Кириш Регистрация
30/09 00:00 Атлетико 1-1 Реал Мадрид
30/09 17:30 Франция 2-1 Парагвай
30/09 20:00 Қозоғистон 1-6 Аргентина
30/09 21:00 Ас-Садд 2-0 Истиқлол
30/09 21:00 Персеполис 1-1 Пахтакор
30/09 21:00 Ал-Васл 0-2 Ал-Аҳли (СА)
30/09 23:00 Ан-Наср (СА) 2-1 Ар-Райян
30/09 23:45 Парма 2-3 Кальяри
01/10 00:00 Вильярреал 3-1 Лас-Пальмас
01/10 00:00 Борнмут 3-1 Саутгемптон

Станислав Черчесов: "Игор Акинфеев тарихи ёпиқ..."

Баҳо:
+ | -

Россия миллий термаси бош мураббийи биринчилардан бўлиб, Евро-2020 учун кенгайтирилган таркибни эълон қилди. Режага мувофиқ, Черчесов жамоаси 21 май куни 30 нафар футболчи билан Австриянинг Нойштифт шаҳрида ўқув-машғулотлар йиғинига киришади. Захира рўйхатида 7 нафар футболчи бор. Эслатма, 1 июнь куни тасдиқланадиган якуний таркибга 26 нафар футболчи киради. Станислав Черчесов Мос­квадаги Футбол уйида журналистлар билан учрашиб, ўз танловига атрофлича изоҳ берди.

- Таркиб тузишда қайси футболчиларнинг коронавирусга қарши антитанача ҳосил қилишгани ҳам эътиборга олиндими? Қолганларга ҳам вакцина олишни тавсия этасизми?

- Кимларда антитанача борлигини аниқ айтмайман, бу жамоа бош шифокорига тегишли савол. Умуман, таркиб танлашда ушбу омилга қараганимиз йўқ. Вакцина масаласига келсак, энди кеч, ахир эмлашлар орасида бир неча ҳафта ўтиши керак. Ижобий ҳолат шуки, бизда кўпчилик коронавирусга чалиниб, ундан тузалишга улгурди.

- Головин, Миранчук ва Черишев худди охирги йиғинда кузатилгани каби Европа мамлакатларидан келиш борасида муаммога учрашмайдими?

- Бу муаммо эмас, балки табиий жараён. Барчасини уларнинг клублари билан муҳокама қилиш керак. Менимча, бу сафар ортиқча қийинчилик туғилмаса керак. Ахир миллий чемпионатлар тугамоқда ва ҳамма футболчиларни олдинда қандай турнир кутаётганини яхши билади. Қолаверса, Головин ҳам, Миранчук ва Черишев ҳам хасталик синовидан ўтиб бўлишди.

- Энди бевосита таркиб ҳақидаги асосий савол: Смолов нега йўқ? Ҳар ҳолда, кўпчилик уни муносиб номзод ўрнида кўраётган эди.

- Ҳа, Смолов рестартдан кейин чиройли голлар урди, бироқ охирги ўйинларда аввалгидек ёрқин кўринмади. Ихтиёримизда 3 нафар ҳужумчи бор - Дзюба, Соболев, Заболотний. Улар Россия чемпионатида мунтазам гол уриб, клубларига наф келтиришмоқда. Энг муҳими, маълум вақт давомида терма жамоада бирга бўлдилар. Қисқаси, шаклланган кўникмани бузишни истамадик. Баъзилар ўйлагандек, улар бир хил тоифага мансуб эмаслар. Ҳа, бўйлари деярли тенг, аммо майдонда бутунлай бошқа-бошқа функцияларни бажарадилар. Умид қиламанки, ушбу танловимиз ўзини оқлайди. Бордию, қандайдир кутилмаган ҳолат юз берса, унда захирамизда Смолов бор.

- «Локомотив» вакиллари - Антон Миранчук ва Гильерме ҳам четда қолишди...

- Антон иккинчи даврада деярли ўйнамади. Атиги бир неча марта захирадан майдонга тушди. Шунинг учун «заявка»га киритилмади. Гильерме? У терма жамоанинг охирги ўйинларида ишончли унча оқламади. Тўғри, чемпионатнинг якуний қисмида анча яхши кўринди, аммо «Зенит»га қарши баҳсда дарвозасини талаб даражасида қўриқлай олгани йўқ. Қисқаси, Гильерме энг муҳим паллаларда ўзига ўхшамади. Айтишим жоиз, узоқ вақт уни реал номзод сифатида алоҳида кузатдик, бироқ...

- Агар «Локомотив» Санкт-Петербургда 1:6 ҳисобида ют­қазмаганида, Гильерме таркибга кирармиди?

- Ишончим комил эмас. Ҳар ҳолда, муайян 1та ўйин эмас, умумий картинага қараб, хулоса чиқардик.

- Акинфеевнинг Евро-2020га чақириш масаласи 1 йилдан кўпроқ вақт давомида муҳокама қилинмоқда. Бу тарих қандай хотима топди, у билан гаплашдингизми?

- Ҳа, албатта. 9 май куни қўнғироқлашдик. Ҳозирги ҳолат шундайки, Игорь жамоага ёрдам беришга тайёр эмас. Шунинг учун бу масала ёпилди.

- Сафонов жароҳатдан эндигина қутулди. Қолаверса, баҳорги ўйинларда бир қатор қўпол хатоларга йўл қўйди. Амалда уни захирага эмас, дарҳол кенгайтирилган рўйхатга қўшдингиз? Нима, Сафонов дейлик, Максименкодан яққол кучлими?

- Тушунтираман: биринчидан, Сафонов ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати саралаш бос­қичи давомида жамоа ихтиёрида шуғулланди, гарчи ўйинларда майдонга тушмаган бўлсада. Иккинчидан, у бош жамоанинг бир неча ўқув-машғулотлар йиғинида чакки ишламади. Ҳа, баҳорда ўйинида хатоликлар кузатилгани рост, аммо бошқа киперларда ҳам шу ҳолат. Жумладан, Максименко ҳам хатолардан холи эмас. Кимгадир алоҳида имтиёз йўқ. Собиқ дарвозабон сифатида айтаман, бу позиция вакилларини тўлиқ англаш учун вақт керак. Ишонинг, айни шу масалада энг тўғри қарорда тўхташни биламан.

- Захира рўйхатидан жой олган 7 нафар футболчи қандай шуғулланади? Алоҳидами?

- Йўқ, алоҳида эмас. Футболчилар билишлари керак - кимлар терма жамоага чақирилдию, кимлар чақирилишлари мумкин. Ҳа, иккинчи гуруҳ вакиллари учун вазият ноқулай, ҳаттоки, ёқимсиз. Аммо профессионал ёндашув керак, барибир: улар бугун захирада, олдин бошқалар шундай мақомда бўлишган.

- Черишев узоқ вақт ўйнамади. У қандай ҳолатда?

- Мунтазам алоқадамиз. Денис охирги ўйинда майдонга тушиб, голга ассистентлик қилди, асосийси, доимий машғулотларда. Унинг умумий ҳолатини билиш чиндан ҳам, муҳим. Тушунарлики, Черишев жароҳат, мураббий ва ўйин тизими ўзгариши туфайли муайян муаммоларга дуч келди. Асосийси, айни пайт машғулотларда қатнашяпти, ўйнаяпти ва кайфияти яхши.

- Головинда ҳам ўйин амалиё­ти етарли эмас. Миранчук ҳақида эса, Италияда аллақачон ҳазил қараш шаклланди: ўйинидан кўра, голи кўпроқ...

- Головин ҳақидаги фикр бироз нотўғри. У хасталикка чалинишидан олдин  асосий таркиб аъзоси эди, голлар урди. Аммо орада коронавирус туфайли 2та ўйинни ўтказиб юборди, охирги баҳсда эса захирадан майдонга тушди. Унда хасталик кучли аломатларсиз кечгани ва саломатлиги яхши эканлигидан мамнунмиз. Миранчукга келсак, ишонч билан айтаман: унинг «Аталанта» сафига қўшилганининг ўзи - катта гап. Футболчи ортда қолган вақт давомида яққол яхши томонга ўзгарди, етуклашди. Муҳими, ўзига берилган қисқа ўйин вақтини қадрлаб, бундан самара чиқармоқда. Энди бизнинг вазифамиз - унинг яхши фазилатларидан унумли фойдаланиш.

- 17 ёшли Захаряннинг жалб этиш - бу истеъдодини тан олишми?

- Ёш факторига қарамаймиз, аксинча, футболчининг қандай ўйнаётгани ва ўсиш истиқболини инобатга оламиз. Захарян бир неча позицияда бирдек ўйнаши мумкин, шунингдек у ёшлар ўртасидаги Евро-2020да ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш этди. Захарянни жалб қилишдан мақсад - унга терма жамоа муҳитида ишлаш имкониятини бериш. Йиғинда бирга ишлаймиз, йигитча билан яқиндан танишамиз ва якуний тўхтамга келамиз.

- Миллий жамоа бош мураббийи сифатида айтингчи, «Зе­нит»нинг қаторасига 3-чемпионлиги яхшилик нишонасими?

- Шуни алоҳида айтишим керак, номзодлар ўйинини ҳар доим ортиқча ҳиссиётларсиз, тарафкашликсиз кузатамиз. Муҳими, чемпио­натда рақобат йўқ эмас. «Зенит»нинг кетма-кет 3-марта ғолиб чиққанида ёмон тарафи йўқ. Қаранг, Германияда 1та клуб 9 йилдан бери тахтдан тушмаяпти. Италияда эса «Юве» гегемонлиги шу йил тўхтатилди. Яна «ПСЖ»ни мисол келтириш мумкин, «Аякс»ни ҳам. Хуллас, фақат биздагина шундай эмас.

- Эртами-кеч битта савол биринчи ўринга чиқади: терма жамоанинг Евро-2020даги мақсади нима?

- Мана, ҳозирча биринчи вазифани ҳал қилдик - кенгайтирилган таркиб аниқ. Олдинда ўқув-маш­ғулотлар, назорат ўйинлари, гуруҳ раунди. Қисқаси, ҳаммаси босқичма-босқич...

- Кипрда Евро-2020да ғалаба қозонишни исташингизни айтгандингиз. Ўша сўзларингиздан қайтмайсизми?

- Шундай деганмидим?

- Бошқа жамоалар қатори якуний ғалабани кўзлашингиз ҳақида гапиргансиз.

- Албатта, ғалаба қозонишни истаймиз, жаҳон чемпионатидан олдин ҳам шу гапни айтганман. Ваҳоланки, ўшанда фаворит эмасдик, ҳозир ҳам шундай. Келинг, ҳозирча оддийроқ жавоб бераман: вазифамиз - максимал мақсадга эришиш учун йигитларни муносиб тайёрлаш.

Россия терма жамоасининг кенгайтирилган таркиби

 

Дарвозабонлар: Юрий Дюпин («Рубин»), Андрей Лунев («Зенит»), Матвей Сафонов («Краснодар»), Антон Шунин («Динамо» М.)

Ҳимоячилар: Георгий Жикия («Спартак»), Игорь Дивеев (ЦСКА), Марио Фернандес (ЦСКА), Роман Евгеньев («Динамо» М.), Юрий Жирков («Зенит»), Вячеслав Караваев («Зенит»), Фёдор Кудряшов («Анталияспор»), Илья Самошников («Рубин»), Андрей Семёнов («Ахмат»)

Ярим ҳимоячилар: Дмитрий Баринов («Локомотив»), Рифат Жемалетдинов («Локомотив»), Максим Мухин («Локомотив»), Александр Головин («Монако»), Арсен Захарян («Динамо» М.), Даниил Фомин («Динамо» М.), Роман Зобнин («Спартак»), Алексей Ионов («Краснодар»), Далер Кузяев («Зенит»), Андрей Мостовой («Зенит»), Магомед Оздоев («Зенит»), Денис Макаров («Рубин»), Алексей Миранчук («Аталанта»), Денис Черишев («Валенсия»)

Ҳужумчилар: Артём Дзюба («Зенит»), Антон Заболотний («Сочи»), Александр Соболев («Спартак»)

Захира

Дарвозабон: Александр Максименко («Спартак»)

Ҳимоячилар: Игорь Смольников («Краснодар»), Дмитрий Чистяков («Зенит»)

Ярим ҳимоячилар: Юрий Газинский («Краснодар»), Даниил Лесовой («Динамо» М.), Резиуан Мирзов («Химки»)

Ҳужумчи: Фёдор Смолов («Локомотив»)

 

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 15:00, 21.05.2021.
Ўқилди: 1603 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.