Хорватиялик ярим ҳимоячи Лука Модрич Мадриднинг «Реал» клуби расмий сайтига берган интервьюсида «қаймоқранглилар» билан шартномасини яна бир йилга узайтирганидан мамнунлигини яширмади.
Шартномани узайтириш ҳақида
- «Реал»да ўйнашдан яхши нарса йўқ. «Бернабеу»да ўйнашдан яхши нарса йўқ. Ҳамма ушбу клубда тўп суришни хоҳлайди ва бу менга насиб қилди - ўнинчи йилни ҳам шу ерда ўтказаман. Шундай буюк клуб вакили бўлишдан яхши нарса йўқ. Айниқса, 9 йил орзу билан яшагандан сўнг. Умид қиламанки, 10-мавсум ҳам ўзгача бўлади. Бу мен учун жуда катта аҳамиятга эга. Бундан фахрланаман - мен бу ерда деярли 10 йилдан бери яшаяпман ва бунга ақл бовар қилмайди, буни ҳатто кутмагандим. Мадридга келганимда деярли 27 ёшда эдим ва ажойиб клубда шунча вақт бўлишимни кутмагандим. Талаблар шу қадар баландки, бу ерда қолишга муносиб бўлиш учун ҳар доим энг яхши бўлишингиз керак. Бундай буюк жамоада яна бир йил тўп суришдан жуда хурсандман ва ғурурланаман.
Клубдаги узоқ умр сирлари ҳақида
- Имкон қадар ҳар куни ўзимга жиддий эътибор қаратаман, чунки биламанки, футболчилик фаолиятида, гарчи ҳозирда футболчилар бутсаларини михга илишга унчалик шошилмаётган бўлишса-да, диққатни бир жойга жамлашингиз, яхши тайёргарлик кўришингиз, тикланишингиз, яхши овқатланишингиз ва дам олишингиз керак. Шунинг учун янги мавсумда ҳам ҳозирги даражамда ўйнашга қодирлигимга ишонаман. Ушбу клубда қолиш футболчидан максимал садоқатни талаб қилади ва мен бу ерда эканман, бор кучимни сарфлайман.
«Реал» Мадриддан ўрганганлари ҳақида
- Ушбу клуб ва унинг либоси сизга ҳеч қачон таслим бўлмасликни ўргатади. Бизда қаттиқ курашган пайтлар бўлган, ҳеч қачон таслим бўлмаганмиз ва сўнгги бир нечта турнирларда ғолиб чиқдик. Асосийси - ўзингга ишониш ва ҳеч қачон таслим бўлмаслик.
«Олтин тўп» ҳақида
- Бу ажойиб ютуқ. Фаолиятингизда нимани ютишни хоҳлаётганингизни ўйлаб кўрсангиз, бу соврин - «торт устидаги олча»дир. «Олтин тўп»ни олиш, айниқса, Криштиану Роналду, Месси ва бошқа буюк футболчилар унга эришиб турган даврга тўғри келганини ҳисобга олсак, ажойиб, ўзига хос ва унутилмас нарса. «Бернабеу»да мукофотни кўтариб турган пайтимда мухлисларнинг мени олқишлашгани, исмимни айтиб куйлашган лаҳзаларни бир умр хотирамда сақлаб қоламан. Бу онларни ҳар эслаганимда мени ёқимли ҳаяжон босади. Отамнинг нақадар мағрур бўлганини тасаввур қила олмайман. Ўзимни унинг ўрнига қўйдим ва отамнинг кўз ёшлари мени ҳаяжонлантирди. Биламан, у бошиданоқ мен билан бирга бўлган, мени ҳар куни машғулотларга олиб борар, кейин эса уйимизга яқин жойдаги автотураргоҳга бориб мен билан ишлаган. У ҳар куни мен билан бирга эди, баъзида опа-сингилларим келиб, бизни кузатишарди. Отамни шундай қувноқ ҳолда кўриш ёқимли ва буларнинг барчасини мен билан бирга бошдан кечирганидан жуда хурсандман. У эришган ютуқларим учун чексиз миннатдорчиликларга лойиқдир, чунки у менинг энг катта мухлисим ва мени бошиданоқ қўллаб-қувватлаб келган.
«Мадрид»даги фаолиятининг энг эсда қоларли лаҳзалари ҳақида
- «Мадрид»даги алоҳида бир лаҳзани ажратиб кўрсатиш мушкул, чунки улар жуда кўп эди. Мен фақат биттасини танламоқчи эмасдим, лекин «Десима» ва қўшкубокка эришган ўша 2016|2017 йиллар мавсумини барибир эътироф этган бўлардим. Ўшанда Ла Лига ва Чемпионлар Лигасини ютгандик... Йиллар давомида жуда яхши ўйнадик ва ўзимни жуда ишончли ҳис қилдим... ўйиндан чиндан ҳам завқланардим. Бундан ташқари, 2018 йил мен учун ҳам индивидуал, ҳам жамоавий ҳисобда ажойиб йил бўлганди. Ўтган тўққиз йил ичида эришган ютуқларимиз жуда таъсирли бўлди. Такрорлаш деярли мумкин эмас ва ростини айтсам, мен тўрт марта Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқаман, деб ўйламагандим.
ЧЛдаги ғалабалар ҳақида
- «Десима» муҳим эди, чунки жамоа ушбу кубокни ютишни 12 йил кутганди. Биз охиригача таслим бўлмадик ва ишонишда давом этдик... Ҳақиқатан ҳам, ўзимизга ва сўнгги дақиқада урган голимизга ишондик. Ўйин ўзгача эди. Бу таъсирли ғалаба бўлганди. 11-кубокни ютганимизда, ўйлайманки, ўйин натижасини олдинроқ ҳал қилишимиз мумкин эди. Учрашув пайти кўп имкониятлардан фойдалана олмадик, аммо якунда пенальтилар сериясида совуққонликни сақлаган ҳолда, кубокни қўлга киритдик. Ўн иккинчиси мен учун энг яхши Чемпионлар Лигаси финали бўлди. Ўн учинчиси ҳам алоҳида эди, чунки мураббий финал олдидан бизга кетма-кет икки ёки учта унвонни қўлга киритган баскетбол ва Америка футболи жамоалари сулолалари видеосини намойиш этди... Биз ҳам бунинг бир қисми бўлишни хоҳладик ва Чемпионлар Лигасида учинчи марта ғолиб чиқдик. Ҳар доим Чемпионлар Лигасида кетма-кет иккита ғолибликни қўлга кирита оладиган жамоа бўлса, бу «Реал» деб айтганмиз. Буни биринчи бўлиб Мадрид амалга ошириши керак.
«Реал»даги илк кунлари ҳақида
- «Реал»га ўтиш орзум эди. Бу ерга келишдан олдин бошимдан ўтган барча қийинчилик ва курашлар ҳамиша хотирамда қолган, лекин мен бу ерда муваффақият қозонишим ҳақида ўйлашим мумкин бўлган ягона нарсалиги ва буни амалга ошириш учун бор кучимни беришимни билардим. Ҳеч қачон таслим бўлмадим ва ҳатто ишлар юришмаётган бўлса ҳам, мақсадим учун қаттиқ ишлашимни билардим. Бу менинг муносабатим эди - муваффақиятли бўлишни хоҳлардим. Клуб билан танишган куним жуда ҳаяжонли ўтганди, чунки «Реал» билан шартнома имзолашни деярли икки ой кутдим. Жуда асабий эдим ва Мадридга қўнишим, шартнома имзолашим, ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Улар менга совринларни намойиш қилишди - бу ўзгача лаҳза бўлганди.
Далда ҳақида
- Бошиданоқ рафиқам ҳамиша ёнимда эди. Биз 18-19 ёшдалигимиздан бери биргамиз ва у менинг энг асосий кўмакчим бўлган, айниқса, қийин пайтларда, чунки доим ёнингизда бўладиган ва барча қийинчиликларни бошдан кечирадиган одамга эга бўлишингиз керак. Кейин болалар, ота-оналар, опа-сингиллар ва болаликдаги дўстларим. Бу одамлар доим қийин пайтларда ёнимда бўлганлар ва мен қўллаб-қувватлаганликлари учун улардан доимо миннатдорман.
Энг нохуш лаҳзалар ҳақида
- «Десима»дан кейинги бир йилни жароҳатимни даволатишга сарфладим. Биз 20дан ортиқ мағлубиятсиз ўйин ўтказдик ва шу орада мен жароҳат олдим. Касалхонада тўрт ойни ўтказдим.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади