Токио—2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегациясини коронавирусга қарши эмлаш жараёни 6 май куни бошланди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси хабар қилди.
Дастур доирасидаги дастлабки кунда парасузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари вакцина қабул қилди.
Аввалига терма жамоанинг 11 нафар вакилидан қон таҳлиллари олиниб, уларнинг организми эмлаш учун қай даражада тайёрлиги кўздан кечирилди. Таҳлилий натижалар якунига кўра, 3 нафар спортчи ва 2 мураббийда эмлаш жараёни амалга оширилди. Бу борада мураббий Равшан Алимов делегация аъзолари орасида вакцина қабул қилган илк шахс бўлди.
Делегация аъзоларини эмлашда Россиянинг «Спутник V» вакцинасидан фойдаланилмоқда. Йўриқномага кўра, вакцина 21 кун оралиғида 2 компонентда қабул қилинади.
Режа бўйича делегация аъзоларини эмлаш 1 июнга қадар давом этади ва бу жараённи Ўзбекистон бокс терма жамоаси вакиллари якунлаб беради. Умумий ҳисобда 250 нафар вакилни эмлаш кўзда тутилган.