«Астон Вилла» клуби Чемпионшип ғолиби бўлган — «Норвич» етакчиси Эмилиано Буэндиани ўз сафига қўшиб олишни жиддий мақсад қилган.
Sky Sports'нинг ёзишича, аргентиналик 24 ёшли футболчи янги мавсумни бирмингемликлар таркибида бошлашга яқин. У «Арсенал» таклифини рад этмоқда.
Манбага кўра, «шерлар» ярим ҳимоячи учун «тўпчилар»дан кўпроқ пул тўлашга тайёр.
Фабрицио Романонинг хабар беришича, Буэндиа 33 млн фунт-стерлинг (бонуслар билан 40 млн) эвазига «Вилла Парк»ка кўчиб ўтади. Бу бирмингемликлар тарихидаги энг катта харид бўлиши билан бирга, АПЛга қайтган «канарейкалар» учун ҳам рекорд даражадаги сотувга айланади.
Аргентина миллий жамоаси билан Америка Кубогига ҳозирлик кўраётган ҳавбек ўтган мавсумда 15та гол ва 16та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Шу билан бирга Чемпионшипда энг кўп голли вазият яратган футболчига айланди.