Хитойнинг «Цингдао Цзонун» клубида тўп сураётган легионеримиз Азиз Ибрагимов «Стадион» мухбирига ўзининг оиласи, футболга кириб келиши, миллий терма жамоа ва айни вақтда нималар билан мушғуллиги ҳақидаги саволларга жавоб берди.
- Азиз ака, вақтимиз чегаралангани сабабли навбатни саволларга берсак.
- Саволарингизга бажонидил жавоб беришга тайёрман.
- Оилангиз ҳақида Stadion.uz ўқувчиларига маълумот бера оласизми?
- Биласизми, оиламмиз унчалик катта эмас, беш кишидан иборат. Отам, онам, мен, синглим ва кенжатойимиздан иборат. Отам - ҳайдовчи бўлганлар, ҳозир ойим билан бирга нафақада қарилик гаштини сурмоқдалар. Меҳрибон ойижоним эса, касблари бўйича шифокор эдилар. Синглим, олийгоҳда ўқийди ҳозирда, III босқич талабаси. Укам Иброҳим Ибрагимов «Бунёдкор»нинг 2000 йилда туғилган болалари таркибида футбол билан шуғуланмоқда. Иброҳимнинг хатти-ҳаракатлари муррабийларида яхши таассурот қолдираётган экан. Устозларининг айтишича, келажакда у мендан ҳам ўтиб кетар экан. Нима ҳам дердим омадини берсин (кулади).
- Футболга қандай кириб келгансиз?
- Ёшлигимда ўзимдан бир неча ёш катта бўлган болаларнинг ўйинларини кузатиб ўтирардим. Ўша пайтларда, уларнинг ўйинларидан қандайдир завқ олардим. Бора-бора кузатишларим натижасида футболга қаттиқ боғланиб қолдим. 10 ёшимдан бошлаб эса Бахтиёр Нуралиев қўл остида шуғулана бошладим. Футболчи бўлишимга мураббий Анвар Ўриновнинг ҳам ҳиссаси жудаям катта.
- Оила аъзоларингизга футболчи бўламан, деб айтганингизда қаршиликлар бўлмадими?
- Футболчи бўлишимга ота-онам қаршилик қилишмаган қайтанга қўларидан келганча ёрдамларини аямаганлар. Кечагидек ёдимда, ўша вақтлари оиламиз пул борасида анча қийналган пайтлари эди. Шундай бўлса-да, футбол ўйнаш учун керакли анжомлар: бутси, формалар билан мени таъминлашган.
- Азиз ака, бизга яхши маълумки, аксарят футболчилар мактабни зўрға тамомлашган. Бу борада сизда ҳам муаммолар бўлганми?
- Унчалик қийналмас эдим. Чунки, ота онам ўқишимга алоҳида эътибор қаратишарди. Доимий назоратда бўлардим. Энг муҳими, мактабда аниқ «икки» баҳога ўқимаганман (кулади).
- Бўш вақтларингизда вақтни қандай ўтказасиз?
- Прагани жудаям соғинаяпман. У ерда кўплаб дўстлар ортиргандим. Бўш вақт топишимиз билан дўстларим ва мен биргалашиб кино, боулинг, теннисларга бориб турардик. Хитойда эса бу нарсаларнинг ҳозирча иложи йўқ. Чунки ҳозирча жамоадошлар билан унчалик яқин муносабатда эмасман. Бўш бўлганимда Леондро билан «Play Station-2» ўйнаб турамиз.
- Молиявий ва ташкилий массалаларингиз билан ким шуғуланади?
- Бу масалалар бўйича агентим Ислом Хўжаевнинг хизматидан фойдаланаман.
- Қайси футболчиларнинг майдондаги ҳаракатларидан завқ олганиз, оляпсиз?
- Яқин ўтмиш вакилари бўлмиш, бразилиялик Раналдо, Зизу (Зайниддин Зидан) ларнинг ўйинларидан завқ оламан ҳалигача.
- Инилеев ва Қосимовлар қўл остида мунтазам терма жамоага чақирилган Азиз Ибрагимов нега сўнгги дамларда Абрамовнинг назарига тушмай қолмоқда? Нима, сиз ва бош муррабийнинг ўртасида қандайдур гап-сўзлар ўтганми?
- Абрамов ҳозир бош муррабий. У кимни юртимиз жамоасига лойиқ, деб топса шуни чақиради. Зеро, Абрамов натижа учун ягона жавобгар шахсдир. Бош муррабий билан ўртамизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Агар, терма жамоага чақиришса бажонидил етиб келаман.
- Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2014га чиқиш имконятларини қандай баҳолайсиз?
- Миллий терма жамамизнинг ЖЧ-2014га чиқиш имконятларини жуда яхши, деб ўйлайман. Сўнгги босқичга вакиларимиз муддатидан олдин йўл олишгани ҳам бунга яққол мисол бўла олади.
- Энди Хитойдаги фаолиятингиз борасида сўз юритсак. Хитой чемпионати сизда қандай таассурот қолдирди?
- Хитой футболи кейинги икки йил мобайнида жуда ривожланди. Клубларнинг деярли 70 фоизи ўз ҳомийларига эга. Миллий биринчилигнинг деярли барча учрашувлари жонли эфирга узатилади. Чемпионатга жаҳон юлдузлари таклиф қилинмоқда. Умуман олганда, Хитой чемпионати менга ёқди. Асосийси, легионерларга яхши шарт-шароитлар яратиб берилган. Легионерларнинг ҳисобига ҳам, чемпионат анча кучаймоқда.
- Ўзингиз тўп сураётган «Цингдао» клубининг чемпионлик пойгасидаги имконятлари ҳақида тўхталсангиз?
- Менимча Хитой миллий биринчилигида бу йил ҳам, ўтган йилги каби «Гуангчжоу» чемпион бўлса керак. «Цингдао» клубининг асосий мақсади эса чемпионатда «кучли бешлик»ка кириш! Биз бу мавсумда чемпион бўла олмаслигимизга 99 фоиз ишонаман (кулади).
- Чехияда ўйнадингиз, ҳозир эса Хитой чемпионатида. Икки чемпионатни таққослай оласизми?
- Чехияда тезликка, тўп учун якка курашларга жудда ҳам катта эътибор берилади. Хитойда эса, Осиё футболининг қуроли бўлмиш «техника»га эътибор берилади.
- Тил борасида қийинчиликлар бўлмаяптими?
- Маҳаллий хитой ва рус тилларини биладиган таржимоним бор. Ўзим ҳам инглиз тилини озроқ биламан.
- Хитойдаги қолган ҳамюртларимиз билан ҳам мулоқотда бўлиб турасизми?
- Ҳа, албатта кўришиб тўрамиз вақти-вақти билан. Анзур билан иложи борича дам олиш кунларини бирга ўтказамиз.
- Маълумки, хитойликлар тансиқ таомларни хуш кўришади, биз ўзбеклар эса бунинг акси. Хитой таомлари борасида муаммолар бўлмаяптими?
- Чидаса бўлади, аммо ўзимизнинг таомларга тенг келадигани йўқ.
- Хитойнинг бошқа клубларидан ҳам қизиқишлар бўлаяптими?
- Агентимга таклифлар билан чиқишаяпти. Тўғрисини айтсам, ҳали «Цингдао»ни тарк этиш ниятим йўқ. Клуб билан яна бир йилга мўлжаланган шартномам бор.
- Ўзимизнинг футболни ҳам кузатаяпсизми?
- Ҳа, албатта, uff.uz сайти орқали кузатардим. Мана энди Stadion.uzнинг ҳам доимий ўқувчисига айландим.
- Stadion.uz фойдаланувчиларига тилакларингиз?
- Доимо тезкор бўлинглар. Мен хурсандман шундай сайт очилганига, ижодларингга барака тилаб коламан. Барча-барча футбол мухлислари ва мухлисаларига ўзимнинг энг яхши тилакларимни билдириб қоламан. Доимо соғ бўлсинлар!
Наврўзбек ШОДМОНҚУЛОВ суҳбатлашди.