Узоқ вақт давомида футбол клублари ёш футболчиларни тарбиялашга мўлжалланган болалар ва ўсмирлар академияларини ташкил қилиб келмоқдалар. Айниқса, сўнгги йилларда, ўз тарбияланувчиси орқали жамоани кучайтиришга, ҳамда кучли чемпионатларга сотиш орқали даромад қилаётган клублар кўпайиб бормоқда.
Дунё футбол мактабларида етишиб чиқаётган ва яқин кунларда ТОП-5 чемпионатларига ўтиши кутилаётган, ёш ва умидли бешта иқтидор эгаси ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
5. Яри ВЕРСАРЕН
Ёши: 19
Клуби: "Андерлехт"
Позицияси: ҳужумкор ярим ҳимоячи
Миллати: бельгиялик
2001-йилда туғилган Яри Версарен - услуби жиҳатидан германиялик Юлиан Дракслерга ўхшаб кетади. Ҳужумни севадиган бу футболчи қисқа вақт ичида, "Андерлехт" жамоаси асосий таркибида туша бошлади. Ҳозиргача жамоаси сафида 53 марта майдонга тушиб, 6 марта дарвозабонни ожиз қолдиришга эришган. Яри тезлик жиҳатдан унчалик мақтана олмайди, лекин у бошқа фазилатларга эга ўйинчи. Биринчидан, Версарен тўпни бошқаришда ўзини жуда эркин тутади, майдонга тез мослаша олади. У универсал ўйинчи, турли қанотларга ўтиб, шерикларига ёрдам беради, тўпни яширишда танасини мукаммал фойдаланиш қобилиятига ҳам эга. Иккинчидан, Версарен икки оёғидан аниқ зарба бера олади. Бу сифат унинг кўпгина футболчилардам устунлигидан далолат беради.
4. Тиаго АЛМАДА
Ёши: 19
Клуби: "Велес Сарсфилд"
Позицияси: ҳужумкор ярим ҳимоячи
Миллати: аргентиналик
Ярим ҳимояда, ҳужумчи ортида, исталган позицияда ўйнаш қобилияти, майдондаги қатъиятлилик, аргентиналик Алмадани кўплар Карлос Тевесга ўхшатишади , баъзида уни Диего Марадонага қиёслайдиганлар ҳам топилиб қолади. Тиаго атиги 19 ёшда, у шу ёшигача 60 та ўйин ўтказиб, 15та гол урган ва тўртта голли узатмани амалга ошириб улгурган. "Ювентус", "Манчестер Сити" ва Лондоннинг "Арсенал" клублари аллақачон Тиаго билан алоқага чиқиб улгуришган, аммо аргентиналик футболчи умуман бошқа жамоада ўйнамоқчи. Алмада берган интервьюсида аргентиналик мутахассис Марсело Бьелса билан машғулот ўтказмоқчи эканлигини тан олди. Демак, Тиаго яқин кунларда "Лидс" жамоаси таркибига қўшилиб қолса ҳам ажабланмаймиз.
3. Габриэль ВЕРОН
Ёши: 18
Клуби: "Палмейрас"
Позицияси: Ўнг қанот ярим ҳимоячиси
Миллати: бразилиялик
Ҳа, тўғри топдингиз. Бу ёш йигитнинг исми "Интер", "Лацио", "Манчестер Юнайтед", "Челси" ва Аргентина терма жамоасидаги ўйинлари билан машҳур бўлган афсонавий аргентиналик Хуан Себастян Веронга атаб қўйилган. Габриел "Палмейрас" жамоасининг асосий таркиб футболчиси. Унинг кучли томонлари жуда кўп: голни ҳис қилиш қобилияти, тезлик ва якунлаш. 2019 йилда Верон U-17 Жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоаси сафида қатнашиб, 7 та ўйинда 3 марта гол уришга эришган. Чемпионатнинг энг яхши футболчисига берилдиган "Олтин тўп" совринини ҳам қўлга киритди. Мутахассисларнинг фикрича, Верон яқин кунларда Англия чемпионатида пайдо бўлиши мумкин экан. Агар, бу иш амалга ошса, бу унинг фаолияти давомидаги энг муваффақиятли иш бўлади.
2. Муҳаммад ИХАТТЕРЕН
Ёши: 18
Клуби: ПСВ
Позицияси: ўнг қанот ярим ҳимоячиси
Миллати: нидерланд
"Мен ўзим ҳақимда гапиришни ёқтирмайман, лекин, менимча, менда ўзига хос қобилият бор", — деб тан олди Иххатерен бир интервьюсида.
Нидерландия футбол федерацияси вакиллари бу ёш футболчини Марокаш учун эмас, балки Нидерландия терма жамоасида ўйнашга таклиф қилишди. Муҳаммад эндигина 18 ёшга тўлди. Унинг ажойиб тезлиги, шунингдек, майдонга тез мослашувчанлик қобилияти бор. У бўйи жиҳатдан ва чап оёғи орқали зарба йўллаши орқали ватандоши Ҳаким Зиешни эслатади. Ихаттерен ҳам Зиеш каби ажойиб техникага эга футболчи. Агар сиз унинг ўйинини кўрсангиз, нега кўплаб Европа клублари унга эришолмаётганига осонгина тушунишингиз мумкин.
1. Раян ГРАВЕНБЕРХ
Ёши: 18
Клуби: "Аякс"
Позицияси: марказий ярим ҳимоячи
Миллати: нидерланд
Раян ҳимоя зонасида, ярим ҳимоянинг марказида ва ҳужумчи ортида ўйнай оладиган баланд бўйли ярим ҳимоячи ҳисобланади. Жорий мавсумда "Аякс" сафида деярли барча учрашувларда майдонга тушиб, 3 та гол уришга ҳам эришган. Нидерландиялик футболчи аллақачон Европанинг кўпгина гранд жамоалари эътиборига тушган. Яқин келажакда топ-5 чемпионатларининг бирида пайдо бўлиш эҳтимоли жуда юқори. Ярим ҳимоячилар одатда ҳужум бошлаб бериш, яхши пас бериш ва бирга-бир вазиятларда ютиб чиқиш қобилиятига эга бўлишади. Гравенберхда шу хислатларнинг барчаси бор дейиш мумкин. Унинг ўйинини томоша қилсангиз, худди тажрибали футболчилар каби ўйин кўрсатади. Ёш бўлишига қарамасдан, майдон марказида ишончли ҳаракат қилади ва жамоани бошқара олади. Ишонинг, сиз яқин кунларда Раянни Европанинг энг яхши жамоаларидан бирида кўрасиз.