Бир нарса аниқ: Криштиану Роналду азалдан Лионель Месси билан битта жамоада ўйнаш хоҳишини яширмаган! Евро-2020 тобора қизиётган паллада Испаниянинг AS нашри футбол олами эътиборини бирозгина чалғитди. Обрўли газетада ёзилишича, «Барcелона» шу ёзда Криштиану Роналду билан шартнома тузишга уриниб кўради. «Аср трансфери» ғояси «Барса»нинг устакор президенти Жоан Лапортадан чиққани айтилди. У Криштиану Роналду ва Лионель Мессини битта клуб байроғи остида бирлаштирган биринчи хўжайинга айланмоқчи, шекилли. Айтганча, Лапорта 2003 йили, яъни биринчи президентлик даврида ҳам Роналдуни «Спортинг»дан сотиб олишни хоҳлаганди.
Жоан Лапорта кейинчалик ўша, самарасиз биринчи уриниши ҳақида батафсил сўзлаб берганди: «Агентлардан бири бизга «Спортинг»да иқтидорли футболчи борлиги ва клуб уни «МЮ»га атиги 19 миллион еврога сотмоқчи бўлаётганинини айтди. Бу Криштиану Роналду эди. Энг қизиғи, уни бизга 17 миллионга сотиб олишни тавсия этишди, аммо ўша трансферлар бозорида Роналдиньо харидига каттагина маблағ сарфлашга улгургандик. Охир-оқибат, Роналдуни сотиб олишдан воз кечишимизга тўғри келганди».
Дарвоқе, олдинроқ Роналду ва Мессининг «Ювентус» ёки «ПСЖ»да бирга ўйнашлари эҳтимоли борлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Мана, навбат «Барселона»га келди. Таъкидланишича, Каталония суперклуби Криштиану эвазига «Ювентус»га 3 нафар футболчини таклиф қилмоқда: Антуан Гризманн, Серхи Роберто ва Филиппе Коутиньо. Туринликларда шулардан иккисини танлаш имкони бор. Энг қизиғи, Роналдунинг ўзи 2016 йили Месси билан бирга ўйнаш ниятини ошкор қилганди. «Ўйлайманки, бизни битта жамоа либосида кўриш ҳамма учун қизиқарли. Аслида буюк футболчилар бирга ўйнашлари керак», - деган эди Криштиану France Football нашрига берган интервьюсида.
Эслатма, Роналдунинг «Ювентус» билан яна 1 йиллик шартномаси бор. Бироқ португалиялик эртароқ кетишни истамоқда: у Турин клубининг якунланган мавсумдаги натижасидан зада бўлди. Месси эса «Барса» билан ҳали янги шартнома тузганича йўқ. Каталонияликлар ўз навбатида, Мессининг энг яқин дўсти Серхио Агуэрони ўз томонларига оғдиришди. Агар Роналду ҳам «Барселона» сафига қўшилса, унда Леонинг қолиши аниқ. У янги синовга тайёр, албатта. Аммо дунё футболи Роналду ва Мессини бир жойда кўришга тайёрми? Тушунарлики, «Реал» мухлислари воқеаларнинг бундай ривожини асло маъқулламайдилар. Эҳтимолки, улар бунда қаҳрамон-Роналдуни сотқин-Роналдуга чиқариб қўйишади ҳам...
Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади