Ўзбекистон Coca-Cola кубоги мусобақасининг гуруҳ.босқичи 3-туридан ўрин олган "Металлург" - "Қўқон-1912" (2:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Жасур Абдураимов ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Бугун анча қийин, оғир учрашувни ўтказдик. Шогирдларимга раҳмат айтаман. Керакли натижани қўлга киритдик. Йигитлар охиригача курашишди. Бундан ташқари бизга омад ҳам кулиб боқди. Биз ҳали ўз ўйинимизни тўлиқ топиб олганимиз йўқ. Аммо таъкидлаб айтаман, ўйинимиз аста секин шаклланмоқда.
- Кубок ўйинларидан қониқиш ҳосил қилдингизми?
- Биз айни пайтда Кубок учрашуви бўладими ёки чемпионат доирасидаги ўйин, бу ҳақда ўйлаётганимиз йўқ. Ҳар битта ўйинда майдонга фақат ғалаба қозониш, мухлисларимизни хурсанд этиш учун чиқаяпмиз.
- Суперлиганинг навбатдаги турида "Сўғдиёна" жамоасига қарши ўйнайсизлар. Улуғбек Бақоев жамоасидан нималарни кутаяпсиз?
- Улуғбек Бақоев яхши биламан, яхши савиядаги мураббий. Жамоаси ҳам характер кўрсатадиган коллектив. "Сўғдиёна" билан ўйин қизиқарли бўлиши аниқ. Кимнинг ютишини эса майдон аниқлаб беради.
- Сиз шакллантираётган "Металлург"дан мухлислар кейинги турларда нималарни кутиш мумкин?
- Бизда ҳамма футболчиларим бирдек, жипслашиб ҳаракат қилишаяпти. Биз ҳали мухлислар кутаётган чиройли, мазмунли футболни кўрсата олмадик. Аммо биз хохлаётганимизни бир кунда амалга ошириб бўлмайди. Бунинг учун вақт керак. Учрашувларда вазиятлар яратаяпмиз. Лекин тўлиқ икки тайм юқори савияда ўйин намойиш этишимиз учун ишлашда давом этишимиз лозим. Мен бу жамоага келганимга энди бир ой бўлди. Мен нимани истаётганимни футболчилар тушиниб етишди. Ўз навбатида уларнинг менга, менинг қўл остимдаги футболчиларга кўникишимга ҳам вақт керак. Футболда биринчи навбатда нитажа сўралади. Биз эса ҳозирча натижани кўрсатаяпмиз.
- Нагаев бугун ўйин қайдномасида ҳам кўринмади?
- Унда жароҳат бор эди. Шу сабаб бугун уни майдонга туширмадик.