Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ана, холос! Канга эмас, Киаку-Киаку Киангани...

Баҳо:
+ | -

«Ростов»да ўйнаган Каку Гелор Кангани биласизми? Африкалик ушбу футболчи яқинда ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланди: у паспортида кўрсатилганидан 5 йил олдин, боз устига, умуман бошқа мамлакатда туғилган экан. Бутун бошли детектив...

Каку Гелор Канга - африкалик футболчи. У вақтида Миодраг Божович бошқарган «Ростов» сафида ўйнаган ва ҳаттоки, Россия кубогини ютган. Канга кейинчалик Қурбон Бердиев қўл остида атиги бир мавсум ишлади ва ростовликлар ЧЛга чиқишларидан олдин клуб билан хайрлашди. Канга «Ростов»дан кетгач, фақат славян мамлакатлари клубларида ўйнади: дастлаб «Црвена Звезда»да 2 йил, сўнгра Праганинг «Спарта»сида 3 йил (Чехияда ҳар мавсум камида 12та гол урди). Футболчи ўтган мавсум яна «Звезда»га қайтди. Айни кунларда эса футболчининг ҳаётида нотинчлик - Канганинг фаолияти Африкада кенг муҳокама қилинмоқда.

Ярим ҳимоячининг расмий туғилган санаси - 1990 йил 1 сентябрь. Ҳужжатларга кўра, у Габоннинг Экваториал Гвинея билан чегараси яқинидаги Оем шаҳрида дунёга келган. Аммо Конго Демократик Республикаси футбол федерациясида бошқача маълумотлар мавжуд. Конголикларнинг маълум қилишларича, Канга аслида Киаку-Киаку Киангани экан. Ёшини қалбакилаштириш айблови янада қизиқ. Маълум қилинишича, Канга паспортида кўрсатилганидан 5 йил олдин туғилган, боз устига, Габон эмас, балки Конго ДР пойтахти Киншасада. У ҳаттоки, футбол машғулотларини ҳам шу ерда бошлаган. Барчаси 2005 йили футболчига берилган лицензиясида қайд этилган. Ушбу ҳужжатда туғилган санаси ҳам кўрсатилган - 1985 йил 8 октябрь. Бироқ Киаку-Киаку ке­йинчалик қаергадир ғойиб бўлади ва фақат 2007 йили Габоннинг «Мангаспорт» клубида кўриниш беради. Қизиқ, футболчининг ўзи бунга нима дейди? «Йўқ, Конго ДР томонидан берилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспортга эга эмасман, - деди Канга. - Менда ваколатли идоралар томонидан берилган Габон паспорти бор. Агар бунинг аксини кўрсатадиган далиллар мавжуд бўлса, олдимга келтиринглар».

Конголиклар ҳужум йўналишига ҳам эгалар: Канганинг онаси кейинчалик Габонга кўчиб ўтиш учун 1986 йили сохта ўлим ҳужжатини расмийлаштирган ва маълум муддат мамлакатда бошқа ном билан яшаган. Габонда футболчига берилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳам шубҳали: у қайд қилинган санадан 3 кун ўтиб рўйхатдан ўчирилган ва манзил ҳам кўрсатилмаган. Конго футболи расмийлари аллақачон АФК (CAF)га мурожаат қилишди, аммо уларнинг даъволари етарли асослар йўқлиги туфайли инкор этилди. «Ростов»да унинг ҳужжатлари борасида ҳеч қандай шубҳа туғилмаган. Канга ўйнаган клубларга хавф борми? Ўйлашимча, йўқ. Бу можарода барча саволлар Габон федерациясига йўналтирилиши керак. Шунингдек, трансферлар рўйхати ФИФА орқали ўтади», - дея муносабат билдирди «Ростов» клубининг собиқ вице-президенти Александр Шикунов.

«Црвена Звезда» ҳам дарҳол футболчини ҳимоя қилиб чиқди: «Ўз футболчимизга ишонишимизни таъкидламоқчимиз. Амалда Канга қўлида паспорт ва Фран­цияда яшаш гувоҳномаси мавжуд. У Россия ва Чехияда ўйнаган ва ҳеч қачон муаммога дуч келмаган. Бу вазиятни икки миллат ўртасида Африка Миллатлар кубоги йўлидаги уруш ўрнида қабул қиламиз. Бунда биргина Гелор Канга қурбон эмас. Ўйлаймизки, барчаси яқин орада футболчимиз фойдасига ҳал бўлади».

***    Африка кубоги саралаш босқичида таркибида Канга ўйнаган Габон термаси Конго ДР жамоасини мағлубиятга учратди. Бунинг оқибатида конголиклар мусобақанинг финал раундига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлишди.

***        Конголиклар ҳали қўл кўтармоқчи эмаслар. Улар АФКга қайта даъво ёзмоқчилар, демак, детективнинг давоми бор...

Д.АЛИМОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:00, 27.06.2021.
Ўқилди: 6584 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.