2007 йилнинг ёзида Финляндия ва Бельгия миллий жамоалари Евро-2008 саралаши доирасида ўзаро куч синашди. Ўйиннинг 19-дақиқасида ҳакам ҳаракатни тўхтатиб қўйди. Сабаб - майдон атрофига бойқуш учиб келганди. У маълум муддат ҳамма-ҳаммани ўзига қаратди: аввалига Бельгия термаси дарвозаси тўсинига қўнди, кейин айлана шаклида учиб, финляндияликлар дарвозаси устидан қўним топди. 6 дақиқа давом этган «қуш томошаси» пайти ҳакамлар ҳам, футболчилар ҳам нима қилишни билмай, жимгина кузатишди. Бояқиш бойқуш бу орада ўз ўрнини икки марта ўзгартирди, аммо майдонда қолди. Муҳими, кутилмаган «меҳмон»нинг ушбу трюклари стадионда ҳозир бўлганларга жуда ёқди. Орадан маълум вақт ўтгач, мухлислар бойқушни баралла олқишлашга тушдилар: «Буби! Буби!» Якунда қуш бош ҳакам тепасидан айланиб учиб, стадион ходимлари тепасидан ҳам ўтди ва оператор орқасидаги жойга қўнди. Шу тариқа ўйин қайта жонланди.
Қизиқ, мухлислар бойқушни нима учун «Буби» ибораси билан эркалашган? Аслида стадионга учиб келган бойқуш тури лотин тилида шундай номланади, аммо мухлислар бошқа сабаб туфайли «Буби» атамасидан фойдаланишган. Гап шундаки, қуш шарҳловчиларга ажратилган жойга ҳам қўнганди. Ўша куни у ерда айнан «Буби» лақаби билан танилган финляндиялик энг машҳур шарҳловчи Брор-Эрик Валениус ишлаганди. Яна бир томони, 6 дақиқалик танаффусдан кейин жамоалар ўйинни давом эттирганида ҳам, бойқуш стадион ҳудудидан чиқиб кетмади. У Финляндия термасининг биринчи голига қадар арена ичида қолди. Қуш шундан кейингина учиб кетди ва финнлар қолган дақиқаларда яна бир гол уришди. Якунда жамоанинг Евро-2008 финал раундига чиқишига атиги 3 очко етишмади: Финляндия термаси турнир жадвалида Польша, Португалия ва Сербия жамоаларидан пастга жойлашди. Бельгия термаси эса ўшанда гуруҳда атиги 5-ўринни банд этганди.
Ўйиндан кейин бельгияликлар бойқуш парвози ортидан юзага келган танаффус ўйинга катта таъсир кўрсатганини айтишди. Финляндия терма жамоасининг ўша вақтдаги бош мураббийи Рой Хожсон ҳам бойқуш ўйин йўналишини буткул ўзгартириб юборганини тан олди. Лекин энг муҳими, финляндияликлар шу бойқушни миллий жамоанинг янги рамзи сифатида тан олишди. Кейинчалик терма жамоага «Буби» шарафига лақаб берилди. Аниқроғи, ОАВда Финляндия терма жамоасига нисбатан «бойқушлар» лақабини ишлатиш одатга айланди. Орадан 1 йил ўтгач, ҳаттоки, УЕФА расмий сайтида ҳам «Буби» билан юзага келган воқеа ҳақида алоҳида мақола ёзилди. Финляндия Журналистлари уюшмаси эса ҳаммадан ўтиб тушиб, бойқушни Хельсинкининг 2007 йилдаги асосий персонажи сифатида эътироф этди.
Энди барча ижтимоий тармоқларда Финляндия терма жамоасига нисбатан «Бойқушлар» (Huuhkajat) лақаби ишлатилмоқда. Масалан, Скандинавия жамоасининг «Твиттер»даги расмий саҳифаси ҳам бойқуш тасвири билан безатилган. Орнитологлар (қушшунослар)нинг кузатувларига қараганда, ўйин вақти ҳаммани ўзига қаратган бойқуш стадион ёнига 2006 йилнинг кузида жойлашган. У одатда кундузи стадион атрофида парвоз қилади, кечаси шу атрофлардан емиш қидиради. Умуман олганда, статистикага кўра, янги асрнинг дастлабки йилларида Хельсинки ва унинг атрофида бойқуш ҳамда бойўғли сони кўпайган. Бу Финляндия пойтахтида қуёнлар миқдори кескин ошгани билан боғлиқ. Орнитологларнинг таъкидлашларича, ушбу жонивор - бойқушлар учун идеал овқат.
Қизиқ, бойқушнинг футболга такрорий ташрифи кузатилганми? Ҳозирча йўқ. Финляндия Хавфсизлик хизмати ўтган йили кузда Польша термасига қарши кечган ўйин арафасида агар шунга ўхшаш ҳолат яна кузатилса, қуш баланд товуш воситасида қўрқитилишини маълум қилганди: «Агар овоз ёрдам бермаса, унда соқчилар «Буби»ни тўр ёрдамида ушлашга уриниб кўришади». Ҳа, бойқуш Хельсинки шаҳридаги «Олимпия» стадионида яна бир неча марта кўриниш берди, аммо футбол ўйинига бошқа халақит қилгани йўқ.
Финляндия термасига доир айрим фактлар
*** Терма жамоанинг Евро-2020га берган «заявкаси»да соф русча фамилияли футболчи бор - Роберт Иванов. Асли россиялик ҳимоячи отаси ўлимини оғир қабул қилган, ҳарбий хизматни ўтаган ва бобоси хотирасига баданига шер суратини чиздирган.
*** Финляндия миллий жамоаси ўз тарихида илк марта катта турнирга чиқди. Финнлар бунга қадар Рой Хожсон ва Яри Литманен билан ҳам Европа ёки жаҳон чемпионатига йўлланма ололмагандилар.
Д.АЛИМОВ тайёрлади













