«Мюнхеннинг «Бавария»си ҳозирнинг ўзида орзуларим оламидан муҳим ўрин эгаллаган. «Бавария» қачонлардир мени янада бахтлироқ бўлишим сабабчисига айланса, ажабмас!» Мазкур эътироф 2017 йилнинг сентябрида ўзининг «Хоффенхайми» билан «Бавария»ни Бундеслига доирасида маҳв этган Юлиан Нагельсманнга тегишли. Факт шуки, 3,5 йилдан кейин орзу ҳақиқатга айланди! Яқинда 33 ёшли германиялик мутахассис ёзда Мюнхен грандини бош мураббий сифатида қабул қилиши расман тасдиқланди.
Қадрдон Зэбенер Штрассе интизор
Балки бундан кўпчилик хабардор эмасдир, аммо бу «Бавария»нинг Нагельсманнга бўлган дастлабки қизиқиши эмас, 2015 йилда ҳам Юлианни клубнинг Зэбенер Штрасседаги офисида «Бавария» бошқаруви раиси Карл-Хайнц Румменигге спорт директори Маттиас Заммер билан биргаликда кутиб олганди. Ўшанда Бундеслиганинг 19 ёшлилар турнирида «Хоффенхайм»ни 2013|2014 йиллар мавсумида шоҳсупага, кейинги мавсум финалга олиб чиққан ёш мутахассисга «Бавария»нинг U-23 жамоаси бош мураббийлигини таклиф этишганди.
«Бавария»ни буюк клуб даражасига кўтарган Ули Хёнессдек афсона эътирофига сазовор бўлиш жуда ёқимли. Мен бу таклифни ўйлаб кўрдим. Мюнхенга кўчиб ўтишга розилик билдирдим», - деганди Юлиан ўша учрашувга изоҳ бераркан.
Бироқ ўшанда келишув амалга ошмай қолди. Боиси, «Бавария» номзоднинг асосий жамоадаги фаолиятини синовдан ўтказишга қарор қилганди. Бундеслига гранди мутасаддиларининг донишмандларга хос қарори ўз натижасини узоқ куттириб қўймади: атиги 1,5 йилдан кейин Юлиан Нагельсманн Германияда йил мураббийи сифатида эътироф этилди. Ўшанда ёш мураббий эндигина 29 ёшга чиққанди. Унинг 2015|2016 йиллар мавсумида «Хоффенхайм» билан намойиш этган фидойилиги учун ҳар қанча мақтов камлик қилади - 2016 йилнинг февралида 17-ўринда бораётган жамоани қабул қилган мутахассис элитадаги ўрнини сақлаб қолди. Ўзи эса Бундеслиганинг энг ёш мураббийи унвони билан тақдирланди.
Ана шу муваффақият эвазига қўшимча қанотга эга бўлган «Хоффенхайм» янги мавсумда шунчаки еврокубок эмас, айнан ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритди. Яна бир йилдан кейин Нагельсманн навбатдаги босқичга кўтарилиб, «РБ Лейпциг» бошқарувини ўз зиммасига олди ва дебют мавсумида «буқалар»ни ЕЧЛнинг ярим финалига олиб чиқди. Ўзи эса, табиийки, энг нуфузли клуб турнирининг «плей-офф» босқичидаги энг ёш мураббий сифатида эътироф этилди.
Юлианнинг мураббийлик соҳасидаги барқарор муваффақияти топ-клублар эътиборидан четда қолмади, албатта. «Лейпциг»га ўтиши арафасида унинг «Реал»га йўл олиши хусусида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ мураббий бу таклифни рад этди. Шунингдек, «Бавария» варианти хусусидаги миш-мишлар ҳам бежиз эмасди. Қисқаси, Мюнхен Нагельсманнинг навбатдаги бекати бўлиши керак эди. Энди бу ҳақиқатга айланди. 33 ёшида устозлик тизгинини қўлига олган мутахассис Бундеслига (1963) давридаги «Бавария»нинг иккинчи (Серен Лербюдан кейин) энг ёш мураббийига айланди.
Уйга қайтиш
«Рафиқам ва фарзандим тез орада Мюнхенга кўчиб ўтишади. Бу шаҳар оиламиз учун бегона эмас. У ерда бўлажак уйимиз қад ростламоқда» - ушбу баёнотни ҳам Юлиан 2017 йилнинг кузида айтганди. Ҳатто унинг ўзи ҳам қачондир шундай бўлишига шубҳа қилмаганди. Бўлмаса-чи... ахир бу унинг орзуси-ку. Энди орзу рўёбга чиқди.
Дарвоқе, оилавий ришталар хусусида. Юлиан Бавариянинг жануби-ғарбидаги мўъжазгина Ландсберг-ам-Лех (Мюнхендан 70 км. узоқликда) шаҳарчасида таваллуд топди. Мўъжаз, лекин шундоққина Лех дарёси соҳилида жойлашган ўта хушманзара гўша. Унинг онаси Берги, акаси Андре ва опаси Ванессалар ҳозир шу гўшада истиқомат қиладилар. Отаси Эрвин Нагельсманн эса мамлакатнинг бўлажак энг яхши мураббийи 20га чиққанида вафот этганди.
«Мен онасига ғамхўрлик қила оладиган киши бўлиб улғайишим лозим эди. Акам ва опам оилани таъминлаш билан банд бўлишганида, онамнинг ёнида қолардим. Мана шу зарурат барвақт улғайишимга сабаб бўлди. Ёшимга хос бўлмаган юмушларни бажаришга одатлангандим», - дейди мураббий.
Дарҳақиқат, Нагельсманн шахс сифатида ҳам, профессионал мураббий сифатида ҳам барвақт шаклланди. Ҳаётнинг мураккаб синовларига осонликча мослаша олиш хусусияти энди ўз-ўзидан тушунарли. Албатта, футболдаги илк қадамларини ҳам Юлиан шу жонажон заминда қўйди. У Бавариянинг икки жамоаси - «Аугсбург» ва «Мюнхен-1960»да тўп сурди. Маълумки, «Мюнхен-1960» «Бавария»нинг азалий рақиби. Хуллас, Нагельсманн том маънода ўз уйига қайтди, маъжозий маънода «От қозиғини топди».
Нагельсманн - келажак мураббийи
«Хоффенхайм»даги дастлабки мавсумлардаёқ Юлиан Нагельсманн «Бэйби Моуриньо» тахаллуси билан сийланди. Бу лақабни унга ўз фаолиятини Зинсхаймда якунлашга қарор қилган ва албатта, ўз мураббийидан ёши улуғроқ бўлган германиялик таниқли дарвозабон Тим Визе ҳадя этганди. Фахрий дарвозабоннинг шаъмаси тушунарли - худди Моу каби Юлиан ҳам профессионал мақомида ёлчитиб тўп сурмаган ва португалиялик касбдоши каби барвақт (ҳатто ундан аввалроқ) мураббийлик фаолиятини бошлаганди.
«Нима учун айнан Моуриньога қиёслашганини очиғи, билмайман. Эҳтимол, Визе бизнинг ўртамиздаги қандайдир ўхшашликларни пайқагандир. Аммо мен футболдаги фалсафамиз уйғун, деб ўйламайман», - деганди Нагельсманн.
Чиндан ҳам, орадан 4-5 йил ўтгач, «кичик Моуриньо»нинг мураббийлик ёндашуви ўзгача эканлиги яққол намоён бўлди. Португалиялик мутахассиснинг сўнгги «муваффақиятлари» ҳақида гапиришдан маъно йўқ, Нагельсманнинг тамоман ўзгача йўналишдаги мураббий эканлиги аниқ. Юлиан - жаҳоннинг энг яхши мураббийи унвони учун муносиб номзод бўла оладиган замонавий мутахассис.
Томас Тухелнинг ижобий баҳосидан ташқари (айнан шу мутахассис жароҳат туфайли 19 ёшда бутсаларини михга илишга мажбур бўлган Юлиандаги мураббийлик салоҳиятини пайқаганди), Нагельсманн ўз ихтисоси учун муҳим бўлган бир қатор фазилатларга эга.
23-24 ёшли пайтида у бизнес ва спорт маъмурлиги соҳасида таҳсил олди. Шу тариқа у «Инсон қандай тузилган, унинг моҳияти нимада, уни қандай тушуниш керак?» каби кенг кўламдаги саволларга жавоб топди ёки ҳеч бўлмаганда, шунга яқинлашди. Фалсафа, руҳият ва анатомия - мураббий Юлиан Нагельсманн даҳолигининг пойдевори.
Нагельсманн - новатор мураббий. Бу машғулотлар жараёнига, жамоанинг ички муҳити ва албатта, тактикага тааллуқли фазилат. Унинг асосий ақидаси - эътиборнинг 30 фоизини тактикага, 70 фоизини футболчилар ўртасидаги муносабатларга қаратиш. Назаримизда, бу мутахассис «Бавария»дек кўпни кўрган гранд жамоа ўйинчиларини ҳам қандайдир янгиликлар билан ўзига ром эта олади. Бу юмушни уддалай оладими? Яқин кунларда ушбу саволга жавоб оламиз. Ҳозир эса таъкид билан чекланамиз - келажакнинг топ-мураббийи унвони учун яққол даъвогар мутахассис ҳамон Европанинг энг кучли клуби мақомидаги жамоада иш бошлайди. Ажойиб ечим!
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.