«Қизил иблислар» футболчиси Евро-2020 да жамоаси билан иштироки ҳақида гапирди.
Уэльс ва "Манчестер Юнайтед" вингери – Дениел Жеймс ўз интервьюсида қитъа чемпионати билан боғлиқ фикрлари билан ўртоқлашди. У ўз клуби билан Польшадан қуруқ қўл билан қайтиб келганидан кейин, Европа чемпионатига жамоаси билан жиддий тайёргарлик кўрмоқда. 23 ёшли футболчи ўша финал баҳсида пенальтилар сериясида иштирок этиб, ўз зарбасини муваффақиятли амалга оширган. Аммо бу етарли бўлмаган эди.
Бу ҳақда Жеймснинг ўзи шундай дейди: "Мағлубият мени, қолаверса, жамоадошларимни ҳам жуда хафа қилди. Барчамиз афсусда эдик. Лекин мен ва бошқа футболчилар учун ҳали мавсум якунланганича йўқ. Бизни Евро кутмоқда. Футбол шундай спорт турики, унда сиз йиқилсангиз, янада кучлироқ бўлиб ўрнингиздан туришингиз керак. Бунга мажбурсиз!"
Уэльс таркибига 20 та ўйинчи танлаб олинган. Ҳар бир ўйинда Гарет Бэйл жамоасини сардор сифатида майдонга бошлаб тушади. Улар ичида Жеймс ҳам мавжуд. Терма жамоа таркибида 2018 йилнинг ноябрида, Албанияга қарши дебют қилгандан буён, у термада 16 та ўйинда майдонга тушган. Аммо якунига етган мавсум давомида Жеймс клуби билан жами 61 учрашувдан атиги ўн саккизтасида бўй кўрсатди, холос. Албатта, бу нарса бош мураббий Сульшернинг қарорлари билан боғлиқ эди. Шуниям айтиб ўтиш керакки, собиқ «Суонси» клуби ҳужумчиси, 2019 йилнинг ёзида 15 миллион фунтга харид қилингандан бери, «Юнайтед» таркибида жуда кам ўйин амалиётига эга бўлганлар қаторидан ўрин эгаллаган.
Юқоридаги вазиятга муносабат билдирар экан, у бундай фикрда эмаслиги, «манкунянликлар» таркибида ҳам ўзини яхши кўрсата олган ўйинлари бўлгани, бироқ нисбатан Уэльс термасида жамоасига кўпроқ ёрдам бериб, изчиллик кўрсатганини таъкидлади. Агар Уэльс терма жамоаси гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалай олса, Жеймс ўз мамлакати термаси учун кучлироқ аҳамиятга эга бўла боради. Чунки, плей-оффларда рақобат гуруҳдаги ўйинларга қараганда, табиийки кучли. Буни босимнинг юқорилиги билан изоҳлаш мумкин. Қолаверса, мухлислар фактори ҳам муҳим саналади.
Тезкорликка урғу берадиган уэльсликлар, ўз рақибларини асосан, ҳужумда қийнаши таҳмин қилинган. Бунда ҳужумдаги футболчи Бэйл ҳамда уни таъминловчи ажойиб дуо – Аарон Ремзи ва Девид Брюкс, рақиблар учун ҳақиқатдан ҳам қўрқинчли туюлиши аниқ. Ушбу жиҳатга ҳам эътиборини қаратган Дениел Жеймс шундай дейди: "Мен анчадан буён терма жамоада ўйин амалиётига эга бўлолмаётган эдим. Брюкс ва Ремзи ҳам оҳириги икки йил ичида жароҳатлар сабаб, асосан ўйнай олишмади. Лекин улар жамоага қайтишганида, янада кучлироқ бўлганига гувоҳ бўлдик. Ремзи билан шахсан, терма жамоа таркибида бир ёки икки марта тўп сура олганман, холос. Ўшнада ҳам у ўзини кўрсатиб, Венгрияга иккита гол уришга муваффақ бўлган эди. Умуман олганда, бизнинг термадаги энг катта ютуғимиз — бу жамоага керакли бўлган барча футболчилар шу ерда эканлиги. Рақибларни енгиб ўтишни хоҳласак, майдонда тўғри позицияларда, тўғри пайтда бўла олишимиз ва имкониятлардан максимум фойдаланишга эътибор беришимиз керак".
У интервью сўнггида: "Менга клубда ҳам терма жамоада ҳам эркинлик беришади. Майдондаги ҳар бир чизиқ вакили, ҳимояни ўйлаб ҳаракат қилиши жуда муҳим мезондир. Мен ўзимни ҳужумкор футболчи сифатида кўраман, аммо ҳалиям ҳимояда ёрдамчи бўлишга ва керакли вазифаларни бажаришга интилишим керак. Жамоа муваффақиятида универсал футболчиларни ўрни катта. Мен ҳам яшил майса устида ҳар қандай жойда ўйнай олишим лозим" деб фикрларига якун ясайди.
Эслатиб ўтамиз, Уэльс терма жамоаси А гуруҳидан ўрин олган бўлиб, ўзининг илк ўйинини 12 июнь, шанба куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида, Швейцарияга қарши ўтказади.
Жалолиддин Исматов.