ОФК Кубоги “Ф” гуруҳи “Хўжанд” – “Насаф” учрашувидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоамиз бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этди ва бўлиб ўтган беллашув ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Aжойиб ўйин бўлди. Биз ҳаммасини назорат қилдик. Рақибни кучли ва кучсиз томонларини яхши билардик, биз ўйиндаги ҳисобни назорат қила олдик ва муҳим ғалабага эришдик. Ҳисоб ўйинга мос бўлди", - дея дастлабки фикрларини билдирди Бердиев.
- Жамоада иккита ўнг қанот ҳимоячиси борлигига қарамай, бугун асли марказий ҳимоячи ҳисобланган Ҳусниддин Aлиқуловни ўнгга туширдингиз ва бу амалда ўзини тўлиқ оқлади. Ўйин давомида ундан нима талаб қилинган бўлса барчасини уддалади. Нима сабабдан бундай қарорга келгандингиз?
- Биринчидан Aлиқулов олдинги учрашувда захирадан тушиб ўйинга яхши қўшилиб кетди ва гол ҳам урганди. Иккинчидан, ўша иккита ўнг қанот ҳимоячиларимиз биринчи беллашувда биз кутган ўйинни намойиш этишмаганди. Шу сабаб бугун Aлиқуловга имконият бердик. Ҳусниддинда ўнг қанот ҳимоячиси бўлиб ўйнаш учун керакли тажрибаси бор, шу сабаб уни ишонч билан ўша жойга қўйдик ва бу ўзини оқлади. Қўшимча қиламан, Aлиқулов бош билан жуда яхши ўйнайди. Шу сабаб стандарт вазиятларда устунликка эришиш ва ҳимоайда яхши ҳаракат қилиши учун уни асосий таркибга киритдик. Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам, стандарт вазиятларда ҳам у яхши ҳаракат қилади.
- Бугун ҳимоя чизғига алоҳида эътибор қаратганингиз билинди, улар жуда яхши ҳаракат қилишд. Жамоа биринчи ўйинда қирғизларга қарши бу даражада ҳаракат қилмаганди. Aйнан "Хўжанд"га қарши кучли тайёрландингларми ёки олдинги беллашувда бошқача кўрсатма бўлганмиди?
- Биз ҳар бир жамоага алоҳида тайёрланамиз. Aгар биринчи ўйинни оладиган бўлсак, рақибда битта вазият юзага келганди. Ёдингизда бўлса африкалик легионерда имконият бўлганди. Ўшанда ҳам ҳимояда бироз хатога йўл қўйгандик. Бугун ҳам ҳисоб 1:0 бўлиб турганда рақибнинг 7-рақамдаги ҳужумчиси бош билан зарба бера олди. Дарвозабонимиз бу вазиятда бизни қутқарди. Кўриб турганингиздек, ҳимояда хатоларимиз бор, буни тўғрилашимиз керак. Ҳимоячиларга доим диққатни йўқотмасликни, ҳимояда ишончли ҳаракат қилиб нолга ўйнаш кераклигини такидлайман. Хатолар бўлди, аммо менимча бугун улар ўз вазифаларини бажаришди.
- Биринчи ўйиндан фарқли ўлароқ бугун жамоа ўйин бошидан жуда яхши ҳаракатланди ва ўз ўйинини намойиш эта олди. Бунга сабаб жамоа кўпроқ яхши тайёргарлик кўрганидами? Ёки рақиб бугун кўпроқ олдинга ўтгани ва очилгани сабабми?
- Биринчи ўйинда биринчи голни уриб олишга қийналган эдик. Бир бўлим сифатли ҳужум ташкил эта олмагандик. Бугун эса ўйин бошида гол уриб олганимиздан кейин беллашув бошқача кўриниш олди. Олдин ҳам айтгандим, биринчи учрашувда балки бироз ҳаяжон бор эди. Бугун эса ўша жиҳатни тўғрилай олдик. Йигитлар бугун рухий томонлама жуда яхши тайёрланишган эди. Бу бизга устунлик берган жиҳатлардан бири бўлди.