Франция чемпионати якунланишига 2 тур қолди. 36-турдан кейин “Лилль” сўнгги йиллар чемпиони бўлган ПСЖни 3 очкога ортда қолиряпти. Бу ярим чемпионлик дегани. Охирги икки баҳс ўртамиёналарга қарши эканини ҳисобга олсак, Францияда чемпион ўзгарадиганга ўхшаб турибди. Бўлажак (эҳтимолий) чемпионлар сафида уч нафар туркиялик футболчи бор – Меҳмет Зеки Челик, Юфус Язижи ва Бурак Йилмаз. Мен уларнинг ҳар уччаласига қисқача тўхталиб ўтишни мақсад қилдим. Дастлаб Бурак Йилмаз ҳақида.
Тез орада 36 ёшга тўладиган Йилмаз ҳақида Европада бундан тахминан ўн йиллар илгари гапира бошлашганди. Ўшанда у “Галатасарой” билан ЕЧЛ чорак финалига чиққан, Дидье Дрогба, Уэсли Снайдерлари бор таркибда 8 ўйинда 9 та гол уриб чорак финалгача турнирнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлган эди. У даврда Буракнинг истиқболи анча ёрқин кўринганди. Эндигина 26 ёшга тўлган футболчига топ-5 клублари назар ташлайди, деб кутилган. Бироқ кутилмалар доим ўзини оқламайди. Ҳаммаси ўзгариб кетди. Жиддий таклифлар бўлмади. Йилмазнинг ўзида ҳам пасайиш кузатилди. 2016 йилда фаолиятини кескин ўзгартиришни истаган турк ўзини Хитой чемпионатида синаб кўрди. Мақсад тушунарли – пул.
Кўринишидан ҳаммаси тугагандек эди. Яъни, Туркия миқёсидаги яхши бир футболчи, Ҳоқон Шукурдан сўнг миллий терма жамоа ҳужумида етакчига айланган Йилмаз Европани забт этмай карьерасини якунлайдигандек...
Аммо, барчаси яна ўзгариб кетди. Хитойдаги икки мавсум совринларсиз ўтгач у Туркияга қайтади. 2020 йилга келиб “Бешиктош” уни “Лилль” сафига қўйиб юборди. Францияда эса Бурак иккинчи ёшлигини бошдан ўтказмоқда. У бу ерга эркин агент сифатида, 70 млн. евро эвазига “Наполи” вакилига айланган Виктор Осимхеннинг ўрнини тўлдириш учун таклиф этилганини айтиш лозим. Бу маълумотнинг ёнига Йилмаз аллақачон самарадорлик борасида Осимхендан ўтиб кетганини қўшсак “Лилль” қанчалик фойда кўрганини тушуниш мумкин бўлади.
Қариянинг Францияга тезда мослашиб кетишида икки асосий сабаб бор. Бири унинг клубдаги миллатдошлари. Улар билан янги ҳаёт тарзига кўникиш анча осон ҳар томонлама. Бошқаси таркибда бу қарияни ҳужумда қўллайдиган ёш футболчиларнинг борлиги. Уч Жонатан – ҳужумчи Жонатан Дэвид ва қанот форвардлари Жонатан Иконе ва Жонатан Бамба. Улар Буракни тўп билан таъминлаб туриш вазифасини яхши бажармоқда. Ҳозир унинг ҳисобидан 15 та гол ва 6 та ассист бор. У икки оёқда бирдек зарба йўллайди ва шу боис ҳужумнинг турли нуқталарида ўйнади. Гавдаси билан яхши ҳаракат қилиб, курашларда кўп ғалаба қозонади. Техникаси у қадар зўр эмаслиги боис кўпинча тўпга иккинчи тегишидаёқ зарба йўллайди. Хуллас, классик ҳужумчи.
“Лилль” якунда чемпионликни қўлга киритса, Буракнинг бундаги ҳиссаси анча катта бўлади.
Ориф Толипов.