Ҳарри Магуайр жароҳати туфайли, «МЮ»нинг сўнгги ўйинларини, хусусан, Европа Лигаси финалини ўткаиб юборди. Ҳали ҳам тиклангани йўқ, катта эҳтимол билан камида икки ҳафта майдонга туша олмайди. Яъни, Евро-2020нинг гуруҳдаги учала ўйинда ҳам ўйнай олмаслиги мумкин. Шундай бўлса-да, Саутгейт уни терма жамоа заявкасидан чиқариб юбормаяпти.
Қизиғи, Магуайр шу шароитда ҳам Еврога олиб кетиладиган даражада етакчи эмасди. Масалан, ушбу мавсумда у Англия миллий жамоасининг 11 ўйинидан 6 тасида қатнашган холос. Хўш, нега?
Магуайрнинг тугаган мавсумдаги энг зўр ўйинлари қайси, биласизми? Менимча, шу, «Юнайтед»нинг «Ливерпуль», «Лестер» билан, кейин Европа Лигаси финалидаги ўйинлар. Яъни, Магуайр қатнашмаган баҳслар. Парадокс шундаки, айнан шу ўйинларда Магуайрнинг «МЮ»даги аҳамияти намоён бўлди. Асосан танқид қилинган, унинг секинлиги, хатолари тилга олинган бўлса, қарасак, Магуайрнинг фазилатлари ҳам кўп, ҳам муҳим экан - бош билан деярли ютқазмайди, ҳимояни бошқаради, билд-ап, яъни, ҳимоядан ҳужумга чиқишда асосий ролни бажаради. Усиз «МЮ» ҳимояси бутунлай издан чиқар экан. Буни кўрган Сульшер ҳам, то сўнгги дақиқаларгача, финалда Ҳаррининг қайтишидан умид қилди.
Эсингизда бўлса, Ҳендерсоннинг 2019/20 мавсумида АПЛнинг энг яхшиси бўлишига февралдаги «Ливерпуль» натижалари сабаб бўлганди. Ўшанда Ҳендо ҳам жароҳат туфайли икки ҳафта ўйнолмаганда, Клопп шогирдлари Англия кубоги ва ЕЧЛни бой берган, АПЛда ҳам оғриқли мағлубиятлар қабул қилганди. Одатда қора ишни қиладиган, кўзга ташланмайдиган Ҳендерсоннинг чемпион жамоадаги ўрни, аҳамияти билиниб, якунда у энг яхши, деб эътироф этилганди.
Магуайрга бўлган Саутгейтнинг, балки мухлисларнинг ҳам муносабати ҳам шунга ўхшаб кетади. Қизиқ томони, Саутгейт ҳали тикланиб улгурмаган яна бир футболчини заявкада ушлаб турибди. Ким?
Топдингиз, ўша Ҳендерсон. Ўйнамаган ўйинлари туфайли юлдузга айланган икки футболчи.
Қаҳрамон Асланов.