Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ўзи иштирок этаётган мавсумдаги илк мусобақанинг, гарчи у норасмий бўлса-да, финалига йўл олди. Украинанинг "Шахтёр" клуби қийинчилик билан, боз устига, пенальтилар сериясига кўра мағлуб этилган бўлса, "Ростов" ҳаққоний тарзда таслим этилди.
MATCH WORLD CUP-2012
"B" ГУРУҲИ, 2-ТУР
ЎЗБЕКИСТОН о.т.ж. - "РОСТОВ" - 1:0 (1:0)
Гол: Кенжа Тўраев (15)
Огоҳлантиришлар: Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров (25), Ойбек Қиличев (44), Салим Мустафоев (86) — Гацкан (20)
Четлатиш: Санжар Қувватов (60)
Ўзбекистон о.т.ж.: Санжар Қувватов, Акбар Исматуллаев, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров (Бобур Омонов 46), Салим Мустафоев, Ойбек Қиличев (Дилшод Раҳматуллаев 56), Кенжа Тўраев (Акбар Тўраев 62), Темурхўжа Абдухолиқов (Иван Нагаев 74), Олег Зотеев (Жавлон Иброҳимов 86), Зоҳир Пиримов (Жасур Ҳасанов 46), Ислом Тўхтахўжаев, Фозил Мусаев (Даврон Ҳошимов (90+4)
"Ростов": Плетикоса (Песьяков 46), Круглов (Филатов 46), Колодин (Дьяков 46), Салата, Смольников (Васильев 46), Элсон (Емельянов 46), Аумада (Петров 46), Чеснаускис (Кенжисариев 46), Калачев (Полоз 46), Гацкан (Мироник 70), Бракамонте (Пападулос 46).
Айтиш мумкинки, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ўйиндан-ўйинга яхши формага кириб бормоқда. Терма жамоамиз Россия чемпионатининг 9-поғонасида бораётган "Ростов" жамоасидан кўп жабҳаларда устунлик қилишди. Тўғри, ростовликлар сафида ҳам маҳоратли футболчилар етарли, аммо йигитлар уларга қарши қўрқмасдан тўп суришди. Айниқса, Санжар Қувватов майдонни тарк этиб (60-дақиқада), терма жамоамиз майдонда бир киши кам бўлиб қолганидан кейин ҳам Абрамов шогирдлари ўйин охирига қадар ҳужум уюштиришга ўзларида куч топа олишгани таҳсинга сазовор!
Ўйинни ростовликлар анча тетик ва ҳужукорлик билан бошлади. Майдонга тезда мослашиб олиб, рақибнинг ҳужумларини бартараф этган ўзбекистонликлар тез орада ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Салим Мустафоев ўнг қанотдан ҳужумга қўшилганча, тўпни жарима майдончасига етказиб берди. Тўп ҳимоячилардан ўтиб, ўнг қанотдаги Зоҳир Пиримовга етиб келди. "Олмалиқ" футболчиси тўпни Тўраевга етказди. Кенжанинг яқин масофадан берган кучли зарбасини дарвозабон бартараф эта олмади!
Ушбу гол терма жамоамизнинг кучига — куч, ишончига ишонч қўшди. Йигитлар ўз услубларида тўпни назорат қила бошладилар. Аммо "Ростов" ҳужумчилари берилган кичик имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилишди. Айниқса, ростовликларнинг легионерлари — Бракамонте ва Чеснаускис дарвозабон ва ҳимоячиларимизни саросимага солиб турди. Бракамонтенинг 2-дақиқадаёқ бош билан берган хавфли зарбаси гол бўлганидами?! Ким билади дейсиз, якуний натижа қандай бўларди...
Олимпиячиларимиз кўп ҳужум қилишди. Эътиборлиси, вакилларимиз ҳужумга кўпчилик бўлиб боришдан чўчишмади. Фақат ҳужумда озгина ижодкорлик ва ностандарт ҳаракатлар етишмади. Чап қанотда Зотеев ва Мустафоевнинг зарбалари ноаниқ бўлди. Биринчи бўлим охирида ҳар иккала жамоада гол уриш учун биттадан ажойиб имконият юзага келди. Олег Зотеевнинг узатиб берган тўпига Кенжа Тўраев бош билан зарба берди ва унинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб, майдонга қайтди. Тўпга дарвозабоннинг қўллари етмаганди бу вазиятда... Зотеевнинг такрорий зарбаси эса дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди! "Ростов" ўша заҳоти қарши ҳужум уюштирди ва хавфлилик жиҳатидан вакилларимизникидан кам бўлмади. Чеснаускис жарима майдончаси ичида Ҳожиакбаровни икки марта алдаб ўтди ва дарвоза томон кучли зарба берди. Тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.
Иккинчи бўлимни россияликлар яна катта иштиёқ билан бошлашди (таркиб деярли тўла янгиланди). Ҳимоячиларимизнинг бироз сусткашлигидан фойдаланган Емельянов ўткир бурчак остидан зарба беришга муваффақ бўлди. Қувватов оёқлари билан зарбани қайтарди. Ҳужумларни тобора кучайтириб борган ростовликлар 60-дақиқада терма жамоамизни бир киши кам бўлиб "қолдиришди". Ҳужумчи икки марказий ҳимоячимиз орасида тўпни қабул қилиб олиб, дарвозабонимиз билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва унинг ёнидан ўтказиб, дарвозани ишғол қилмоқчи бўлди. Қувватов жарима майдончасидан ташқарига чиқиб кетганини унутди шекилли, тўпни қўли билан қайтарди. БААлик ҳакам ўша заҳоти Санжарга "қизил"ни кўрсатиб, уни майдондан четлатди. Абрамов майдонга Тўраев ўрнига Тўраевни туширди: Кенжа ўрнига Акбар.
Четлатишдан кейинги 4-5 дақиқада "Ростов" футболчилари ташаббусни қўлга киритиб, босимни кучайтиришди. Аммо, юқорида айтиб ўтганимиздек, йигитларимиз асло ҳимояга ётиб олишмади, тўпни назорат қилишда давом этишди ва ҳужумни ҳам тўхтатишмади! Жасур Ҳасанов эса энг сўнгги дақиқаларда ҳам рақибларини алдаб, бутун майдон бўйлаб югуриб юрганди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳар иккала жамоада гол уриш учун имкониятлар бўлди. Аммо дарвозаларга бошқа тўп киритилмади.
Шундай қилиб, Вадим Абрамов жамоаси 5 очко тўплаб, "Dubai Match World Cup-2012" мусобақасининг финалига чиқишди. Ҳал қилувчи ўйинда янада кучлироқ рақиб — "Зенит" кутиб турибди. Аммо питерликларнинг "Бунёдкор" ва Ироқ олимпия терма жамоаларига қарши ўйинларига кўрсатдики, улар билан ҳам ўйнаса бўлади! Ўзбекистон олимпия терма жамоасига финалда омад тилаймиз!
Дарвоқе, мусобақанинг 3-ўрин учун баҳси эса "Бунёдкор" ва "Шахтёр" ўртасида кечадиган бўлди!
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ва "Ростов" ўртасидаги баҳс сайтимиз орқали ОНЛАЙН трансляция қилинди.