2011 йили Мексикада ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан бири – Жавлон Мирабдуллаев “Бунёдкор”нинг асосий таркиби билан Дубайда олиб борилаётган машғулотларда иштирок этмоқда.
Швейцариянинг “Ксамакс” клубига қарши кечган учрашув тақдирини ҳал қилган ягона голни айнан Жавлон Мирабдуллаевнинг тўп оширишидан сўнг Баҳодир Пардаев дарвозага киритган эди. Жавлон захирадан майдонга тушишига қарамасдан, ўйинга тез қўшилиб кетиши ҳамда ўйин тизгинини ўз қўлига олишдан чўчимаётгани қувонтирмоқда.
- Мени асосий жамоа билан йиғинга олиб кетишганидан хурсандман. Ўзбек футболининг тирик афсонаси Миржалол Қосимов қўл остида шуғулланиш қанчадан-қанча ёш футболчиларнинг орзуси. Миржалол ака айнан бизнинг ёш тоифамиздаги жаҳон чемпионатида иштирок этибгина қолмасдан, мундиал ғолиблигини қўлга киритган ҳамда энг яхши футболчи деб тан олинган. Тажрибали футболчилар билан олиб борилаётган ҳар бир машғулот менга кўп нарсаларни бермоқда. Оз фурсат бўлса-да, кучли жамоаларга қарши тўп суриб ўзимни текшириш билан биргаликда, яхшигина тажриба тўплаб боряпман. Ўзимни кўрсатиб, мураббийларнинг ишончини оқлашга ва асосий таркибга киришга ҳаракат қиламан. “Бунёдкор”нинг бош жамоасида ўйнаб, Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби бўлмоқчиман. Шунингдек, Осиё Чемпионлар лигаси турнирида ҳам муваффақиятли иштирок этишни истайман, - деди эксклюзив суҳбатда Жавлон Мирабдуллаев.