“Dubai Matchworld Cup 2012” турнирининг учинчи ўрин учун кечган баҳсида Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби Украина чемпиони “Шахтёр”дан устун келди.
“Dubai Matchworld Cup 2012”. 3-ўрин учун учрашув
2012 йил, 23 январь. Дубай. “Ал-Мактум” стадиони. 250 томошабин.
“ШАХТЁР” (Донецк, Украина) – “БУНЁДКОР” (Тошкент, Ўзбекистон) 1:1 (0:1)
Голлар: Пардаев 18 (0:1), Коста 61 (1:1)
Пенальтилар серияси: 4:5
Пенальти: 0:1 Солиев, 1:1 Срна, 1:2 Карпенко, 2:2 Адриано, 2:3 Жўраев, 3:3 Коста, 3:4 Ғофуров, 4:4 Мхитарян, 4:5 Нестеров, 4:5 Ракицкий (тўсин)
«Шахтёр»: Шуст, Срна (с), Хюбшман, Ракицкий, Рац (Шевчук, 46), Гай (Кобин, 78), Фернандиньо (Патрик, 62), Коста, Дентиньо (Мхитарян, 46) Эдуардо (Тейшейра, 46), Селезнев (Адриано, 46)
Захира қолганлар: Пятов, Агахова
Бош мураббий: Мирча Луческу
«Бунёдкор»: Нестеров, Шораҳмедов, Филипосян, Ғофуров, Пардаев (Солиев, 83), Саломов (Ражабов, 49; Мандзукас, 60), Тўраев (Мельзиддинов, 81), Лазгинс (Ония, 45), Мирабдуллаев (Жўраев, 64), Белич (Мурзоев, 55), Карпенко (с)
Захирада қолганлар: Мочалов, Каримов, Бойдедаев, Мамажонов
Бош мураббий: Миржалол Қосимов
Огоҳлантиришлар: Хюбшман (89), Шевчук (90+3)
Бош ҳакам: Фаҳад Бадр (БАА)
Учрашув олдидан Миржалол Қосимов таркиб борасида муаммоларга дуч келди. Ўйиндан аввал Славолюб Жоржевич бетоб бўлиб қолди ва у ҳатто учрашувни томоша қилиш учун ҳам келгани йўқ. Бошқа бир марказий ҳимоячи Хайрулла Каримовнинг эса соғлиги жойида эмасди. Бундай шароитда Миржалол Қосимов ёш ҳимоячи Жавлон Мирабдуллаевни майдонга тушириб, Саҳоб Жўраевни захирада қолдирди. Шунингдек, жамоа кўригида бўлиб туришган – ярим ҳимоячи Артис Лазгинс ва ҳужумчи Данило Белич асосий таркибда майдонга туширилди.
Илк дақиқадаёқ “Шахтёр” ҳисобни очиши мумкин эди. Ҳимоячиларимизнинг тўп оширишдаги ҳатосидан сўнг Эдуардо дарвозабонимиз билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва зарба йўллади. Нестеровнинг ишончли ўйини тўпни дарвоза тўрига бориб тушишига йўл қўймади.
Футболчиларимизда ҳаяжон бордек кўринаётган паллада, Миржалол Қосимов шогирдлари ўзларига кела бошлади.
17-дақиқада Акмал Шораҳмедов тўпни Тўраевга узатди. Лутфулла эса дарҳол рақиб жарима майдончаси ичидаги шерикларини қидиришга тушди. Дарио Срнани ортда қолдириб, тўпга ундан баланд сакраган Баҳодир Пардаев боши билан Шуст қўриқлаётган дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олди – 1:0.
Орадан кўп ўтмай Виктор Карпенконинг ўнг қанотдан узатиб берган пасини Баҳодир Пардаев боши билан “Шахтёр” дарвозасига тўғрилади. Аммо бу сафар Шуст тўпни илиб олишга эришди.
Бу борада Данило Беличда ҳам яна бир қулай вазият бўлди. Аммо сербиялик ҳужумчи йўллаган зарба ноаниқ чиқди.
33 ва 35-дақиқаларда “Шахтёр” вакиллари икки бор Нестеров дарвозаси олдида ўта ҳавфли вазиятлар содир этишди. Бироқ ишончли посбонимиз Игнатийнинг моҳирона ҳаракатлари муқаррар голлардан сақлаб қолди.
Иккинчи таймда Шавкат Саломов ўз ўрнини 23 январь куни 23 ёшга тўлган Анвар Ражабовга бўшатиб берди. Афсуски, эндигина майдонда 13 дақиқа тўп тепган Ражабов кутилмаган жароҳатга йўлиқиб, ўз ўрнини Яннис Мандзукасга бўшатиб берди.
Дуглас Костининг 20 метрлар узоқликдан йўллаган кучли зарбасини Нестеров қайтаришга муваффақ бўлди. Лекин Костининг кейинги зарбаси олдида Игнатий ожиз қолди – 1:1.
Жавлон Мирабдуллаев тўп сураётган чап қанот бўйлаб донецкликларнинг ҳужумлари кучайиб боргач, Миржалол Қосимов майдонга Саҳоб Жўраевни туширишга мажбур бўлди.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар ўтиб бораётганида Карпенконинг суперпасидан сўнг Анваржон Солиев қулай вазиятга чиқиб борди. Бироқ Анваржон тепган тўпга салгина аниқлик етишмади. Акс ҳолда ўзбек футболининг сеҳрли таёқчаси бу сафар ҳам катта саҳнага чиқиши мумкин эди.
Асосий вақтда кучлар тенг келгач, ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. 11 метрлик нуқтадан бизникилар зарба беришни бошлашди. Нуқтага яқинлашган Анваржон Солиев, Виктор Карпенко, Сахоб Жўраев, Анвар Ғофуров, улардан кейин эса Игнатий Нестеров “миссия”ни аниқ бажаришди. “Шахтёр” аъзоларидан бешинчи бўлиб пенальти тепган Ярослав Ракицкий ҳатоликка йўл қўйди. Унинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди.
Шундай қилиб, “Бунёдкор” Донецкнинг “Шахтёр” клубидан устун келиб, “Dubai Matchworld Cup 2012” турнирининг учинчи ўрин соҳибига айланди.
Ушбу муваффақиятда ўз ҳиссасини қўшган барчани муборакбод этамиз. “Бунёдкор” мухлисларини ушбу ютуқ билан табриклаган ҳолда футболчилардан кейинги мусобақаларда ҳам ғолибона руҳ кутиб қоламиз!