"Манчестер Юнайтед" ярим ҳимоячиси Нани 29 январ куни "Энфилд"да бўлиб ўтадиган Англия кубогининг 1/16 финалида "Ливерпул"га қарши майдонга тушмаслиги мумкин. Гап шундаки, "Арсенал"га қарши ўйинда португалиялик футболчи олган жароҳатини даволашга бир неча ҳафта вақт кетиши мумкин. Шифокорларнинг ушбу тахминлари тасдиқланиши учун Нани тиббий кўрикдан ўтиши лозим.
Шунингдек, "Манчестер"нинг приципиаль рақибига қарши ўйинида ҳимоячилар Фил Жонс ҳамда Рио Фердинандлар ҳам майдонга туша олмасликлари маълум қилиняпти. Жонс "Арсенал" билан ўйинда оёғини қайириб олган ва у сафга қайтиши учун икки ҳафта вақт керак. Фердинанд эса елкасидаги оғриқ билан боғлиқ муаммолардан азият чекяпти.
"Арсенал"га қарши ўйинда тиззасидан лат еган Руни ва тизза ости пайлари чўзилган Майкл Кэрриклар ўйингача сафга қайтишлари кутиляпти.