал"га ўз уйида деворлари ёрдам бермайди, чоғи.
"Барселона"
"Барселона" сўнги учрашувларда 3 ҳимоячи билан ўйнашига одатланиб қолдик. Мураббий Рональд Куман ҳам жамоада авлодлар алмашинувини амалга ошириш мақсадида, кўпгина ёш ва умидли футболчиларга имконият бермоқда. Аммо, мураббий бугун ҳам шундай таваккал қиладими, ёки йўқми бу номаълум. "Реал Мадрд"га қараганда, "Барселона" нисбатан оптимал таркибда дейиш мумкин. Чунки, Каталония жамоасининг асосий ҳимоячиси Жерар Пике сафга қайтди ва катта эҳтимол билан бугунги баҳсда майдонга тушиши кутилмоқда. Албатта, тажрибали ҳимоячининг таркибга қўшилиши, жамоа мухлисларига хурсандчилик олиб келиши тайин. Шунингдек, олдинги мавсумларда жароҳат билан боғлиқ муаммоларга ўралашиб қоладиган Усман Дембеле мавсум ўрталарига келиб, стабил ўйин намойиш этишни бошлади. Ўтган турда "Вальядолид"га қарши учрашувда киритган супер гол жамоасига муҳим 3 очкони тақдим этди. Қолаверса, Сержиньо Дест каталонияликлар ўнг қанот ҳимоясида ажойиб ўйинлар намойиш этмоқда. Бугунги учрашувда ҳам майдонга тушиши эҳтимоли катта. "Барса" охирги пайтда 3-4-3 схемада ўйнаб келмоқда. Ушбу 3талик ҳимоянинг асосини Ленгле, Де Ёнг ва Дест каби ёш футболчилар ташкил қилишини ҳам айтиб ўтиш керак. Антуан Гризманн яқинда фарзандли бўлди. Қизиқ томони, унинг 3 фарзанди ҳам бир кунда, яъни 8-апрел куни дунёга келган. Аммо, бу ҳолат бугун Каталония клуби француз футболчисисиз майдонга тушмаслигига сабаб бўлмаса керак.
Эҳтимолий таркиблар.
"Реал Мадрид" (4-3-3): Куртуа, Менди, Начо, Милитао, Модрич, Каземиро, Кросс, Жуниор, Бензема, Асенсио.
"Барселона" (3-4-3): тер Штеген, Пике, Ленгле, Де Йонг, Дест, Бускетс, Педри, Альба, Гризманн, Дембеле, Месси.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, "Реал" ва "Барса" ўртасидаги мазкур баҳсдаги қайсидир жамоанинг мағлубияти, катта эҳтимол билан ўша жамоани чемпионлик йўлидаги шаштини пасайтириб юбориши мумкин. Чунки, ҳозирада икки жамоа ҳам оптимал формада ва станил ўйин намойиш этмоқда. Агар, ушбу ўйинда қайсидир жамоа ғолиб бўлса, чемпионликка асосий даъвогарга айланади ва бу ёғига иложи борича очко йўқотмай ўйнашга ҳаракат қилишни бошлайди. Ушбу учрашув, бугун тунда соат 00:00да бошланади.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.